Барселона Френки де Ёнгнинг қароридан норози

Барселона раҳбарияти Френки де Ёнгнинг клуб тиббий штаби тавсия қилган жарроҳлик амалиётини рад этаётганидан норози. Консерватив даволанишни давом эттирса, 29 ёшли футболчи яна тўрт ойдан олти ойгача майдонга туша олмайди. Унинг узоқ муддат сафдан чиқиши Ханси Фликнинг янги мавсум режалари ва жамоа марказидаги рақобатга таъсир қилмоқда.
Испаниянинг Барселона клуби раҳбарияти ярим ҳимоячи Френки де Ёнгнинг оёқ жароҳатини даволаш борасидаги қатъий позициясидан қаттиқ норози бўла бошлади. СПОРТ нашри хабар қилишича, нидерландиялик футболчи клуб тиббий штабининг жарроҳлик амалиётини ўтказиш ҳақидаги тавсияларини мутлақо рад этмоқда ва бу вазият томонлар ўртасида кескинлик келтириб чиқармоқда. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Ўтган мавсумнинг ҳал қилувчи босқичидан буён майдонга тушмаётган 29 ёшли футболчи ҳозирча жисмоний ҳолатини яхшилаш белгиларини кўрсатмаяпти. Агар у консерватив даволаниш усулида қолса, яна камида тўрт ойдан олти ойгача бўлган муддатни яшил майдондан ташқарида ўтказишга мажбур бўлади. Клуб шифокорлари эса муаммони тўлиқ бартараф этишнинг ягона йўли сифатида операцияни кўрсатмоқда.
Тактика ва таркибдаги ўзгаришлар
Мазкур тиббий зиддият бош мураббий Ханси Фликнинг янги мавсум учун тузган тактик режаларига жиддий зарба бермоқда. Мураббий жамоанинг марказий чизиғини қайтадан шакллантираётган бир пайтда, муҳим ўйинчининг сафдан чиққани муаммоларни кўпайтирмоқда. Шунингдек, Камп Ноу офисларида футболчининг ўтган ойлардаги устувор вазифалари борасида ҳам норозилик кайфияти мавжуд.Клубда де Ёнг ўтган мавсум охирида бор кучини Барселона учун эмас, балки Нидерландия терма жамоаси сафида Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўришга қаратган деган фикрлар устунлик қилмоқда. Эслатиб ўтамиз, футболчи мавсумнинг сўнгги икки ўйинида иштирок этмай, дарҳол Роналд Куман бошчилигидаги терма жамоага қўшилиб кетган эди.
Рақобат ва трансфер режалари
Де Ёнгнинг йўқлиги ва унинг жароҳати давом этаётган бир пайтда, жамоада бошқа иқтидорли футболчиларнинг нуфузи ошиб борди. Марк Берналнинг порлаши ва Гавининг сафга қайтиши нидерландиялик футболчининг ҳимоядан ҳужумга ўтишдаги сўзсиз етакчилик мақомини хавф остига қўйди. Шу боис, унинг жамоадаги келажаги сўроқ остида қолмоқда.Вазиятнинг яна бир нозик жиҳати Барцеломанинг Манчестер Сити юлдузи Родрини қўлга киритиш йўлидаги фаол ҳаракатлари билан боғлиқ. Испаниялик ярим ҳимоячи каталонияликларнинг таянч зонаси учун асосий нишони бўлиб турибди. Агар клуб молиявий фаир-плай чекловларини четлаб ўтиб, Родри билан шартнома имзоласа, бу де Ёнгнинг жамоадаги ўрнига бевосита таъсир кўрсатади ва марказий чизиқда жиддий рақобатни юзага келтиради.






























Изоҳлар 0
…