Ҳусановнинг баҳоси қандай бўлди? Британия нашри «Сити» футболчилари ўйинини таҳлил қилди

Ҳусановнинг баҳоси қандай бўлди? Британия нашри «Сити» футболчилари ўйинини таҳлил қилди

Англия Премьер-лигасининг 1-турида амалдаги чемпион «Манчестер Сити» «Этихад»да «Борнмут»га қарши ўта оғир ва кескин кечган баҳсда 2:1 ҳисобида иродали ғалабага эришди. Учрашувни асосий таркибда бошлаган ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов ҳимоя марказида муҳим вазифани бажариш билан бирга, айрим вазиятларда қанотга ҳам кўчиб ҳаракат қилди.

Манчестер клубига ихтисослашган Британиянинг машҳур cityxtra.co.uk нашри экспертлари мазкур камбэк-ғалабадан сўнг барча футболчиларнинг ўйинига индивидуал баҳо бериб чиқди.

Абдуқодир Ҳусановга экспертлар хулосаси: 6/10

Британиялик таҳлилчилар ўзбекистонлик ҳимоячининг ҳаракатларини қуйидагича баҳолади:

  • Ишончлилик ва хатосизлик: Ҳусанов мудофаа чизиғида анча барқарор ва кучли ўйин намойиш этди. Учрашув давомида ҳеч қандай жиддий хатога йўл қўймади;

  • Чизиқлар орасидаги узилиш: Экспертлар бу Абдуқодирнинг энг юқори чўққидаги ўйинларидан бири бўлмаганини, бутун жамоа ҳимояси ярим ҳимоя чизиғидан бироз узилиб қолгандек таассурот қолдирганини қайд этишди.

«Сити»нинг асосий таркиб футболчилари баҳолари

Нашр бошланғич таркибдаги қолган ижрочиларни қуйидагича баҳолади:

  • Нико О'Райли — 7,5/10 (Ўйин қаҳрамони): Майдондаги энг фаол ўйинчи бўлди. Ҳужумда рақибга катта босим ўтказиб, ҳимояда ҳам фойдали ҳаракат қилди;

  • Марк Гехи — 7/10: Ўзи учун ноодатий бўлган ярим ҳимоя марказида ҳаракат қилди. Бўш дарвозани ишғол қила олмаганига қарамай, 85-дақиқада муҳим гол уриб мувозанатни тиклади;

  • Йошко Гвардиол — 7/10: Баъзи хатоларига қарамай, 90+2-дақиқада ўнг оёқда ғалаба тўпини киритди;

  • Антуан Семеньо — 6,5/10: Чап қанотда Докунинг ўрнини эгаллаб, жуда кўп алдамчи ҳаракатлар ва хавфли рейдлар уюштирди;

  • Жанлуижи Доннарумма — 6/10: Голда айби йўқ, қўпол хатосиз ҳаракат қилди;

  • Рубен Диаш — 6/10: Ҳусанов билан бирга ўртача ва барқарор савияда ўйнади;

  • Фил Фоден — 6/10: Ишонч билдирилган бўлса-да, ўйинга катта таъсир ўтказа олмади;

  • Эллиот Андерсон — 6/10: Фаол ҳаракат қилди, аммо жароҳат туфайли алмаштирилди;

  • Рико Льюис — 5,5/10: Позицион хатоларга йўл қўйди ва ўтказиб юборилган голда айбдорлардан бири бўлди;

  • Эрлинг Ҳоланд — 5,5/10: Кўп меҳнат қилган бўлса-да, жуда қулай вазиятларни бой бериб, омадсиз кунни ўтказди.

Захирадан тушганлар ва Шеркининг сеҳри

Иккинчи бўлимда ўйин тақдирини ўзгартирган футболчилар:

  • Райан Шерки — 7/10: Майдонга тушиши билан «Сити»нинг иккала голига ҳам голли узатма бериб, ғалабанинг бош ижодкорига айланди;

  • Матеуш Нуньеш, Матео Ковачич, Жек Грилиш — 6/10: Жамоага керакли энергия ва темп бағишлашди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар