10:29 / 28.07.2017
4 963

Азамат Абдураимовдан: Терма жамоага мураббийлар кенгаши керак!

Азамат Абдураимовдан: Терма жамоага мураббийлар кенгаши керак!
Таниқли собиқ футболчи, мураббий, журналистика соҳасида фаолият юритган Азамат Абдураимов «Эрудит Спорт» газетасидаги ўзининг саҳифасида Олий Лига, Биринчи Лига 1-давра ўйинлари таҳлили билан бирга терма жамоамизга доир долзарб саволларга жавоб келтирди.

«АНДИЖОН» ОЛИЙ ЛИГАГА ҚАЙТА ОЛАДИМИ?
Олий Лига сарҳисобидан кейин Биринчи Лигадаги бош воқеа «Андижон»нинг Олий Лигага қайта олиш имкониялари ва умуман бу жамоанинг қуйи лигада ҳам иши нега юришмаётганлиги борасида фикрларим билан ўртоқлашмоқчиман.

«Андижон»ни қуйи лигадан Олий Лигага чиқарганимдан кейин орадан 3-4 йил ўтган бўлсада, бу жамоанинг натижаси мени беэътибор қолдирмайди. Клубнинг ғалабасидан қувонаман, мағлубияти эса хафа қилади. Афсуски, ҳалигача аксарият мухлислар жамоанинг муваффақиятсизлигига фақатгина мураббий айбдор деб ўйлашади. Аслида эса айнан «Андижон» мисолида айтиш мумкинки, мағлубиятнинг отаси сифатида фақат мураббийни кўрсатиш нотўғри. Эътибор беринг, мендан кейин Ашурматов, Гесс, Ковшов, Шевченко, Маматказин сингари мутахассислар ишлаган бўлишсада, «Андижон» Олий ва қуйи лига орасида сарсон-саргардон бўлиб юришда давом этмоқда. Бу клубда системанинг нотўғри эканлигини англатади.

Йил бошида «Андижон» бир оёқ билан Олий Лигага қайтишни ўйлаган чоғи, раҳбарият маҳаллий мутахассис Виталий Лигайни бош мураббий сифатида тайинлаб, кўпроқ эътиборни тажрибали футболчилар Анвар Бердиев, Санжар Асқаралиев, Иброҳим Отахоновларга қаратиб, айнан уларга ишонч билдирди. Аммо жамоанинг қуйи лигада ҳам пешқадам эмаслигини инобатга олсак, бу режа иш бермади. Яъни, жамоани фақат тажрибали футболчилар эмас, тажрибали мураббий қутқара олишини тушунишди чоғи, Усмон Тошевга ишонч билдиришди. Зеро, футболчилар учун ҳам номдор мураббий шарт. Чунки, Лигай яхши ёрдамчи мураббий, аммо бош мураббий эмас. Ҳозирги вазиятда «Цементчи», «Норин», «НБУ-Осиё», «Сурхон» клублари ҳам элитага чиқиш учун интилаётганликларини ҳисобга олсак, Тошев «Андижон»ни Олий Лигага қайтариши учун жиддий ишлашига тўғри келади. Бунинг учун эса клубга аввало олдинги хатолари дарс бўлиб хизмат қилиши керак. Чунки футболда майда-чуйда нарсалар бўлмайди. Клуб давралар оралиғида жиддий кучайса, Олий Лигага чиқиши мумкин. Усмон Тошев жамоани элитага қайтара олади.

БАБАЯННИНГ ҚОЛДИРИЛИШИ — ТЎҒРИ ҚАРОР
Анчадан буён миллий терма жамоамиз ўйини атрофида журналистлар, мухлислар ва умуман футбол жамоатчилиги иштирокида мунозаралар бўлмоқда. Терма жамоанинг ўйини, таркиби, мураббийи борасида қатор саволлар юзага келган.

Аввало ЎФФнинг бош мураббий Самвел Бабаянга яна имконият берганлигини тўғри қарор деб ҳисоблайман. Нега?

Аввало шуни айтишни истардимки, термамизнинг аксарият ўйинларидан кейин терма жамоамиз ўйинларини таҳлил этиб, Бабаянни танқид қилган бўлсамда, буни мураббийни яхши ёки ёмон кўрганлигимдан эмас, энг аввало ўша хатони бошқа такрорламаслик учун гапирганман. Буни тўғри тушуниш керак.

