Тухел Фил Фоденни Англия терма жамоасидан четлатиши мумкин

Англия терма жамоаси бош мураббийи Томас Тухел 2026 йилги Жаҳон чемпионатига тайёргарлик доирасида таркибда жиддий ўзгаришлар қилиши кутилмоқда. Германиялик мутахассис ҳужум ва ярим ҳимоя чизиғидаги рақобат сабабли қийин танловлар қаршисида турибди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Хусусан, «Ман Сити» юлдузи Фил Фоденнинг терма жамоадаги келажаги сўроқ остида қолмоқда. Футболчи сўнгги йиғинлар давомида ўзидан кутилган ўйинни намойиш эта олмади ва мураббийлар штабининг ишончини тўлиқ оқлай олмади.
Фоден охирги икки ўртоқлик учрашувида Уругвайга қарши плеймейкер, Японияга қарши эса «ёлғончи тўққизлик» вазифасини бажарди. Бироқ 25 ёшли футболчи клубидаги муаммолари сабабли терма жамоада ҳам самарадорлик кўрсата олмаяпти.
Томас Тухел ESPN нашрига берган интервьюсида футболчининг ҳолатига тўхталиб ўтди. «У машғулотларда борини берди, аммо майдонда тўлиқ самарадорликка эришишга қийналмоқда.
Бунга унинг клубида кам ўйин амалиётига эга бўлаётгани сабаб бўлиши мумкин», — деди мураббий.
Мутахассиснинг таъкидлашича, март ойидаги ҳолат терма жамоанинг якуний тақдирини белгиламайди. Тухел футболчилар мавсумни ўз клубларида яхши якунлаб, Жаҳон чемпионати орзусига эришиш учун тайёр бўлишлари кераклигини қўшимча қилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!