Жаҳон чемпионати мукофот пули: ким қанча олади?

Жаҳон чемпионати мукофот пули: ким қанча олади?

Жорий йилда ўтказиладиган Жаҳон чемпионати иштирокчилари ўртасида жами 871 миллион доллар миқдорида мукофот пули тақсимланади. Бу ҳақда FIFA расман маълум қилди. Мазкур кўрсаткич турнир тарихидаги энг йирик соврин жамғармаларидан бири сифатида қайд этилмоқда.

2026 йилги Жаҳон чемпионати нафақат иштирокчи терма жамоалар сони ва ўйинлар миқдори билан, балки мукофот пули ҳажми бўйича ҳам тарихдаги энг йирик мусобақалар қаторига киради. Янги формат сабаб ҳатто гуруҳ босқичидан кейин мусобақани тарк этган жамоалар ҳам сезиларли миқдорда маблағга эга бўлади.

Маълумотларга кўра, мундиалда иштирок этган ҳар бир терма жамоа камида 12,5 миллион доллар мукофот пули олади. Бу кўрсаткич 2022 йил Қатарда ўтказилган Жаҳон чемпионати билан солиштирилганда анча юқори ҳисобланади. Ўшанда гуруҳ босқичида чиқиб кетган жамоалар тахминан 9 миллион доллар атрофида даромад олган эди.

Мусобақа давомида натижалар яхшиланган сари мукофот миқдори ҳам ортиб боради. 1/16 финалга йўл олган жамоалар 14,5 миллион доллар, 1/8 финалга чиққанлар 18,5 миллион доллар, чорак финал иштирокчилари эса 22,5 миллион доллар билан тақдирланади.

Тўртинчи ўринни эгаллаган терма жамоа 30,5 миллион доллар мукофот олади, бронза медал соҳиби эса 32,5 миллион долларга эга бўлади.

Финалгача етиб борган икки жамоа энг катта мукофотлар учун кураш олиб боради. Финалда мағлуб бўлган жамоа 36,5 миллион доллар билан тақдирланса, Жаҳон чемпионати ғолиби эса рекорд даражада — 53,5 миллион доллар мукофот пулини қўлга киритади.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Aziza Shukhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар