Фулхэм ва Реал Мадрид Гонсало Гарсия трансфери бўйича музокараларни бошлади

Англия Премер-лигаси вакили Фулхэм жамоаси Реал Мадрид ҳужумчиси Гонсало Гарсияни ўз сафига қўшиб олиш учун расмий музокараларга киришди. 22 ёшли иқтидорли футболчи Лондон клубининг янги мавсум олдидан ҳужум чизиғини кучайтириш йўлидаги асосий мақсадига айланган. Ушбу трансфер амалга ошса, Гарсия ўзининг собиқ устози билан яна бир жамоада фаолият юритиш имкониятига эга бўлади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
The Athletic нашри хабарига кўра, Фулхэмнинг янги бош мураббийи Альваро Арбелоа ушбу трансфернинг ташаббускори ҳисобланади. Яқинда Мадридни тарк этиб, Англияга йўл олган Арбелоа Гарсияни ўзининг спортдаги шогирди деб билади ва уни жамоасининг ёзги трансферлар ойнасидаги устувор вазифаси қилиб белгилаган. Ҳозирда икки клуб ўртасидаги мулоқотларда Арбелоанинг шахсан ўзи фаол иштирок этмоқда.
Моуринью қарори ва футболчининг танлови
Реал Мадрид раҳбарияти дастлаб ёш ҳужумчини қўйиб юборишга қарор қилган эди, бироқ жамоага Жозе Моуринью келиши билан вазият бироз ўзгарди. Португалиялик мутахассис футболчининг имкониятларини мавсумолди тайёргарлик жараёнида шахсан кўздан кечиришни истаган. Моуринью Гарсиянинг ўйин услубини юқори баҳолаган бўлса-да, унга янги мавсумда асосий таркибда доимий ўрин кафолатлай олмаслигини билдирган.Айнан етарли ўйин амалиётининг йўқлиги футболчини фаолиятини бошқа клубда давом эттириш ҳақида ўйлашга мажбур қилмоқда. Goal.com маълумотига кўра, якуний қарор Гарсиянинг ўзига ҳавола қилинган. Агар у мунтазам майдонга тушишни истаса, Лондон клуби варианти энг мақбул йўл бўлиб кўринмоқда.
Реал Мадрид ўз тарбияланувчисини сотишда анъанавий услубдан фойдаланишни режалаштирмоқда. Испания гранди шартномага футболчини келажакда қайта сотиб олиш ёки бошқа клубга ўтишида устунлик ҳуқуқини берувчи махсус бандларни киритмоқчи. Бу усул Мадрид клубига иқтидорли ёшларни назоратда ушлаб туриш имконини беради.
Академиядан асосий таркибгача
Гонсало Гарсия Реал Мадрид академиясининг энг муваффақиятли битирувчиларидан бири саналади. У асосий таркибдаги дебютини 2023-йилнинг ноябрь ойида Карло Анселотти қўл остида ўтказган эди. Шундан буён у "қироллик клуби" сафида 51 та учрашувда майдонга тушиб, 13 та гол ва 7 та голли узатмага муаллифлик қилди.Ҳужумчининг жаҳон миқёсидаги нуфузи ўтган ёзда ўтказилган Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан сўнг кескин ошиб кетди. Ўшанда у 4 та гол билан турнирнинг "Олтин бутса" мукофотини қўлга киритган ва жамоасининг ярим финалга қадар етиб боришига катта ҳисса қўшган эди. Шундан сўнг клуб у билан 2030-йилгача мўлжалланган узоқ муддатли шартнома имзолаган.
Агар ушбу трансфер муваффақиятли якунланса, Гарсия Фулхэм учун ёзги трансферлар ойнасидаги илк янги харид бўлади. Альваро Арбелоа шогирдининг техник маҳорати ва гол сезиш қобилияти Англия Премер-лигасининг жисмоний талабларига тўлиқ мос келишига ишонч билдирмоқда.






























Изоҳлар 0
…