21:43 / 09.07.2017
5 956

Бабаяннинг душманларига очиқ хат: “Самвел Бабаяндан асло нолиманг!”

Бабаяннинг душманларига очиқ хат: “Самвел Бабаяндан асло нолиманг!”
Шу пайтгача Самвел Бабаяннинг бошига не кунлар тушмади, дейсиз. Омадсизликлар, мағлубиятлар, “теша тегмаган” танқидлар. Эҳ-ҳе... Бунча гапга ҳалигача илон пўст ташлаб юборган бўларди. Бабаян эса миқ этгани йўқ. Туриб-туриб шу инсоннинг “ирода”сига қойил қоламан. Агар унинг ўрнида бошқа одам бўлганида салкам қирқ марта истеъфога чиқарди-ёв.

Мен Бабаянни ёмонламоқчи эмасман, асло. Унинг душманларига мурожаат қилмоқчиман. Биласизми, бу ерда Бабаяннинг айби йўқ. унинг футбол илми учун яроқсизлиги аввалдан маълум эди-ку! Ҳамма айб ана шу яроқсизликка кўз юмиб, менежердан бош мураббий ясаганларда. Терма жамоанинг тақдири билан ўйнашганлар-да. Ҳурматли Бабаяннинг душманлари, нима, сиз Самвел терма жамоа бошқарувига тайинланаётганда асосий мақсад жаҳон чемпионатига йўлланма олиш бўлган деб ўйлайсизми? Йўқ, тўғри, мундиалга чиқиш мақсад қилинган, аммо бу ерга гап асосий мақсад ҳақида кетяпти. Бу фикрга исбот келтириш шарт эмас, чунки аҳмоқ одам ҳам билади агар жаҳон чемпионатига йўлланма олиш мақсад қилинганида чинакам мураббий олиб келинишини.

Демак, Бабаянда айб йўқ. Уни лавозимида қолдиришдими, демак, ўзига юкланган асосий вазифани уддаламоқда. Қолган вазифалар эса ўз йўлида, биз ўзбекмиз, андишамиз кучли, аммо ана шу андиша туфайли неча йиллардан бери ўзбек футболининг нуқсонларига кўз юмиб келяпмиз.

Халқимизда бир гап бор: “Бир бахтсизлик иккинчисини етаклаб келади”. Афсуски, Бабаян ўзи билан бир нечта бахтсизликларни олиб келди, аниқроғИ унга қўшиб юборишди. Нимани назарда тутаёганимизни билдингиз, бу ўша жароҳат олгани учун машаққатли машғулотлардан қутулганига хурсанд бўлаётган Андреев, машғулотларда энди чинакамига тер тўкаётган Сергеев ва Лобанов ва ҳоказо.

Энди ўзингиз ўйланг, Бабаян кетса, ўрнига ким келади? Ҳар ҳолда биз орзу қилган кучли мутахассис эмас, бу аниқ. Янги мураббийнинг олдига эса жаҳон чемпионатига чиқиш вазифалардан бири сифатида қўйилади, бироқ мураббий асосий вазифани бажаришда давом этади. Бу футболимизнинг ўзгармай келаётган сенарийси.

Сизга айтсам, очиғи, Бабаяннинг истеъфога чиқиши бироз чўчитяпти мени. Ўрнига ким келаркин? У футболга алоқадор инсонми ёки йўқми? Мен жудаям истардим айни дамда ўзбек футболида фаолият олиб бораётган мутахассислар, айниқса, терма жамоа мураббийлар штабидагидан бирортаси терма жамоага бош мураббий бўлмаслигини. Айни пайтда Яратгандан шуни сўраяпман.

Сиз Бабаяндан нолиманг, мухлислар, ўзбек футболида Бабаяндан-да инсофсизроқ инсонлар бор. Бабаян-ку бировнинг буйруғини мажбуран бажаряпти, бироқ тепада ўз ихтиёри билан мутахассис бўлмаган инсонга Ўзбекистон терма жамоасининг, Ўзбекистон фахрининг, Ўзбекистон ор-номусининг жиловини топшириб қўйган инсонлар бор. Ана уларнинг олдида Бабаян фариштадек гап.

Сўзимнинг индаллосига келсам, Самвел Бабаяндан нолишнинг кераги йўқ. Яхшиси, уни тайинлаган инсонларга қарши курашинг. Зеро дарахтнинг шохини кесган билан ўрнидан бошқача шох чиқиб қолмайди, эски шохнинг янгиси куртак очади. Бошқача шох чиқиши учун эса дарахтни қўпориб, бошқатдан экиш керак, илдизини алмаштириш керак.


Манба: penalti.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Бабаяннинг душманларига очиқ хат: “Самвел Бабаяндан асло нолиманг!”