Муборакнинг шарафини ҳимоя қилаётган “Машъал” клуби таркиби яна бир тажрибали ва номдор ўйинчи билан тўлди. Рио-де-Жанейро Олимпиадасидаги ёрқин ўйинлари билан мухлислар хотирасида қолган нигериялик вингер Умар Амину расман муборакликлар сафига қўшилди.
Кеча жамоанинг Жиззахда ўтган навбатдаги машғулотида 30 ёшли футболчи учун анъанавий “жонли коридор” маросими ўтказилди. Бу маросим орқали янги ўйинчи жамоа муҳитига кириб борди ва янги сафдошлари билан яқиндан танишди.
Эслатиб ўтамиз, Амину “Машъал” билан бир йиллик шартнома имзолаган эди. Унинг ўйин тажрибаси ва бой карьераси жамоага ҳужумда янги куч қўшиши кутиляпти. Нигериялик футболчи ўз фаолияти давомида Туркиянинг бир қатор клубларида — “Самсунспор”, “Османлиспор”, “Ризеспор”, “Бодрум”, “Бандирмаспор”, “Тузласпор”, “Бейкоз Анадолу” жамоаларида майдонга тушган. Шунингдек, у Кипрнинг “Миракл Дегирменлик” клуби шарафини ҳам ҳимоя қилган.
Маълумот учун, Умар Амину 2016 йил Риода бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларида Нигерия терма жамоаси таркибида бронза медали соҳиби бўлган. Бу ютуқ унинг халқаро даражадаги энг катта муваффақиятларидан бири ҳисобланади.
Мухлислар Аминунинг “Машъал” сафидаги илк ўйинини орзиқиб кутишмоқда. Чунки унинг тезкорлиги, дриблинги ва ҳужумдаги тажрибаси жамоа учун катта қўшимча куч бўлиши шубҳасиз. Эндиликда савол шу: Олимпиада қаҳрамони янги клубида ҳам ўзига хос ўйин услубини намоён қилиб, мухлислар эътиборини яна бир бор қозона оладими?
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!