date

"Интер"нинг қулаши ортидан Италия футболида хавотирли қўнғироқ янгради

"Интер"нинг қулаши ортидан Италия футболида хавотирли қўнғироқ янгради

Европа Чемпионлар лигаси плей-офф босқичида Норвегиянинг “Будё-Глимт” клубига икки ўйинда ҳам мағлуб бўлиб, мусобақани кутилмаган тарзда эрта тарк этган “Интер” Италияда қаттиқ танқид остида қолди. Миланликлардан жуда катта умид қилинган эди, ҳатто кўпчилик уларни финалгача етиб борадиган жамоалардан бири сифатида кўраётганди. Аммо воқелик бутунлай бошқача чиқди.

Совуқ Норвегиядаги дастлабки тўқнашувда 1:3 ҳисобида ютқазган “Интер” ўз майдонида вазиятни ўнглаши, ҳеч бўлмаса камбек учун жиддий кураш кўрсатиши кутилган эди. Бироқ “Жузеппе Меацца”да ҳам сценарий миланликлар фойдасига ўзгармади — аксинча, “Будё-Глимт” яна бир бор тартиб, интизом ва совуққонлик билан рақибини ерга туширди.

Учрашувда “Интер”нинг аламли лаҳзалари кўп бўлди. Мануэль Аканжининг қўпол хатосидан кейин Йенс-Петтер Хеуге 58-дақиқада ҳисобни очди. Бу гол мезбонларни янада босим остига қўйди. 72-дақиқада эса Хокон Эвьен Ян Зоммерни иккинчи бор ожиз қолдириб, “Интер”нинг умидларини янада сўндирди.

Қолган вақтда Алессандро Бастони ҳисобни қисқартирди, аммо бу гол фақат статистика учун хизмат қилди, холос. Икки ўйин натижасига кўра, норвегияликлар 5:2 ҳисобида умумий ғалабани расмийлаштирди ва мутлақо муносиб тарзда кейинги босқичга чиқди.

Учрашувдан кейин “Интер” сардори Николо Барелла жамоани ҳимоя қилишга уринди. У рақибнинг икки ўйинда ҳам ғалаба қозонгани тасодиф эмаслигини тан олди, аммо жамоа кўпроқ ўз хатолари туфайли жазоланганини айтди.

— “Будё-Глимт” иккала ўйинда ҳам ютди, демак улар кейинги босқичга лойиқ. Аслида улар бизга катта муаммо туғдирмади, биз индивидуал хатолар туфайли гол ўтказдик. Барча турнирларда курашишни истагандик, лекин улар яхшироқ ўйнади, — деди Барелла.

Бош мураббий Кристиан Киву ҳам рақибга тан берди. Унинг айтишича, “Интер” қўлидан келганча барча вариантларни синаб кўрган, лекин бугун рақиб шиддат, темп ва ташкилотчилик борасида устун чиққан.

— Биз жуда яхши ташкил этилган жамоага қарши ҳамма нарсани синаб кўрдик. Афсуски, бугун биздан кўра анча шиддатли жамоага дуч келдик ва уларни табриклашимиз керак, — деди Киву.

Бу мағлубиятдан кейин Италия матбуоти қаттиқ хавотир сигналларини бера бошлади. Кўпчилик мамлакат футболи инқирозга юз тутяптими, деган саволни қўймоқда. Чунки амалдаги чемпион “Наполи” ҳам Чемпионлар лигасининг умумий босқичидан ўта олмади. “Ювентус” эса плей-оффнинг биринчи учрашувида “Галатасарой”дан 2:5 ҳисобида мағлуб бўлиб, жавоб баҳси олдидан деярли мўъжизага муҳтож ҳолатда турибди.

“Аталанта” ҳам биринчи ўйинда “Боруссия Дортмунд”га 0:2 ҳисобида ютқазган ва Бергамодаги жавоб тўқнашувида унинг иши осон бўлмайди. Яъни А Серия грандлари кетма-кет қийналмоқда ва бу бир клуб муаммосидан кўра, умумий тенденцияга ўхшаб бормоқда.

Қисқаси, “Интер”нинг қулаши — шунчаки бир жамоанинг мағлубияти эмас, балки Италия футболида жиддий ўйлаб кўриш керак бўлган оғриқли қўнғироқ бўлиб эшитилди. Энди миланликлар учун Европа саҳифаси ёпилди, барча эътибор эса ички мусобақаларга қаратилади. Аммо бу аламли чиқиш узоқ вақт муҳокамада қолиши аниқ.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » "Интер"нинг қулаши ортидан Италия футболида хавотирли қўнғироқ янгради