
АПЛнинг 19-турида «Манчестер Сити» «Сандерленд» майдонида 0:0 ҳисобида тўхтаб қолди. Гол бўлмади, аммо ўйиндан кейин Пеп Гвардиола энг кўп гапирган инсон — Родри бўлди.
Испаниялик яримҳимоячи танаффусдан сўнг майдонга тушди ва иккинчи бўлимда 45 дақиқа ичида 52 та аниқ пас узатиб, «Сити»нинг ўйинига “ҳаво” қўшди. Гвардиолага кўра, 2024 йилги «Олтин тўп» соҳиби жамоа ҳаракатларини бир зумда тартибга солган.
«У ўйинни ўзгартирди. 45 дақиқа ичидаёқ ўз позициясида энг яхшиси эканини исботлади. Тўпни жарима майдонимиздан узоқлаштиришга қийналдик, Родри билан эса бу муаммо анча камайди. У чизиқларни ёриб ўтди, ҳаракатимиз яхшиланди. Бир ярим йил давомида уни жуда соғиндик ва умид қиламанки, Родри жамоада қолиб, бизни янада кучлироқ жамоага айлантиради», — деди Пеп.
Қисқаси, «Сити» ғалабани ола олмади, лекин Родрининг қайтиши “катта плюс” бўлди. Бу дурангдан кейин «шаҳарликлар» 41 очкога чиқди ва пешқадам «Арсенал» (45 очко) билан фарқ 4 очкога етди. Энди эса «Сити» учун асосий савол битта: Родри қайтди — демак, юриш ҳам бошланадими?
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.