Бабаяннинг қолдирилишини тўғри қарор деб ҳисоблашимга, мураббийлик этикасидан келиб чиқишим сабаб бўлади. Ҳар қандай мураббийга имконият берилдими, ишини охиригача якунлашга имкон бериш шарт. Бабаяннинг ўрнида мен бўлганимда ҳам, вазифани бажариш учун охиригача имконият берилишини сўраган бўлардим. Сабаби ҳали терма жамоамизда 2-ўринни қўлга киритиш учун яхши имконият бор. Агарда, бундай имконият бўлмаганида мураббийни истеъфога чиқарилишини кутиш мумкин бўларди. Шундай экан, ҳозирда Бабаян ва терма жамоамизни қўллаб-қувватлашимиз жуда муҳим.

Тўғри, кўпчилик биздан яхшироқ ҳолатда бўлган Жанубий Корея нега унда бош мураббийини истеъфога чиқарди, дейиши мумкин. Гап шундаки, корейслар терма жамоада ўсиш кузатилмаётганлигини, жамоа инқирозда эканлиги ва ўз имконияти даражасида тўп сурмаётганлиги учун бош мураббий билан хайрлашишга қарор қилишди. Улар яқин орада бу аҳволга тушишмаганди. Чунки Қатар, Сурия каби жамоаларга қарши муваффақиятсизлик Жанубий Корея даражасидаги терма жамоа учун жуда ёмон натижа. Шу боис ўзгаришсиз натижа бўлмаслигини тушунишди.

ХОРИЖЛИК МУРАББИЙ ЁКИ МАҲАЛЛИЙ?
Аксарият мухлислар терма жамоага хорижлик мураббий керак деб ҳисоблашмоқда. Муҳим ўйинларимизга қисқа фурсат қолаётганлигини инобатга олсак, хорижликлар варианти иш бермайди. Фикримча, жуда зарур бўлган тақдирда ҳам, ўзимизни маҳаллий мураббийлар тандемига ишониш маъқулроқ. Яъни бир киши эмас, мисол учун Қосимов-Шквирин, Абрамов-Бердиев, Инилеев-Абдураимов ва ҳоказо. Бундай ҳолатда жамоага икки киши жавобгар бўлиши кўпроқ маъсулият юклайди. Бу мисол учун термада асосан битта клубнинг аъзолари эмас, айни дамда чинданам энг кучли бўлган футболчиларнинг тўпланишига сабаб бўлади. Айтганимдек, буни фақатгина вазият тақозо этса қилиш мумкин. Ҳозирда эса бош мураббий Бабаяннинг ўзига ишини якунлаши учун имконият бериш шарт эди. Азалий орзуимизга етишиш учун умид қилишда давом этамиз.

МУРАББИЙЛАР КЕНГАШИ НЕГА ЙЎҚ?
Миллий терма жамоамизнинг тайёргарлиги, натижаси, таркиб танлаш, муаммолар, ўйин услуби, футболчиларнинг ҳолати, тактика, терма жамоа ўйинига боғлиқ барча масалалар ҳозирги кунда фақат бош мураббийнинг зиммасида қолиб кетмоқда. Олдин эса ЎФФ қошида мураббийлар кенгаши бўлиб, унда Рустам Акрамов, Биродар Абдураимов, Аҳрол Иноятов, Юрий Саркисян, Рустам Мирсодиқов сингари тажрибали мураббийларга ҳисобот беришарди. Ҳозирги кунда эса терма жамоа бош мураббийи қилаётган ишлари борасида ҳеч кимга ҳисобот бермайди, фақат натижа борасида ЎФФ президентига ҳисобот беради. Аммо, терма жамоа атрофидаги саволлар, жумладан, терма жамоа қандай тайёргарлик кўрмоқда, нега мамлакат бош жамоасига ўйин амалиятига эга бўлмаган футболчилар чақирилмоқда, нега клубида гол уришда оқсаётган Игорь Сергеев доимо терма жамоа асосий таркибидан жой олаверади?

Мураббийлар кенгашида бош мураббий айнан мана шунақа тушунарсиз ҳолатлар борасида тушунтириш бериши керак аслида. Тўғри, бош мураббий натижага жавобгар, шу боис у ҳаммасини ҳал қилади. Аммо унинг хоҳлаганини қилиб, бу борада ҳеч кимга бўйсунмай, ҳисобот топширмаслиги нотўғри тушунча. Сурия билан ўйинда футболчиларимизда кучли иштиёқни кўрмаган бўлсак, Эронда мураббий имзоси йўқлиги учун мағлуб бўлдик. Лекин ўтган ўйинлардаги хатолардан тўғри хулоса қилсак, Хитой ва Жанубий Кореяни мағлуб эта олишимизга ишонаман.

Азамат АБДУРАИМОВ, «Эрудит Спорт» газетаси.


Манба: www.erudit-sport.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Азамат Абдураимовдан: Терма жамоага мураббийлар кенгаши керак!