
Туркия Суперлигасининг 17-тури доирасида "Истанбул Башакшеҳир" ўз майдонида "Газиантеп"ни мағлуб этган учрашувдан сўнг мезбонлар бош мураббийи Нури Шаҳин жамоа етакчиларидан бири — Элдор Шомуродовнинг ўйини ҳақида жуда илиқ фикрлар билдирди.
Шаҳиннинг айтишича, у жамоага келгунига қадар Шомуродов асосан қанот ҳудудида ҳаракат қилган. Бироқ мураббийлар штаби ҳужумчининг имкониятларини чуқур таҳлил қилган ҳолда, уни марказий ҳужумчи сифатида кўпроқ ишлата бошлаган. Бу қарор ўзини тўлиқ оқлаган.
“Ҳужумчилар турли услубда ўйнайди. Элдорнинг эса ўйинни ўқиш қобилияти, ақлий салоҳияти жуда юқори. Биз уни марказга ўтказиб, кўпроқ эркинлик бердик. Бу жамоа учун кўп нарсани енгиллаштирди. У жуда маҳоратли ва фойдали футболчи”, — деди Нури Шаҳин матбуот анжуманида.
Мутахассислар фикрича, Шомуродовнинг марказдаги ҳаракатлари нафақат голлар, балки бутун ҳужум чизиғининг самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатмоқда. У тўпни ушлаб туриш, шерикларини ўйинга жалб қилиш ва ҳал қилувчи дақиқаларда тўғри қарор қабул қилиш билан ажралиб турибди.
Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов айни пайтда Туркия чемпионатида ажойиб формада ҳаракат қилмоқда. У Суперлигада 12 та гол ва 3 та голли узатма билан тўпурарлар пойгасида пешқадамлик қиляпти. Бу кўрсаткичлар унинг жорий мавсумдаги энг барқарор ва самарали ҳужумчилардан бири эканини яққол тасдиқлайди.
Мухлислар эса Шомуродовнинг бундай ўйини нафақат “Башакшеҳир”, балки Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун ҳам катта умид бағишлаётганини таъкидлашмоқда.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.