Уэйн Руни Ламине Ямалнинг ўйинидан ҳайратда: «Унинг ҳаракатлари мени жилмайишга мажбур қилади»

Уэйн Руни Ламине Ямалнинг ўйинидан ҳайратда: «Унинг ҳаракатлари мени жилмайишга мажбур қилади»

Испания терма жамоасининг ёш юлдузи Ламине Ямал 2026-йилги Жаҳон чемпионатидаги ёрқин дебюти билан футбол олами эътиборини ўзига қаратишда давом этмоқда. Саудия Арабистонига қарши кечган баҳсда (4:0) 18 ёшли вингер нафақат ўзининг турнирдаги илк голини урди, балки ўйин даражаси билан мутахассислар, хусусан, Англия футболи афсонаси Уэйн Рунининг юксак эътирофига сазовор бўлди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.

Гуруҳ босқичининг илк турида Кабо-Вердега қарши ўйинда жисмоний ҳолати сабабли захирадан майдонга тушган Ламине Ямал, Саудия Арабистони билан баҳсни асосий таркибда бошлади. Учрашувнинг бор-йўғи 10-дақиқасида ҳисобни очган футболчи, терма жамоа сафидаги голлари сонини 27 та ўйинда 7 тага етказиб олди. Мураббийлар штаби ёш иқтидор эгасини асраш мақсадида уни танаффусда алмаштиришди, бироқ у кўрсатган 45 дақиқалик ўйин учрашув тақдирини ҳал қилиш учун етарли бўлди.

Рунининг ҳайрати ва Ямалнинг етакчилик қобилияти

Манчестер Юнайтед ва Англия терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Уэйн Руни BBC телеканалида эксперт сифатида чиқиш қилар экан, Ямалнинг ўйинидан завқланганини яширмади. Goal.com нашри хабарига кўра, Руни 18 ёшли йигитчанинг майдондаги етуклигини «ақл бовар қилмас» деб атаган. Унинг фикрича, Ламине шунчаки иқтидорли ўйинчи эмас, балки жамоадошларига ишонч бағишлайдиган ҳақиқий етакчидир.

«Мен уни жуда яхши кўраман, у шунчаки мени жилмайишга мажбур қилади. У футболни завқ билан ўйнайди. Испания таркибида ёшлар кўп ва Ламине уларга ўзига бўлган ишончни беради. У 16 ёшида Европа чемпиони бўлди, ҳозир эса анча улғайган. 18 ёшли бола ҳақида бундай дейиш ғалати туюлиши мумкин, лекин у майдондаги ҳар бир шеригига бу Жаҳон чемпионатида ғалаба қозониш мумкинлигига ишонч бера олади», — деди Руни.

Шунингдек, Руни футболчининг фақат ҳужумдаги маҳоратини эмас, балки ҳимоядаги меҳнаткашлигини ҳам алоҳида қайд этди. Замонавий футболда юлдуз мақомидаги ўйинчиларнинг ҳимояга қайтиб ёрдам бериши камдан-кам кузатиладиган ҳолат эканини таъкидлаган собиқ ҳужумчи, бу хислат бутун жамоа учун ўрнак бўлишини айтди.

«Сизда шундай хислат бўлса, яни бошқа ўйинчиларни майдонда яхшироқ ҳаракат қилишга ундасангиз, бу ажойиб. У ортга югуриб, жамоасига ёрдам беряпти. Суперюлдуз даражасидаги ўйинчи ҳимояда ишлаётганини кўрган бошқалар ҳам хоҳласа-хоҳламаса бор кучини ишга солади», — дея қўшимча қилди Уэйн Руни.

Ҳозирда Испания терма жамоаси «Ҳ» гуруҳида пешқадамлик қилмоқда. Навбатдаги турда улар Уругвайга қарши майдонга тушишади. 27-июн куни бўлиб ўтадиган ушбу учрашув гуруҳда ким биринчи ўринни эгаллашини аниқлаб бериши кутилмоқда. Ламине Ямал эса Барселона ва Испания футболининг келажаги сифатидаги мақомини ушбу нуфузли турнирда янада мустаҳкамламоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар