07:04 / 03.05.2018
3 298

Биродар Абдураимов Бабаяннинг хатоси, енгилтак футболчилар, ЖЧ фаворитлари ва бошқалар ҳақида

Биродар Абдураимов Бабаяннинг хатоси, енгилтак футболчилар, ЖЧ фаворитлари ва бошқалар ҳақида
Кеча ўзбек футболидаги таниқли шахлардан бири бўлган Эркин (Биродар) Абдураимовнинг Абдураимов билан суҳбат чоп этгандик. Бугун унинг давомини эътиборингизга ҳавола этамиз.

ЎЗБЕКИСТОН ТЕРМАСИНИНГ МУВАФФАҚҚИЯТСИЗЛИГИ ҲАҚИДА

Мен ҳам афсус билан қарши олдим, Ўзбекистон термасининг ўтган йилги омадсизлигини. Самвел Бабаянку очиқчасига қайсарлик қилди. У ҳақида гапириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Аммо, унинг ёрдамчилари Жалилов ва Ҳайдаровлар нега индашмади? Улар агар Бабаянга дўст бўлишса айтишлари керак эдику?! Нега индашмади? Улар Бабаяннинг қилаётан хатоларини кўрсатиб беришлари шарт эди.

Бизда таркиб ва маҳорат етарли. Футболчилар ҳам бор. Аммо, уларни ўйинга тайёрлай олишмаган. Руҳият ва физика устидан ишланилмаган. Шуларни барчаси охирида ўз "мевасини" берди.

Бизнинг таркибда кераксиз ва нўноқ футболчилар тўп сурди. Яхшироқлари бор эди, аммо кўришни исташмади. Оддий ўйинларда очко улашиб қўйдик. Футболчилар ҳам унчалик жон куйдиришмади, чоғи. Ўзи, вазият шунга қараб кетаётганди, аслида. Ўша кезлари кўп нарса ёмон томонга ўзгариб бўлганди.

БАБАЯННИНГ ҲОЗИРГИ ТАРКИБ ЭНГ КУЧЛИСИ, ДЕГАН ГАПЛАРГА МУНОСАБАТ

Сиз мендан ҳозирги таркиб Ўзбекистон футболи тарихидаги энг кучлиси, деб сўраяпсизми? Шу таркибни энг кучлиси дейишяптими? Қизиқ ... Унда менинг жавобим оддий. Ўзингиз хулоса қилаверинг.

Ҳеч замонда Шквирин билан Сергеевни таққослаб бўладими? Фёдоров билан Исмоиловничи? Сиз Қосимов билан Аҳмедовни таққослай оласизми?..

Тушундингиз, деб умид қиламан. Майли, энг зўр таркиб бўлса, бўла қолсин. Аммо, бизга натижа керак. Россиядан қолиб кетдик-ку?! Шу жавоб эмасми?

ЎЗБЕК ФУТБОЛИГА ШАХСЛАР КЕРАК ВА ФУТБОЛЧИЛАРНИ ТАРБИЯЛАШ КЕРАК

Терма жамоанинг муваффақиятсизлиги, стадионларда одамнинг йўқлигини биттагина омил билан ифодаласа бўлади. Футболга шахслар керак. Ҳа, ўзбек футболига кучли шахслар - ўйинчилар керак. Камида Қосимов даражасидаги футболчилар зарур бизга. Халқ шунда футболга қайтади.

Керакли натижаларни ҳам ўша шахслар қилади. Бу ойнадек равшан нарса. Бизда ҳам туғиляпти, иқтидорлар. Уларни жалб қилиш керак. Уларга имкон бериш керак. Кучли мураббийлар керак, ўзбек футболига.

Терма жамоага жалб қилинган барча футболчиларни базага қамаш зарур. Бу нима дегани? Улардан ҳозирги смартфонлар, ноутбуклар, виджетларни олиб қўйиш керак. Улар фақат кунига бир марта ота-онаси билан гаплаша олиши лозим. Муҳим ўйинлар олдидан қулоғига "наушник" тақиб олиб, олифтагарчилик қилиши керакмас.

Сиз термага жалб қилинган ёшларга эътибор берганмизсиз? Термага жалб қилинган футболчиларнинг айримларига бир қаранг: меҳмонхонанинг "ресепшн"ида бир чиройли қизни кўриб қолса, оғзидан суви оқиб, орқасидан кетиб қолади. Эртага муҳим ўйин эсдан чиқади қолади.

Унинг хаёлида нималар юрибди? Смартфон, Интернет ёки қизлар бўлиши керакмас. Уларнинг калласида фақат футбол бўлиши керак.

Шунинг учун футболчиларни қаттиқ режим остида базада сақлаш керак. Шунда натижа бўлади. Уларни ҳамма нарсадан чеклаш керак. Сен терма учун чақирилдингми, кечириб қўясан, ҳамма нарсани унут! Юртинг шаъни учун ишла, машғулотларда тер тўк.

Ишонасизми, ҳозиргилар ҳаттоки тўғри сув ичишни билишмайди. Машғулотдан кейин бўкиб ичиш бу иш эмас. Сув ичишни ҳам йўл-йўриғи бор.

ЖЧ-2018 ФАВОРИТЛАРИ ҲАҚИДА

Бу йилги Жаҳон чемпионати яхши бўлса керак. Футболчилар ҳам етилиб пишиб бўлишди. Энг зўрлар олдинга кетаверади. Аввалдан бирон нарса дейиш қийин.

Менимча, ғолиблик учун энг асосий даъвогар бу Германия термаси бўлса керак. Германияда ҳамма нарса маромда, камчилик йўқ. Бу йил ҳам катта мақсадларга эриша олиши мумкин, немислар.

Кейин мен Аргентинани айтган бўлардим. Месси ва унинг жамоадошлари яхши ўйнашса финалгача бора олишади. Бразилия ҳам сўзсиз учликка киради. Неймардан кўп нарса талаб қилинади.

Яна кимларни санаш мумкин? Бельгия, Франция ва Испанияларни ҳам ёддан чиқармаслик керак. Уларда имкон бор.

Россияга келсак: гуруҳдан чиқса катта натижа бўлади. Уёғига тўхтайди. Чунки, уларда ҳам футбол унчалик тўғри йўлдан кетмаяпти. Бу собиқ Иттифоқ давлатларига теккан касал.

ЗАМОН КИМНИКИ? КЕЛАЖАК ҲАҚИДА

Афсуски, бизнинг ёш ўтмоқда. Футбол бундай кейин фақат кучаяди. Сизлар Месси ва Роналду даврида яшаяпсиз. Кейинги авлод ҳам ҳадемай кеп қолади. Менимча, кейин юлдузлар Фирмино, Неймар, Лерой Сане, Кевин де Брюйнелар бўлса керак.

Бундай имконият Лотин Америка вакилларида кўпроқ. Сабаби, улар туғма техникага эга бўлишади. Улар Европада замонавий услублар билан янаям сайқалланишади, маҳоратларини оширишади. Биз ҳам шу йўлдан кетишимиз керак.

Кейинги юлдузлар Лотин Америкасидан чиқади, чамамда.

МОУРИНЬЮ ВА ГВАРДИОЛА ОРАСИДА ФАРҚ

Дарҳақиқат ