Азар собиқ жамоадоши Винисиусга муҳим маслаҳат берди

"Реал Мадрид"нинг собиқ юлдузи Эден Азар бразилиялик ҳужумчи Винисиус Жуниорнинг футболдаги келажаги ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Бельгиялик собиқ футболчининг сўзларига кўра, Винисиус атрофида юзага келган носоғлом муҳит ва ирқчилик билан боғлиқ муаммолар унинг фаолиятини эрта якунлашига сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда goal.com хабар беради.

Азар ва Винисиус "Реал Мадрид" либосида тўрт мавсум давомида бирга ҳаракат қилишган. Гарчи жароҳатлар сабабли улар майдонда кўп марта бирга ўйнамаган бўлсалар ҳам, Азар бразилиялик иқтидор эгасининг характерини яхши билишини таъкидлади. Унинг фикрича, Винисиус худди ўзи каби футболни шунчаки яхши кўрадиган ва майдонда завқ олишни истайдиган футболчидир.
"Ҳозир одамлар унинг майдондаги ҳаракатларидан кўра, унга нисбатан қилинаётган муносабатлар ҳақида кўпроқ гапиришмоқда. Унинг қандай ажойиб футболчи эканлиги унутилиб қоляпти. Бу унга оғир ботиши аниқ. Ўйинга тушишдан олдин унинг хаёлида қанча нарса айланади. Агар у 30 ёшида ҳеч нарса ўзгармаётганини айтиб, футболдан кетса, мен умуман ҳайрон қолмайман", дейди 32 ёшида бутсасини михга илган Азар.

Шунингдек, собиқ футболчи Винисиусга ўзининг дўстона маслаҳатини ҳам бериб ўтди. У бразилиялик юлдузнинг руҳан ва жисмонан кучли эканлигини эътироф этган ҳолда, майдондаги хатти-ҳаракатларига эътиборлироқ бўлишни сўради. Азарнинг таъкидлашича, Роналдиньо ҳам майдонда рақсга тушган, аммо унинг атрофида бундай муаммолар кузатилмаган.
Айни пайтда Винисиус "Реал Мадрид"нинг асосий ҳужумчиларидан бири бўлиб қолмоқда. Унинг Чемпионлар лигаси ва Испания чемпионатидаги голлари жамоа ғалабаларига катта ҳисса қўшмоқда. Бироқ, Азарнинг сўзлари шуни кўрсатадики, ҳатто энг кучли спортчилар ҳам доимий босим ва адолатсизликлар олдида таслим бўлиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!