Венсан Компани мақсадига эришди: Бавария 65 миллион евролик трансферни ҳал қилди

Бавария ёзги трансфер ойнасидаги илк йирик келишувни амалга ошириш арафасида турибди. Мюнхенликлар Франкфуртнинг Айнтрахт жамоаси билан ҳимоячи Натаниел Браун трансфери бўйича принципиал келишувга эришдилар. Ушбу трансфер шахсан бош мураббий Венсан Компани томонидан талаб қилинган эди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
БИЛД нашрининг хабар беришича, клублар умумий қиймати 65 миллион еврога тенг бўлган пакет бўйича ўзаро тил топишган. Ушбу маблағнинг бир қисми бонуслар кўринишида тўланади. Ҳозирда томонлар фақатгина тўлов структураси, яни кафолатланган сумма ва бонуслар миқдори устида якуний музокараларни олиб бормоқдалар.
Венсан Компани 22 ёшли Натаниел Браунни ўзининг тактик схемасида муҳим фигура деб ҳисобламоқда. Мураббий уни ҳам қанот ҳимоясида, ҳам чап қанот ҳужум чизиғида самарали ўйнай оладиган универсал футболчи сифатида кўрмоқда. Клуб раҳбарияти трансферни тезроқ расмийлаштиришни мақсад қилган.
Ҳозирда футболчи Германия терма жамоаси сафида АҚШда бўлиб турибди. Шу сабабли, мажбурий тиббий кўрикни бевосита ўша ерда ўтказиш бўйича ташкилий ишлар бошлаб юборилган. Клублар ўртасидаги маълумот алмашинуви рақамли форматда амалга оширилади, бу эса трансферни тезроқ якунлаш имконини беради.
Натаниел Браун Юлиан Нагельсманн бошқарувидаги терма жамоада ҳам асосий таркибдан жой олишга даъвогарлик қилмоқда. Футболчи бор эътиборини халқаро ўйинларга қаратиш учун трансфер масаласини тезроқ ёпиш ниятида. Германия терма жамоаси якшанба куни Кюрасао билан баҳс олиб боради ва айнан ўша вақтда трансфер расман эълон қилиниши кутилмоқда.






























Изоҳлар 0
…