Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийи Владо Радманович Эронга қарши бўлиб ўтган CAFA Nations Cup-2025 финалидан кейин ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
— Финал тўғрисидаги таассуротларингиз...
— Жуда мароқли ва ҳаяжонли финал кечди. Ишончим комилки, ушбу "драма" мухлисларимизга ҳам ёққан бўлса керак. Эрон таркибида бир футболчи майдондан четлатилганига қарамай, биз ғалабага муносиб эдик.
— Сўнгги вақтларда ЎФА миллий жамоага хорижлик мураббий жалб этиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Тимур Кападзе матбуот анжуманларидан бирида ўз шартномаси ноябрь ойига қадар амал қилишини айтганди. Мураббийлар штаби, жумладан, сиз билан ҳам битим ноябрда тугайдими?
— Бу масала бўйича ҳеч нарса дея олмайман. Бу ҳақда аниқ маълумотга эга эмасман. Саволингизни ЎФАга йўналтирсангиз тўғрироқ бўлади.
— Сречко Катанец билан алоқадасизми? Унинг соғлиги ҳақида нима дейсиз?
— Биз мунтазам равишда боғланиб турамиз. Афсуски, унинг ҳозирги ҳолати яхши эмас. Лекин умид қиламанки, у тез орада соғайиб кетади ва яна футбол билан яқиндан шуғулланиш имкониятига эга бўлади.
Шу тариқа, Радманович финал баҳсида жамоа ғалабага ҳақли бўлганини таъкидлаб ўтди ҳамда Сречко Катанецнинг соғлиги юзасидан ташвишларини билдириб, унга тез шифо тилади.
Манба: Championat.asia
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!