Хосе Моуриньо ва Криштиано Роналдо: Реал Мадридда иккинчи мўъжиза бўладими?

Валенсия ва Барселона клубларининг собиқ юлдузи Гаизка Мендиета Хосе Моуриньонинг Реал Мадридга қайтиши ва Криштиано Роналдонинг трансфери борасидаги миш-мишларга ўз муносабатини билдирди. Португалиялик мутахассиснинг Сантиаго Бернабеуга қайтиши мухлислар ўртасида катта шов-шувга сабаб бўлган бўлса-да, Мендиета бу тандемнинг яна бирлашишини "иккинчи мўъжиза" деб атади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Мендиета ПлаЮК нашрига берган интервюсида Роналдонинг ҳозирги ҳолати ва Саудия Арабистонидаги фаолиятига тўхталди. Унинг фикрича, 41 ёшли ҳужумчи ҳозирги кунда Реал Мадрид каби юқори даражадаги жамоа талабларига тўлиқ жавоб бера олмайди ва Ал-Насср сафида қолиши унинг учун энг мақбул йўл.
Шунингдек, Мендиета Моуриньонинг қайтишига нисбатан ҳам шубҳа билан қаради. Унинг таъкидлашича, мураббийнинг иккинчи бор бир жамоага келиши кўпинча кутилган натижани бермайди ва ҳозирги Моуриньонинг услуби аввалги йиллардагидан сезиларли даражада фарқ қилади.
Эксперт Реал Мадриднинг ҳозирги ҳолатини ҳам таҳлил қилиб, жамоага янги лойиҳа ва таркибни кучайтириш учун ҳар бир чизиққа янги футболчилар кераклигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бундай босим остидаги жамоани бошқариш ҳар қандай мураббий учун катта таваккалчилик ҳисобланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!