Кака Реал Мадриддаги муваффақиятсизлиги сабабларини очиқлади

Кака Реал Мадриддаги муваффақиятсизлиги сабабларини очиқлади

Бразилиялик афсонавий футболчи Кака Реал Мадрид клубидаги тўрт йиллик қийин даври ҳақида сўзлаб берди. Собиқ "Олтин тўп" соҳиби Сантиаго Бернабеу стадионига катта умидлар билан келган бўлса-да, Милан сафида кўрсатган дунё даражасидаги ўйинини Испанияда такрорлай олмади. Кака 2009-йилда Мадридга кўчиб ўтган эди, бироқ унинг фаолияти совринлардан кўра кўпроқ жароҳатлар ва тушунмовчиликлар билан ёдда қолди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.

Рио Фердинанднинг подкастида иштирок этган Кака мухлисларнинг унга бўлган муносабати ҳақида тўхталди. "Менинг Реал Мадриддаги даврим мураккаб кечди. Агар ҳозир клуб тарихидаги энг ёмон трансферларга қарасангиз, мен Эден Ҳазард билан биринчи ўринда тураман. Бу аччиқ ҳақиқат, лекин мен буни тушунаман", — деди 44 ёшли собиқ ярим ҳимоячи.

Кака ўзининг муваффақиятсизлигига икки асосий омилни сабаб қилиб кўрсатди: жароҳатлар ва мураббий Жозе Моуриньюнинг қарорлари. 2010-йилда жамоага келган Жозе Моуринью жисмоний ва тезкор футболни афзал кўрган. Кака ўз позицияси учун Месут Ёзил, Ангель Ди Мариа ва Карим Бензема каби юлдузлар билан рақобатлашишга мажбур бўлганини, мураббий эса кўпинча бошқаларни танлаганини таъкидлади.

Шунга қарамай, Кака жамоа етакчиси Криштиано Роналдо билан ажойиб муносабатда бўлганини айтди. Бразилиялик юлдуз португалиялик жамоадошининг меҳнатсеварлигини юқори баҳолади: "Криштиано Роналдо билан тўрт йил бирга ўйнадим. У ажойиб инсон ва жамоадош. Унинг рекордлар ўрнатиш ва гол уришга бўлган иштиёқи ҳайратланарли. У биз учун кўплаб муаммоларни ҳал қиларди ва мен учун ҳақиқий илҳом манбаи эди".

Кака Реал Мадрид сафида жами 120 та ўйинда майдонга тушиб, 29 та гол уришга муваффақ бўлган. Гарчи у Испания чемпионлиги ва Қирол кубогини қўлга киритган бўлса-да, жароҳатлар туфайли ўзининг энг юқори спорт формасига қайта олмади ва 2013-йилда яна Милан клубига қайтиб кетди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Nodirbek Razzokov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар