Жорий мавсумда «Пахтакор» клуби кўрсатаётган салбий натижалар сабабли клубда кетма-кет мураббийлар алмашинуви юз берди. Қолаверса, клуб атрофида шов-шувли хабарлар янграётган бўлсада, жамоа бир қатор маълумотларни расман рад этаётган эди. Шунга қарамай, «Пахтакор» куни кеча раҳбариятда расман ўзгаришлар бўлганлигини маълум қилган бўлса, кўп ўтмай Равшан Ҳайдаров ўрнига Жасур Абдураимов иш бошлаганлигини маълум қилди.
Бугунга келиб эса «Пахтакор»нинг россиялик миллиардер Алишер Усмонов қўл остига ўтиши, Самвел Бабаяннинг клубдан тўлиқ кетганлиги борасидаги миш-мишларга расмий жавоб бўлганича йўқ. Шу боис «Пахтакор» борасидаги бир қатор саволларга жавоб топиш мақсадида биз клубга бегона бўлмаган ва айни дамда жамоадаги ички ҳолатдан хабардор бўлган Азамат Абдураимовни суҳбатга тортдик.
ЯНГИЛАНГАН «ПАХТАКОР»
- Азамат ака, сўнгги пайтларда «Пахтакор» клуби борасида шов-шувли хабарлар тарқалди. Жамоага бегона бўлмаган шахс сифатида клубда қандай ўзгаришлар юз берди, ойдинлик киритсангиз…
- Барчага маълум, «Пахтакор» нафақат мамлакатимизда балки унинг ташқарисида ҳам катта обрўга эга машҳур клуб саналади. Жамоанинг ярим асрдан зиёд бўлган тарихидан ҳам билса бўлади, бу шунча йиллар Ўзбекистоннинг байроқдор жамоаси саналиб келинган ва ҳозирда ҳам мамлакатнинг энг номдор клуби сифатида қолмоқда. Биласиз, 2000-йиллар бошида «Пахтакор» клуби бошқарувига Ботир Раҳимов келгач, жамоа терма жамоа базаси сифатида шакллантирилди, клубнинг ўзи ҳам зарҳал ҳарфлар билан ёзилган тарих ярата олди. Яъни, Осиё майдонларида муваффақиятли натижаларга эришилди, МДҲ Кубоги бош соврини Тошкентга олиб келинди, бир сўз билан айтганда «Пахтакор» кўп йиллар Ўзбекистон чемпионатида гегемонлик қилди. Аммо бир неча йил олдин клуб президенти Ботир Раҳимов маълум сабабларга кўра, «Пахтакор»ни молиявий қўллаб-қувватлай олмаслиги маълум бўлгач, сўнгги йилларда бош менежер сифатида Самвел Бабаяннинг ўзи клубга раҳбарлик қилаётган эди. Алоҳида таъкидлаш керак, Бабаян ўтган давр мобайнида клуб ривожига улкан ҳисса қўшди ва жамоанинг ютуқлари ҳам бежизга унинг номи билан аталмади. Сир эмас, «Пахтакор» ҳаттоки чемпионликка эришган сўнгги йилларда ҳам молиявий муаммоларни бошдан кечирди. Бу борада ЎФФ раҳбари Мираброр Усмонов ва клуб бўйсунадиган Тошкент шаҳар ҳокимияти ҳам қўлдан келган ёрдамини берган бўлсада, «Пахтакор»да жиддий ўзгаришлар қилиш пайти етиб келганлиги маълум эди. Айниқса, Самвел Бабаян Ўзбекистон терма жамоасидаги фаолияти даврида «Пахтакор» жиддий муаммоларга йўлиқа бошлади. Жорий мавсумдаги салбий натижалар раҳбариятни жиддий бош қотиришга мажбур қилди. Натижада клубда жиддий ўзгариш қилиниб, жамоага янги раҳбарият тайинланди.
ЯНГИ РАҲБАР КИМ?
- «Пахтакор» вице-президенти этиб тайинланган Бобур Шодиев футбол жамоатчилиги учун нотаниш бўлсада, сиз учун бегона эмас…
- Чиндан ҳам, «Пахтакор» клубининг янги раҳбари мухлислар учун ҳали нотаниш бўлсада, мен Бобур Шодиевни футболни севадиган раҳбар, футбол жонкуяри сифатида яхши биламан. Бобур Қобулович билан 2003 йилдан мини-футболда ҳаваскорлар сифатида бирга тўп сурганмиз. Ўшанда у «Найтов» футзал жамоамиз раҳбари ва ўйинчиси сифатида тўп сурарди. Бобур ўшандаёқ жамоанинг барча муаммоларини бартараф этар, ўйинчилар билан яқин муносабатда бўлиб, ажойиб атмосферани ярата олганди. Унинг инсонийлик жиҳатлари таҳсинга лойиқ. Жамоа мағлуб бўлганда ҳам барчанинг кўнглини кўтариб, кейинги ўйинлар олдидан ҳар томонлама руҳлантира оларди. Қолаверса, Бобур Шодиев раҳбарлигида биз фахрийлар ўртасидаги бир қатор турнирларда ҳам ғолибликни қўлга киритган эдик. Ёдимда, 2004 йилда биз Осиё Ўйинлари-1994 чемпионлигининг 10 йиллигига бағишлаб, Чемпионлар Кубоги ўтказмоқчи эдик. Ўшанда ҳам Бобур Қобулович ғоямизни қўллаб-қувватлаб, Тошкентда ушбу турнирни юқори даражада ўтказишга улкан ҳисса қўшган эди. Жамоалар таркибида 1994 йилги Осиё Ўйинлари ғолиблари тўп сурган эди. Ўшанда ушбу турнирда ҳам ғалаба қозонган эдик. 2009 йилда ҳам катта футболда фахрийлар ўртасида «Кучлилар Кубоги» ўтказилиб, Бобур Шодиев билан Тошкент терма жамоаси сафида бирган тўп сурганмиз. Таркибда мен, Жаъфар Ирисметов, Собир Ҳодиев, Рустам Забиров сингари катта футболдан чиққан ўйинчилар тўп сурардик. Умуман олганда, «Пахтакор» янги раҳбари Бобур Шодиев ва бош директор Умид Аҳмаджоновни футболни яхши тушунадиган, севадиган ва энг муҳими футболга замонавий қарашлар олиб кира оладиган шахс сифатида биламан. Ишонаманки, «Пахтакор» уларнинг раҳбарлигида катта ютуқларга эришади.
