date

«Галатасарой» Лионел Мессини 4 ойга ижарага олмоқчи

«Галатасарой» Лионел Мессини 4 ойга ижарага олмоқчи

Истанбулнинг машҳур клуби «Галатасарой» футбол оламини яна бир сенсация билан ҳайратда қолдириши мумкин. Турк матбуотининг хабар беришича, жамоа раҳбарияти 2026 йилги жаҳон чемпионати олдидан Америкадаги МЛС мусобақаси танаффусидан фойдаланиб, Лионел Мессини қисқа муддатга жамоага қўшиб олиш ниятида. Бу ҳақда Transfer TV нашри ёзмоқда.

Маълумотларга кўра, 38 ёшли аргентиналик юлдуз ҳозирда «Интер Майами» сафида ўйнамокда ва мусобақалар орасидаги танаффусни Европада ўтказиши мумкин. «Галатасарой» раҳбарияти айнан шу даврдан унумли фойдаланиб, Мессини тўрт ойга ижара асосида жамоага қўшиш учун музокара бошлаган.

Манбаларнинг ёзишича, Истанбул клуби Мессининг ўзи ва унинг атрофидаги одамлар билан аллақачон бевосита алоқа ўрнатган. Туркияликлар бу келишув орқали нафақат жамоа салоҳиятини ошириш, балки чемпионатга бўлган қизиқишни ҳам кучайтиришни кўзламоқда.

Қайд этилишича, «Галатасарой» Мессининг 4 ойлик фаолияти учун 10 миллион евро миқдорида маош тўлашга тайёр. Клуб раҳбарияти бу маблағни ўз вақтида таъминлаш учун алоҳида молиявий режа тайёрлаганини ҳам маълум қилган.

Кўпчилик экспертлар фикрига кўра, бундай таклиф Месси учун қизиқ бўлиши мумкин, чунки Туркия чемпионатидаги юқори темп ва мухлислар муҳити унга жаҳон чемпионати олдидан яхши машқ имконини беради. Шу билан бирга, «Галатасарой» учун ҳам бу трансфер маркетинг жиҳатдан катта ютуқ бўлади.

Клуб скаутлари Мессининг «Интер Майами»даги ҳар бир ҳаракатини синчиклаб кузатмоқда ва унинг жисмоний ҳолати, ўйин тезлиги ҳамда майдондаги фаолияти ҳақида мунтазам ҳисобот бериб туришмоқда.

Ҳозирча тарафлар ўртасида расмий келишув имзоланмаган бўлса-да, агар музокаралар ижобий якунланса, Месси 2026 йил бошида Туркияга йўл олиши мумкин.

Бу таклиф амалга ошса, Лионел Месси ўз карьерасида илк бор Туркия чемпионатида тўп суради ва бу «Галатасарой» учун ҳам, бутун турк футболи учун ҳам катта воқеа бўлиши шубҳасиз.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Галатасарой» Лионел Мессини 4 ойга ижарага олмоқчи