Жанубий Корея терма жамоаси етакчиси Сон Хин Мин Бразилияга қарши бўлиб ўтган ўртоқлик учрашувида (0:5) янги рекордга эришди. Ушбу баҳс 33 ёшли футболчи учун миллий терма сафидаги 137-ўйин бўлди.
Шу тариқа Сон Хин Мин Корея футболи афсоналари — Чҳа Бом Гин ва Ҳон Мён Бонинг (136 тадан ўйин) натижаларини ортда қолдирди. Энди у мамлакат терма жамоаси тарихида энг кўп майдонга тушган футболчи сифатида янги тарих яратди.
Сон миллий жамоа билан 2010 йилдан буён ҳаракат қилиб келмоқда. Бу давр мобайнида у терма сафида 53 та гол урди ва 24 та голли узатма муаллифига айланди. Унинг ҳар бир ўйини нафақат мухлислар учун, балки бутун Корея футболи учун муҳим воқеага айланиб келган.
Бразилияга қарши кечган баҳсда Сон жамоа етакчиси сифатида катта тажриба ва фидойилик намойиш этди, гарчи натижа кутилгандек бўлмаса ҳам. Мутахассислар унинг термадаги фаолиятини юқори баҳолаб, бу рекордни замонавий Корея футболи тарихидаги энг муҳим воқеалардан бири сифатида қайд этмоқда.
Маълумот учун, Сон Хин Мин жорий мавсумда АҚШ чемпионати — МЛСда “Лос-Анжелес” клуби сафида 9 та учрашувда майдонга тушди ва бу беллашувларда 8 та гол ҳамда 3 та ассист қайд этди.
Соннинг фаолияти нафақат рекордлар билан, балки жамоавий фидойилик, етакчилик ва мамлакат футболи ривожига қўшган ҳиссаси билан ҳам ёдда қолмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!