БАБАЯН «ПАХТАКОР»ДАН КЕТДИМИ?
- 15 йиллик фаолиятдан кейин Самвел Бабаян «Пахтакор»ни тўлиқ тарк этдими?
- Билишимча, янги раҳбарият Самвел Бабаянга кўп йиллик меҳнатлари учун миннатдорчилик билдириб, хайрлашган. Бабаян билан бирга клубни Равшан Ҳайдаров, Виктор Жалилов, Григорий Колосовский сингари мураббийлар ҳам тарк этишган. Менимча, бу тўғри қарор. Чунки янги раҳбарият янги мақсадлар учун ўзи ишонган, ҳамфикрлар билан ишлашни исташи аниқ. Албатта, янги босқичга чиқиш учун ҳали вақт зарур. Чунки, клубда жиддий ислоҳотлар олиб борилиши кутилмоқда, академиянинг фаолияти янгидан кўриб чиқилиши режалаштирилган, қолган лавозимларда ҳам янги жамоа иш бошласа керак.
УСМОНОВ ВА «ПАХТАКОР»
- Россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг «Пахтакор» клуби акциядорларидан бирига айланганлиги ҳақида миш-мишлар тарқалганди. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин?
- Бу борада расман маълумот йўқлиги учун, аниқ гап айтиш қийин. Хабарингиз бор, йил бошида Алишер Бурҳонович «Санъат, фан ва спорт» фонди орқали ўзи туғилиб ўсган Ўзбекистонда бир қатор лойиҳаларни амалга оширишини маълум қилганди. Яқинда муҳтарам президентимиз Москвада бўлиб, Россия – Ўзбекистон муносабатларини янги босқичга олиб чиқиш борасида музокаралар ўтказиб қайтдилар. Шундан сўнг Алишер Усмонов мамлакатимизга инвестициялар киритиши ҳақида сўз очганди. Алишер Бурҳоновичнинг спортга бефарқ эмаслигини ҳисобга олсак, у фонди орқали спортимиз, хусусан футболимиз ривожига ҳам ўз ҳиссасини қўшишини тахмин қилса бўлади. Бу миш-мишлар айнан «Пахтакор» билан содир бўлаётгани эса, ушбу жамоанинг МДҲда ҳам катта обрў-эътиборга эга клублигидан далолат беради. Дарвоқе, яна бир янгилик шуки, «Пахтакор» стадиони ҳам тез орада замонавий тарзда реконструкция қилиниши кутилмоқда.
- Жасур Абдураимовнинг «Пахтакор» бош мураббийи этиб тайинланиши вақтинчалик ҳолатми?
- Ўйлайманки, «Пахтакор» янги раҳбарияти тўғри қарорга келди. Жасур укам бўлганлиги ёки Абдураимовлар сулоласи вакили бўлганлиги учун айтмаяпман, шунчаки Ҳайдаров кетганидан сўнг бош мураббий лавомизимини вақтинчалик бошқарадиган мутахассис клуб ичидан тайинланиши лозим эди. Чунки, биринчи давра якунланишига ҳали анча вақт бор ва қолган ўйинларда ҳозирги таркибни яхши биладиган мураббий керак эди. Жасур эса анчадан буён «Пахтакор»да фаолият юритаётганди. Қолаверса, у Ўзбекистон ёшлар терма жамоасида ҳам ўзини ёрқин жиҳатларини намойиш эта олганди. «Пахтакор»нинг «Навбаҳор» устидан қозонган ғалабаси янги раҳбарият ва мураббийларнинг ишни омадли бошлаганидан далолат. Билишимча, клуб иккинчи даврада хориждан мураббий таклиф этмоқчи, таркиб ҳам кучайтиришни мақсад қилган. Шундай экан, янги даврни бошлаган «Пахтакор»га омад тилаб, чемпионатимизнинг янада қизиқарли тус олишига, мухлисларнинг эса стадионларимизга қайтишига умид билдириб қоламан.
Манба: Uff.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади