12:02 / 21.06.2017
7 850

Диёр Имомхўжаев: Қасдми ё хато?

Диёр Имомхўжаев: Қасдми ё хато?
Кимсиз ўзи? Мураббий? Менежер? Ишбилармон? Файласуф? Тадбиркор?
Қўрқоқсиз. Иш журналистлардан бошланганидаёқ билганман. Қўрқоқ олдиндан мушт кўтаради ва зарба тегиб қолиши мумкин бўлган нуқталарига юмшоқроқ нимадир қўйиб олади, қаттиқ оғримасин деб.
Қўрқоқлик ўйин услубида ҳам намоён. Абдухолиқов айтганидек, қўрқоқроқ тактика бу. Рашидов, Аҳмедов, Жепаров, Шомуродов, Машарипов каби гол исини сезадиган футболчилар билан ҳимояга ётиб оладиган услубни кўриб келдик, Эрон дарвозасига битта ҳам аниқ зарба бермадик. Шогирдлар ҳам андоза олганми, билмадим, уч дақиқада баҳайбат стадиондан замбилда чиқиб кетди (жароҳати чин бўлса, дардини берган шифосини ҳам беради).

Мард одам арманларнинг “Алашкерт” деган жамоасидан енгилиб юрганини очиқ тан олади. Ахборот олиш 5 дақиқа бўлган замонда қўрқоққа ўхшаб яшириб юрмайди.

Айёрсиз. Олимпия терма жамоасини Риога олиб боролмайдиган мураббий ишдан кетиши керак эди. У эса қолди. Жамоасини гуруҳдан олиб чиқа олмай, бутун Осиёга шарманда бўлди ва жойида қолди.

Субутсиз инсон бўлиб чиқди. Темурхўжа терма принципларига тўғри келмайди деб туриб, барибир чақиришга мажбур бўлди. Қараса, Сергеев гол урадиган эмас, Абдухолиқов эса Қатарда голлар уриб ётибди. Дидига мос келмайдиган ўйинчи бўлганида, бир вақтлар “Пахтакор”да қолишини ўтиниб сўрармиди?
Шораҳмедов якунда барибир термага келди. Субут бўлганида, Туркия ёки Амирликларда айлантириб юрган болаларидан кимнидир чақирмасмиди? Акмал бечора чап қанотда ҳам ўйнашга рози бўлаверди. Тўхтахўжаев худди шундай ўнг қанотга ўтганди. Муҳими, ўзининг болалари жойида ўйнаши, қолгани бир гап бўлар…

Даллолсиз. Шунақа тахминга асослар бордек. Термага тортмайдиган футболчини унда реклама қилиб, чет элга сотмоқчи бўлар балки. Яхши мол чиқиб қолса, термага чақириб, йўлдан урмоқчи бўларсиз балки. Пул ишлаб қолишда, хуллас.

Маддоҳларни атрофига тўлдириб олади. Бири термада ишлагани учун унга раҳмат айтиш керак деган иддао билан чиқади, бошқаси шаҳарнинг қоқ марказида унга ҳайкал ўрнатишни истайди. Раҳмат айтаётган тил 2-3 йил олдин умуман бошқа мавзуларда сўзларди. Қурибгина кетсин амали ҳам, лавозими ҳам нормал одамларни тентак қилмай.

Иримчи одам у. Тўғри, футболчиларнинг деярли ҳаммасида, мураббийларда ҳам иримлар бор. Аммо улар буни оммага кўрсатиб юрмайди. Биз эса кўк формани ҳам, ўпилган майдон чипларини ҳам, Adidas курткаларни ҳам сезиб қолдик. Ваҳоланки Қатарни ҳам, Таиландни ҳам оқ формада ютдик. Ҳа сенда савия бўлмаса, бир парча мато ёки ўтда нима ҳикмат?

Ёлғонларни кўрдик. Сергеев Хитойда юк тортолмади, Туркиядан келган Бурак Йилмаз кетма-кет гол уриб турганида, Игорёк кимга оппоқ кўринарди демасдан, хитойликлар олиб қоламиз деб дод-вой солгани ҳақида эртак тўқиди. Чунки биз гўлмиз, ўзи айтган, футболни умуман тушунмайсанлар, деган. Замон кўтарганида, охирига туршаклар деб ҳам қўшиб қўярди, ишонаман. Машғулотини кўришга келган маҳаллий журналистларга “пашол на…” дея борар жойини кўрсатиб қўядиган одамдан-да у.

Худбинлик эви билан бўлиши керак. Кейруш қайси футболчиларни чақирди, сафарга ким боради, қачон боради — ҳаммасини ўзи вақтида айтиб турди, Facebook’да изоҳ берди. Бизда аниқлаб олинган таркиб ҳақида ҳеч ким билмаслиги керак. Терма кимнингдир маҳрамига тушган, шунинг учун мухлисларидан ахборот яшириш ҳам шараф. Қайси замонда яшаяпсан, ахир? Одамлар 2030 йилги Тошкент суратини чизаётганида, телеграф асрида қолмаганмисан?

Афанди у. Сергеев, Ҳошимов, Андреев, Лобанов, Кримец каби футболчилар билан Жаҳон чемпионатига чиқиш мумкин деб асосан ўзи ишонди. Бири фақат тепкилайди, бошқаси пенальти қилади, кимдир уч дақиқа чидайди, яна бири оёқлари остидан гол қўяди. Бутун Эрон Лобанов ўтказган голларни кўриб, ярим йилда ортига қайтарса, биз уни Теҳронга қайта олиб борамиз, адашган эдингиз демоқчи бўламиз ва адашамиз.

Таъмагирлик бор ёки йўқлиги ҳақида сиз хулоса қилинг. Вадим Абрамов шахсий фикри сабаб ишсиз қолиши, журналистлар ишдан кетиши, uff.uz сайтининг ёпилиши… Хуллас, элчининг медальони, Шпакнинг магнитафони, ҳаммаси шубҳали кўриняпти, дейди-ку. Шунчаки эслаб ўтдим, бесабаб.

Очкўзликдан бор. Кўзи фақат “Пахтакор” футболчиларини кўргани, Толибжоновнинг Марказидан алоҳида ажралиб олгани… Абрамов, Қосимов, Инилеев соддароқ эди. У эса миллий термани Марказдан алоҳида ажратиб олди. Ҳаммаси ўзимники, дегандек.
Кимлигингиз-ку маълум. Термани шу ҳолда қолдириш нима эди: қасдми ё хато?

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ, «Эрудит Спорт» газетаси.

Манба: Jfl.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Диёр Имомхўжаев: Қасдми ё хато?