Реал Мадрид Жозе Моуринью учун энди кўпроқ пул тўлаши керак

Реал Мадрид ва Жозе Моуринью ўртасидаги музокаралар якунига етган бўлса-да, Испания гранди португалиялик мутахассис учун кутилганидан кўпроқ маблағ сарфлашига тўғри келади. Гап шундаки, мураббийнинг Benfica билан шартномасидаги махсус товон пули муддати тугади. Аввалроқ Мадрид клуби мураббийни 6 миллион евро эвазига қўлга киритиши мумкин эди, бироқ эндиликда бу сумма 15 миллион еврогача кўтарилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
The Athletic нашрининг хабар беришича, ушбу кечикишга клубдаги президентлик сайловлари билан боғлиқ маъмурий жараёнлар сабаб бўлган. Жозе Моуринью шартномасидаги бандга кўра, Португалия чемпионати якунланганидан кейин 10 иш куни давомида уни арзонроқ нархда сотиб олиш имконияти мавжуд эди. Бу муддат 29-май куни ўз ниҳоясига етди.
Флорентино Перез Моуринью номзодини қўллаб-қувватлаётган бўлса-да, тадбиркор Энрике Риқуелме президентлик пойгасига қўшилиши расмий қарорлар қабул қилинишини секинлаштирди. Перез матбуот анжуманида ўзига қарши яширин кампания олиб борилаётганини таъкидлади. Шунга қарамай, Реал Мадрид ва Жозе Моуринью ўртасида уч йиллик шартнома бўйича тўлиқ келишувга эришилган.
Клубда янги мавсумга тайёргарлик давом этмоқда. Хусусан, Антонио Рюдигер шартномасини узайтирди, шунингдек, Моуринью штаби ва ёзги трансфер мақсадлари устида иш олиб борилмоқда. Икки мавсумдан буён йирик совринларсиз қолаётган Реал Мадрид португалиялик мураббий билан яна ғалабалар йўлига қайтишни кўзлаган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!