Андижонда сохта чеклар орқали 38,3 млрд сўм талон-торож қилинди...

Андижон вилоятида сохта электрон ҳисоб-фактуралар ва харид чеклари орқали миллиардлаб сўм бюджет маблағини ўзлаштириш билан боғлиқ йирик схема фош этилди.
Тергов маълумотларига кўра, гумонланувчилар қарийб 95 минг фуқаро номидан Soliq Mobile иловасида кешбэк тўловларини расмийлаштирган.
2,2 триллион сўмлик сохта ҳисоб-фактуралар
Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси ўтказган терговга қадар текширувда фуқаро Ё.Қ. ва бошқалар ўзаро тил бириктириб ҳаракат қилгани аниқланган.
Улар бешта масъулияти чекланган жамият номига бошқа бир МЧЖ томонидан гўёки 2,2 триллион сўмлик маҳсулот етказиб берилгани ҳақида сохта электрон ҳисоб-фактуралар расмийлаштирган.
Амалда эса ушбу товарлар етказиб берилмаган бўлиши мумкинлиги тергов материалларида қайд этилмоқда.
Сохта харид чеклари шакллантирилган
Шундан сўнг маҳсулотлар савдосидан тушган маблағлар назорат-касса машиналари орқали кирим қилингани ва товарлар фуқароларга сотилгани ҳақида сохта харид чеклари яратилган.
Бу чеклар реал савдога эмас, кешбэк тўловларини олиш учун тузилган сохта операцияларга асослангани айтилмоқда.
Қарийб 95 минг киши номидан кешбэк олинган
Тергов маълумотларига кўра, сохта чеклар асосида:
94 921 нафар фуқаро;
Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган шахслар номидан
Soliq Mobile мобил иловаси орқали кешбэк тўловлари расмийлаштирилган.
Натижада бюджет маблағларидан 38,3 миллиард сўм ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилингани аниқланган.
Жиноят иши қўзғатилди
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари билан жиноят иши қўзғатилган:
167-модда — ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш;
228-модда — ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар ва бланкаларни қалбакилаштириш ёки улардан фойдаланиш.
Ҳозирда жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Гумонланувчиларнинг айби суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан тасдиқланмагунча, улар айбсиз ҳисобланади.































Изоҳлар 0
…