
«Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола нима сабабдан клубда ишлашни давом эттираётганини очиқчасига тушунтириб ўтди. Испаниялик мутахассисга кўра, уни олдинга ундаётган асосий омил — жамоада доимий янгиланиш ва янги юзларнинг пайдо бўлиши.
— Мени доим янги ходимлар, янги футболчилар илҳомлантиради. Агар 10 йил давомида бир хил одамлар билан ишлаганимда, мен улардан чарчаган бўлардим. Ростини айтсам, улар мендан қанчалик чарчаган бўлиши мумкинлигини ҳам тасаввур қила олмайсиз, — деди Гвардиола матбуот анжуманида.
У сўнгги пайтларда жамоага қўшилган футболчиларни алоҳида таъкидлаб ўтди. Гвардиола Ҳусанов, Рейс, Эчеверри, Мармуш, Аит-Нури, Нико Гонсалес ва бошқа янги ўйинчиларнинг келиши жамоада мутлақо янги муҳит ҳосил қилганини қайд этди.
— Мен уларнинг жамоага мослашиши, ўйин услубимизни тушуниб олиши ва янада яхшироқ футболчига айланишига ёрдам беришни истайман. Шу жараённинг ўзи мени доимий равишда ривожланишга ундайди, — деди мураббий.
Гвардиоланинг таъкидлашича, «Сити»да ишлаётган йиллари давомида жамоа бир жойда қотиб қолмаган. Тактика ҳам, таркиб ҳам, ўйин фалсафаси ҳам мунтазам ўзгариб борган.
— Биз ҳозир аввал қилган ишларимизни умуман бажармаяпмиз. Агар шу йиллар давомида бир хил тактика ва бир хил таркиб сақланиб қолганида, мен бу ерда 10 йил ишлаб қолмаган бўлардим. Ҳеч қачон, — дея қатъий фикр билдирди у.
Маълумот ўрнида, испаниялик мутахассис «шаҳарликлар»ни 2016 йил ёзидан буён бошқариб келмоқда. Ўтган мавсумда у клуб билан 2027 йил ёзига қадар мўлжалланган янги шартномани имзолади.
Шунингдек, «Манчестер Сити»нинг «Вест Ҳэм»га қарши учрашуви бугун, 20 декабрь куни Тошкент вақти билан соат 20:00 да старт олади. Аввалроқ Гвардиола эҳтимол, 75 ёки 76 ёшида клуб билан хайрлашиши мумкинлигини ҳам ҳазиломуз тилга олган эди.
Хулоса битта: янги футболчилар — Гвардиола учун янги мотивация, янги энергия ва янги ғалабалар демак.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.