Аргентина футболидаги энг буюк юлдузлардан бири Лионель Мессининг болалик даври, нафақат футбол саҳнасидан, балки соғлиқ билан боғлиқ жиддий синовлардан ҳам иборат бўлган. Унинг болаликдаги шахсий шифокори Диего Шварцштайн яқинда “Super Express”га bergan интервьюсида ўша йиллардаги воқеаларни тўлиқ баён қилди.
Илк ташхис ва оғир қарорлар
Шварцштайннинг сўзларига кўра, у Мессини ўзининг севимли клуби — “Ньюэллс Олд Бойз” раҳбарлари орқали танишган. “Улар минглаб болалар борлигини, аммо бу бола истеъдод жиҳатидан ажралиб туражагини айтди. Лео ўшанда атиги 10 ёшда эди ва бўйи жуда паст — 125 сантиметрдан ҳам кичик,” — дейди у.
Тўрт ой давом этган текширувлар натижасида Мессининг организмида ўсиш гормони етарли даражада ишлаб чиқилмаслиги аниқланди. Бу ҳолат ҳар 20 минг боладан фақат биттасида учрайди. Оила молиявий жиҳатдан қийин аҳволда бўлгани учун муолажа янада мураккаблашди.
Муолажалар ва руҳий куч
Шварцштайн Леони уч йилдан ортиқ даволаганини, ҳар куни қўл ёки оёққа гормон уколи қилиш лозим бўлганини айтди. “У ҳеч қачон шикоят қилмас, мақсади аниқ эди — юқори даражада футбол ўйнаш,” — дейди шифокор. Муолажалар тўрт йил давом этди ва умумий ҳисобда 1400 та укол қилинди.
Молиявий инқироз ва ҳал қилувчи бурилиш
2000-2001 йилларда Аргентинадаги иқтисодий танглик туфайли муолажа хавф остида қолди. Ойига 1300 долларлик харажатни қоплаш қийинлашди. Шварцштайн ўша пайтда ўқишда бўлган Барселонага кўчиб ўтиш таклифини берди. Каталония клуби харажатларнинг бир қисмини қоплади, аммо даволашнинг 70 фоизи Аргентинадаёқ амалга оширилган эди.
Шифокорнинг баҳоси
Шварцштайнга кўра, бу муолажа ҳеч қандай “допинг” эмас. “Биз фақат унинг имкониятларини тенглаштирдик. Агар дори бўлмаганида, у 10-15 сантиметр паст бўларди ва ҳозирги даражага яқинлаша олмасди,” — дея таъкидлади у.
Хотира ва ҳурмат
Месси билан охирги суҳбат 2014 йилда бўлган. Шварцштайн “Барселона” ўйинларига боргани, унинг отаси билан яхши муносабатда эканини айтиб ўтди.
Шу тариқа, Мессининг бугунги буюк карьераси ортида нафақат унинг истеъдоди ва меҳнати, балки болаликда унга ишонган ва ёрдам қўлини чўзган инсонлар — айниқса, шифокори Шварцштайннинг ҳам улкан ҳиссаси бор.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!