Қамчи билан уриб даволаш ҳақида эшитганмисиз? Эсимда, ёшлигимизда оилада кимдир қаттиқроқ йўталиб қўйса ҳам момомиз — “Буни қўшни маҳалладаги кинначи опоқига олиб бориш керак, қамчиси билан уриб ўқиб қўйса, гижинглаган тойчоқдек чопқиллаб кетади”, — дердилар.
Тўғри, тиббиётнинг мазкур “замонавий” усулига ишонадиганлар ҳозир камдан кам топилади. Аммо қамчи зарбидан ҳар қандай одамнинг сергак тортиши бор гап. Бу ҳам, ҳалиги, киноларда кимдир ҳушидан кетаётган бўлса иккита тарсаки билан ўзига келтириб қўйишади-ку, шунга ўхшаган гапда…
Эскичаликни бас қилиб, футболга ўтсам. Шапалоқ ёки қамчи тўғрисидаги ишораларни эса йўл-йўлакай ўзингиз тушуниб оларсиз. Демак, кетдик…
Умар ака ва “Муштум”
Журналистикада фикрни сўзда эмас, балки ранг-тасвирда ифодалаш баъзан яхшироқ самара беради. Бир пайтлар “Муштум” журналида эълон қилинган биттагина ҳажвий сурат, жиддий нашрлардаги отнинг калласидек келадиган мақолаларга нисбатан оддий халқ ва “юқоридагилар” эътиборини кўпроқ тортган.
Масалан, ҳозир ҳам кўплаб футболчилар (айниқса Балотелли ва унинг чўчқачаси) шунингдек, футболга яқин инсонлар “Goal.com” сайтида фаолият юритаётган иорданиялик рассом-журналист — Омар Моманининг “назарига” тушиб қолишдан, “шу бўёғинг юзингга чаплангур нима ўйлаб топаркан”, — деб ҳадиксираб туради. Умуман, Моманини бутун дунё, жумладан юртимиз футбол ишқибозлари ҳам жуда яхши билади, карикатуралари катта қизиқиш билан кутиб олинади. Ҳажвчининг футболни ҳис қилиши, тушуниши, таъсирли-танқидий ғояларидан завқланади.
Кейинги пайтларда ўзимизда ҳам карикатурачилар кўпайиб қолди. Аммо, сезгандирсиз, савия — ер билан осмонча. Шундоқ расм дафтарга қора қалам билан бир-нарсалар қоралаб узатворишади. Замонавий компьютер графигидан фойдаланиш, узвийлик, давомийлик, “ялт” этган ғоя йўқ. Агар буни майдалашиш деб ҳисобласангиз, у ҳолда мақоланинг давоми сиз учун эмас!
“Туш асло ўнг бўлмас…”
“Международная панорама”, “Мир примьер лиги”, “90 минут +”, “После футбола с Георгим Черданцевым”, “Футбольная ночь”…Булар биргина Россиянинг «МатчТВ» каналлар тармоғидаги футболга бағишланган кўрсатувларнинг ўндан бири. Энг муҳими, улардаги таҳлилий-илмий ёндашув. Мабодо Россия терма жамоаси ютқазиб қўйса борми, ҳисоб-китобларни қалаштириб ташлашади: Ким қанча километр босиб ўтди? Мураббийнинг тактик схемаси нимага иш бермади? Ким ўйиннинг умумий манзарасини “бузиб” қўйди? Қайси ўйинчи тўп билан неча фоиз муомалада бўлди? Ўйиндан олдин кимнинг нима дарди бор эди?…Олди-қочди гаплар, умумий фикрларни эшитмайсиз улардан.
Бундан ташқари, ҳақиқий футбол шинавандалари дарвозага киритилган оддий голни ҳам мутахассис кўзи билан санъат асарига айлантириб берадиган — “Голлактика”, ҳар бир турдан кейин ҳакамларни битта-битта “патини юладиган”, уларнинг хатти-ҳаракатларини ҳали “ўпкалар совумай туриб” баҳолаб борадиган — “Свисток”…каби ижодий топилмалардан ҳам мазза қилиб баҳра олади.
Хўш, бизнинг ғарибгина каналимизда ана шундай кўрсатувлардан нечтасини санаб бера оласиз? Қийин-а? “ФИФА”, “Осиё футболи”… менимча, бўлди.
“Ижодий” топилмаларимиз шулардан иборат. Шунда ҳам бу чиқишларда асосан ахборот берилади. Битта сонида Тўхтабеков бошловчи, Мустафоев “мутахассис” вазифасини бажарса, кейинги сонда роллар алмашади. Таҳлил кам. Бори ҳам ҳалиги “Оловуддиннинг сеҳрли чироғи” фильмидаги шоҳ вазири — “Донолар доноси”нинг ўша машҳур “пурмаъно” ҳикматини эслатиб юборади: “Туш асло ўнг бўлмас, ўнг асло туш, агар ўнг туш бўлса, туш ўнг бўлур…Эй, бари бир гўр!”
