
2026 йилги ФИФА Жаҳон чемпионатига тайёргарлик қизғин давом этар экан, мусобақага бўлган қизиқиш бутун дунё бўйлаб жуда тез ёйилмоқда. ФИФАнинг расмий маълумотига кўра, мусобақа учун чиқарилган дастлабки икки миллионта чипта аллақачон сотилиб бўлди. Бу ҳолат ЖЧ-2026ни тарихдаги энг оммавий ва энг инклюзив чемпионат сифатида яна бир бор тасдиқламоқда.
Маълум қилинишича, чипталарни 200 дан ортиқ давлат ва ҳудуддан келган футбол ишқибозлари харид қилган. Дунё бўйлаб миллионлаб мухлислар мусобақанинг янада улкан кўламда, янги форматда ўтиши ва 48 та терма жамоа иштирок этиши туфайли бу чемпионатни ўз кўзлари билан кўришга ҳаракат қилмоқда.

Дастлабки сотувлар давомида энг кўп чипта сотиб олганлар орасида табиийки, мезбон мамлакатлар — Канада, Мексика ва АҚШ ишқибозлари пешқадамлик қилди. Ушбу давлатларда ўйинлар сони ҳам кўп бўлгани боис, маҳаллий фанатлар ўз стадионларида ўтказиладиган ўйинлар учун имкониятни ютқазиб қўймасликка ҳаракат қилмоқда.
ФИФА навбатдаги сотув босқичи қуръа ташлаш маросимидан сўнг — 11 декабр куни бошланишини маълум қилди. Бу босқичда чипталар FIFA.com/tickets орқали қайта сотувга чиқарилади ва катта эҳтимол билан яна бир бор рекорд даражада талаб кузатилади.
2026 йилги Жаҳон чемпионати футбол тарихида янги саҳифа очиши кутиляпти. Мусобақа илк бор уч мамлакат — АҚШ, Канада ва Мексикада биргаликда ўтказилади. Мухлислар орасидаги шиддатли қизиқиш эса бу оламшумул тадбирга бўлган ишонч ва шавқнинг жуда баланд эканини кўрсатмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.