14 август куни “Жар” стадиони тарихий ва эҳтиросли футбол кечасига гувоҳ бўлади. Бу сафар ўйин “Пахтакор-79” жамоаси хотирасига бағишланиб, ўзбек футболи афсоналари Россия терма жамоаси собиқ юлдузларига қарши майдонга тушади.
Кеча “шерлар” матбуот хизмати катта қизиқиш уйғотган ушбу баҳсда майдонга чиқадиган футболчилар рўйхатини эълон қилди.
Ўзбекистон шарафини Игнатий Нестеров, Ғулом Ҳалимтоев, Анвар Ғофуров, Бахтиёр Ашурматов, Абдумажид Тоиров, Тимур Кападзе, Сервер Жепаров, Одил Аҳмедов, Миржалол Қосимов, Азамат Абдураимов, Равшан Эрматов, Маъмур Икромов, Шерзод Шарипов, Шуҳрат Мақсудов, Ҳикмат Ҳошимов, Шавкат Насибуллаев, Павел Соломин, Камолиддин Мурзоев, Одил Исабоев, Бекзод Маматқулов, Игорь Шквирин, Собир Ходиев, Мурод Алиев ва Жафар Ирисметов каби машҳур ва халққа яхши таниш номлар ҳимоя қилади.
Россия сафида эса Ринат Дасаев, Дмитрий Аленичев, Егор Титов, Валерий Шмаров, Сергей Кирьяков каби СССР ва Россия футболи тарихида алоҳида ўрин эгаллаган афсоналар майдонга тушиши кутилмоқда. Улар орасида Европа ва жаҳон мусобақаларида қатнашиб, совриндор бўлган, кўп йиллик тажрибага эга юлдузлар бор. Масалан, Дасаев ўз вақтида дунёнинг энг яхши дарвозабони сифатида эътироф этилган ва “ФИФА 100” рўйхатига киритилган. Аленичев эса УЕФА Кубоги ва Чемпионлар Лигаси финалларида гол урган кам сонли футболчилардан.
Шу билан бирга, рўйхатда юқори даражада ўйнаган, аммо кенг жамоатчилик орасида унчалик машҳур бўлмаган собиқ футболчилар ҳам бор — масалан, Александр Черкес ва Виталий Булига. Қолганлар эса асосан ички мусобақаларда фаолият юритган, РПЛда кўп ўйин ўтказмаган ёки умуман профессионал даражада тўп тепмаганлар ҳам мавжуд.
Энг қизиқарлиси, Россия жамоаси таркибида профессионал футбол тарихига эга бўлмаган Олег Девиченко ҳам бор — у Орлов вилоятидан бўлган тадбиркор сифатида танилган.
Шубҳасиз, Дасаев, Аленичев, Титов, Шмаров ва Кирьяков каби юлдузлар иштирокидаги ушбу учрашув мухлислар учун катта футбол байрамига айланади. Бир майдонда турли авлод ва тажрибани намоён этадиган футболчилар тўқнашуви томошабинларга ҳам завқ, ҳам хотиралар олиб келиши шубҳасиз.
Манба: championat.asia
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!