“Тўп дарвозанинг юқори ўрта бурчагида”
Елагиннинг шарҳларини эшитгансиз. Бир маромда — аммо ҳис-ҳаяжон, спортча интеллект, футбол руҳиятига мос нозик сўз ўйинларига тўла. Ахбор ака Имомхўжаев услубини эслатади унинг шарҳи. Шунингдек, Александр Шмурнов, Константин Генич, Василий Уткин, Георгий Черданцев каби ҳақиқий футбол усталарининг шарҳлари сиз томоша қилаётган баҳсга янада жозиба ато этади.
Аслида, бир пайтлар бизда ҳам ушбу соҳада ўзига хос мактаб бор эди. Ахбор Имомхўжаев номи билан боғланадиган ушбу даргоҳдан марҳум — Давлат Турдиалиев, Мирзаҳаким Тўхтамирзаев, Хайрулла Хамидов, Даврон Файзиев каби ҳақиқатда нодир шарҳловчилар етишиб чиққан…Негадир ҳозир шу мактаб қаровсиз қолиб кетгандек. Бугун экран қаршисидаги мухлислар футболни “овозсиз” режимга ўтказиб кўришаяпти.
“Тўп дарвозанинг юқори ўрта бурчагига бориб тушди”, “Хозир араб футболчиси ўзбекистонлик рақибини бир қийшайиш билан алдаб ўтди”, “Мен юқорида таъкидлаб ўтганимдек”, “Мен ҳозиргина айтиб ўтгандим”, “Тўп ярим ҳаво бўйлаб узатилди”…сингари сийқа ва тутуриқсиз жумлалар уларни шунга мажбур қиляпти. Фожиа эмасми бу? Наҳотки, шундай мактабни “бериб” қўйган бўлсак!?
Мухлис эътирози
Ҳеч эътибор берганмисиз, Ўзбекистон терма жамоасининг мағлубияти билан тугаган ўйинлардан кейинги матбуот анжуманлари аксарият ҳолларда мухлислар эътирозига сабаб бўлади? “Комментлар”да асосан журналистларимизнинг савияси, савол бериш салоҳияти муҳокама қилинади. Ишонмасангиз, исталган футбол сайти архивини титкилаб кўринг! Мана улардан бири (Ўзбекистон-Эрон баҳсидан кейин ўтказилган матбуот анжуманига “юзер” реакцияси, маъноси сақланган ҳолда кичик таҳрир қилинган):
“Тушунмадим, Ўзбекистонда журналист зотига қирон келганми!? Матбуот анжуманида берилаётган саволларга эътибор қилинг: «Сурия Хитойни мағлуб этганидан ҳайрон қолдингизми?», «Майдон маркази сизни ташвишга солмаяптими?», «Рашидов кейинги баҳсда захирада қолиши мумкинми?»…
Менимча, матбуот анжуманига кирганлар ё ўйинни кўрмаган ёки Бабаян уларнинг «духини» олиб қўйган! Наҳотки, оддий мухлисининг ақли етиб турган нарсаларга, «журналистлар»нинг фаросати калталик қиляпти?
Нима учун ўз майдонида, мухлислар қаршисида ўйнаган жамоа рақиб дарвозасига бирор марта аниқ зарба йўллай олмади? (Ахир, бунақа ноёб ҳодиса дунё футболида, масалан Робинзон Крузо ороли ва Аргентина терма жамоалари ўртасида ўйин ташкил этилса, яна қайта кузатилиши мумкин);
Нега энди ҳужумда охирги марта қачон гол урганини ҳам эслолмайдиган «бомбардир» ҳаллослаб юрибди?;
Умуман, жамоа аслида қайси тактикада тўп суриши керак эди? Ёки майдонга «беш карра беш — 25» деб тушиб кетавердими?
Жаноб, сиз футболчиларни ўз принципларингиз асосида танлайсиз. Мабодо, ўша принциплар нималардан иборат эканини айтолмайсизми? «Пахтакор» ва МТЖ онангизни маҳрига қолганми?…
Наҳотки, шуларни сўрайдиган бирор мард йўқ!
Аксинча, хай-хай демасангиз, булар — «Самвел ака дўнг пешанангиз терлаб кетибди, ҳўллаб-ҳўллаб артиб қўяйми?» дейишдан ҳам ор қилмайди…”
Мана шунақа гапларда-ей! Тан олайлик, Ўзбекистонда футбол журналистикаси савияси, ҳозирча мақтагулик эмас. Ҳаминқадар. Жаҳон стандартлари талабларига жавоб беришига ҳали анча қовун пишиғи бор. Тўғри, интернет нашрлари фаолиятида янгилик, замонавийлик ва таҳлилга интилиш кучли. Аммо, телевидение, матбуот, радио футбол-журналистикаси — янги-янги ғоялар, қизиқарли лойиҳалар, таҳлилий дастурлар, чинакам ижодий изланишларга муҳтож.
Ишонаманки, кечагина Витянинг ўзбекистонлик журналистлар юзига туширган ҳаққоний тарсакиси уларни уйғотади, ўз устида янада кўпроқ ишлашга, изланишга, савия-салоҳиятини оширишга ундайди!
Манба: Fayzbog.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди