date

Фарғонада “Нефтчи” ва “Насаф” ўртасида тарихий тўқнашув кутилмоқда

Фарғонада “Нефтчи” ва “Насаф” ўртасида тарихий тўқнашув кутилмоқда

Бугундан бошлаб Суперлиганинг 18-тур баҳсларига расман старт берилади. Мусобақа ҳафтанинг турли кунларига ёйилган бўлса-да, асосий диққат маркази эртага кечаси жойлашган. Чунки шу кун тартибида бир эмас, бирданига икки йирик ва марказий беллашув мухлислар эътиборига ҳавола этилади.

Шулар ичида энг катта қизиқиш уйғотаётгани, шубҳасиз, чемпионлик пойгасидаги кескин курашнинг навбатдаги босқичи — Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида “Нефтчи” ва турнир жадвалида карвонбоши бўлиб турган “Насаф” ўртасидаги баҳс ҳисобланади. Икки жамоа тарихий рақобатга эга ва уларнинг ҳар бир тўқнашуви ўзига хос драматизм ҳамда қизғин муҳит билан ёдда қолади.

Статистик маълумотларга назар ташласак, шу вақтгача Суперлига доирасида “Нефтчи” ва “Насаф” Фарғонада жами 26 марта ўзаро кучини синовдан ўтказган. Шундан 12 та ўйинда мезбонлар — “Нефтчи” ғалаба қозонган, 10 та баҳс дуранг билан якунланган, 4 марта эса “аждарлар” деб аталадиган қаршиликлар майдондан юзда кулгу билан тарк этган.

Қизиғи шундаки, “Насаф” охирги марта Фарғонадаги 3 очкони 2017 йилги мавсумда қўлга киритган. У пайтда қаршиликлар “Нефтчи”ни 0:3 ҳисобида мағлуб этган ва ўша натижа ҳозиргача тарих саҳифасида қолиб келмоқда.

Сўнгги 6 ўйиндаги натижаларга тўхталсак:

  • 22.11.2024. “Нефтчи” – “Насаф” 2:0

  • 02.07.2023. “Нефтчи” – “Насаф” 2:1

  • 22.06.2022. “Нефтчи” – “Насаф” 1:1

  • 22.09.2018. “Нефтчи” – “Насаф” 3:1

  • 01.03.2018. “Нефтчи” – “Насаф” 0:0

  • 13.10.2017. “Нефтчи” – “Насаф” 0:3

Эртага соат 19:00да старт оладиган мазкур баҳс нафақат жадвалдаги очколар, балки жамоаларнинг психологик устунлиги учун ҳам жуда муҳим. Фарғона мухлислари ўз жамоасини қўллаб-қувватлаш учун “Истиқлол” трибуналарини тўлдириши кутилмоқда.

Шубҳасиз, бу тўқнашув нафақат статистика ва тарих билан, балки жонли эҳтирослар, мухлислар овози ва ҳар бир тўп учун бўладиган кескин кураш билан ҳам ёдда қолади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Фарғонада “Нефтчи” ва “Насаф” ўртасида тарихий тўқнашув кутилмоқда