Теннис дунёсида ўзига хос рекорд қайд этилди — америкалик Артур Линд ва австралиялик Ҳенри Янг теннис тарихидаги энг ёши катта икки рақиб сифатида баҳс ўтказишди. Улар иштирок этган ўйинда иштирокчиларнинг умумий ёши 199 йилни ташкил этди. Бу ҳақда Халқаро теннис федерацияси (ITF) ўз ижтимоий тармоқларида маълум қилди.
102 ёшли Ҳенри Янг ва 97 ёшли Артур Линд 90 ёшдан ошган теннисчилар иштирок этган ITF World Championship чоракфиналида баҳсга чиқишди. Ғалаба ёшроқ теннисчи — Линдга насиб этди, у рақибини 6:1, 6:2 ҳисобида мағлуб этди.
Бу беллашув нафақат рекорд ёш билан, балки икки спортчидаги ирода ва кучнинг намунаси билан ҳам ёдда қолди. Ҳар иккиси учун теннис нафақат спорт, балки ҳаёт тарзи эканини исботлади.
Маълумот учун, Ҳенри Янг 2023 йилда ҳам тарих яратган — у Малёркада бўлиб ўтган ITF турнирида иштирок этган 100 ёшли илк теннисчи сифатида рекорд ўрнатган эди.
Шундай қилиб, Линд ва Янгнинг бу баҳси теннис тарихида нафақат ёш, балки инсон руҳи ва севимли ишга бўлган муҳаббат билан ҳам ёдда қолди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!