date

Кубок финалидаги баҳсли қарорлар ЎФАда таҳлил қилинди

Кубок финалидаги баҳсли қарорлар ЎФАда таҳлил қилинди

Ўзбекистон футбол ассоциациясида мамлакат кубоги финалида ҳакамлар томонидан қабул қилинган қарорлар юзасидан кенг муҳокама бўлиб ўтди. Тадбирда ҳакамлар маркази раҳбарияти, экспертлар, ОАВ ва спорт журналистлари иштирок этди, деб хабар берди ташкилот матбуот хизмати.

Йиғилишда Ўзбекистон футбол ҳакамлар маркази раҳбари вазифасини бажарувчи Маъмур Саидқосимов сўзга чиқиб, финал учрашувида кузатилган баҳсли эпизодлар ҳақида ўз фикрларини билдирди. Унга кўра, “Пахтакор” ва “Бухоро” ўртасидаги беллашувда ҳакамлар ҳаракатлари алоҳида таҳлил қилинган ва ҳар бир қарор ВАР ёрдамида қайта кўриб чиқилган.

“Ҳакам финалдан икки кун олдин Термиздаги ўйинда ишлагани — кичик, лекин аҳамиятли хато бўлди. Буни мен шахсан тан оламан. Кўпчилик хорижлик ҳакам чақириш керак деб ҳисоблади, аммо менинг фикримча, биздаги рефериларнинг савияси юқори. Улар халқаро мусобақаларда ҳам яхши баҳоланмоқда. Масалан, Аскер Нажафалиев Индонезия чемпионатида бир неча ҳал қилувчи ўйинларда ишлади, Танташев БААда таклифда, Хитойда эса уч марта фаолият олиб борди”, – деди Саидқосимов.

Унинг таъкидлашича, маҳаллий ҳакамлар халқаро майдонда ўзини намойиш этаётган бир пайтда, уларга ишонч билдириш муҳим омил ҳисобланади.

Йиғилишда финал учрашувининг 75-дақиқасида “Пахтакор” футболчиси Башар Ресан томонидан содир этилган қўпол фол атрофида баҳс бўлди. ВАР аралашувидан сўнг бош ҳакам Найим Қосимов вазиятни қайта кўриб чиққан бўлса-да, қарорини ўзгартирмаган ва фақат сариқ карточка билан чекланган. Шунингдек, 93-дақиқада “Бухоро” жамоасининг бекор қилинган голи ҳам муҳокама марказида бўлди.

Эксперт ҳакамлар гуруҳи ушбу вазиятда бош ҳакамнинг қарорини нотўғри деб топди. Улар фикрича, Ресаннинг ҳаракати рақибга жиддий хавф туғдирган ва у ҳолат қизил карточкага тўлиқ асос бўлган.

Аскер Нажафалиев йиғилишда ўз позициясини ҳимоя қилди: “Мен ҳали ҳам фикримда қоламан. ‘Кўк либосдаги футболчи бутсасининг таг қисми билан рақибнинг ҳимояланмаган оёғига ўйнаган — бу тўғридан тўғри қизил карточка’. Гол бекор қилинган вазиятда эса икки футболчи — Колакович ва Табатадзе офсайдда эди”, деди у.

Бош ҳакам Найим Қосимов эса ўз қарорини шундай изоҳлади: “Бу вазият сариқ ва қизил карточка ўртасидаги чегара эди. Мен сариқни маъқул деб ҳисобладим”.

Маъмур Саидқосимов эса йиғилиш якунида қўшимча қилди: “Энг муҳим жиҳат — Ресаннинг оёғи тўпнинг устидан ўтиб кетгани эътиборга олинмаган. Бу ҳолатда қизил карточка берилиши керак эди. Ҳакам хато қилди, буни тан оламиз”.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон кубоги финалида “Пахтакор” ва “Бухоро” жамоалари тўқнаш келган эди. Беллашувда тошкентликлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, кубокни қўлга киритишган.

Финалдан кейинги муҳокамалар яна бир бор шуни кўрсатдики, миллий чемпионатда ҳакамлик маданиятини такомиллаштириш ва ВАР тизимидан тўғри фойдаланиш бўйича ишларни кучайтириш талаб этилади. Футбол мухлислари эса шундай очиқ муҳокамалар орқали ҳакамлар фаолиятида шаффофлик ортганини таъкидлашмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Кубок финалидаги баҳсли қарорлар ЎФАда таҳлил қилинди