«Ал-Наср» мураббийи Роналду нега дам олаётганини айтди

«Ал-Наср» бош мураббийи Жорже Жезуш Криштиану Роналдунинг яқинлашиб келаётган учрашувда майдонга тушмаслиги сабабини изоҳлади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Ар-Риёд клуби чоршанба куни ОФК Чемпионлар лигаси доирасида «Аркадаг»га қарши баҳс ўтказади. Португалиялик юлдуз ҳужумчи тез орада майдонга қайтиши кутилаётгани айтилган бўлса-да, бу ўйинда у яна жамоага ёрдам бера олмайди.
«Тақвим жуда тиғиз. Шу боис Роналдуга ва асосий таркибдаги айрим футболчиларга дам бердик — олдинда «Ал-Фатеҳ»га қарши муҳим учрашув бор», — деди Жезуш. Унинг сўзларини Al Nassr Zone келтирди.
Мутахассиснинг таъкидлашича, Роналдунинг сафар ўйинларини ўтказиб юбориши янгилик эмас: у Саудия Арабистонидан ташқарида бўладиган айрим баҳсларда аввал ҳам қатнашмаган.
Саудия чемпионати доирасидаги «Ал-Фатеҳ» — «Ал-Наср» учрашуви шанба, 14-февраль куни бўлиб ўтади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!