Виталий Денисов Россия ва Ўзбекистон ўйинини кўришни истайди

Ўзбекистон терма жамоаси ва Тошкентнинг “Локомотив” клуби сафида тўп сурган собиқ ҳимоячи Виталий Денисов Ўзбекистон ҳамда Россия терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказилишини хоҳлашини айтди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Денисовнинг фикрича, бундай баҳс ҳар икки жамоа учун ҳам катта фойда беради. У Ўзбекистон учун Россия муносиб рақиб эканини таъкидлади ва учрашув Россияда ҳам, Ўзбекистонда ҳам тўла стадионларда ўтишига ишонч билдирди. Metaratings.ru унинг сўзларини келтирди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Россия терма жамоалари тўрт йил аввал илк бор ўзаро майдонга тушганди. Тошкентдаги “Пахтакор” аренасида ўтган ўртоқлик ўйини ўшанда 14 мингдан сал кўпроқ мухлисни жамлаган эди.
Россия терма жамоаси 2022 йилдан буён халқаро мусобақаларда қатнашиш имконидан маҳрум. Шу сабаб жамоа асосан ўртоқлик учрашувлари билан чекланиб келмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!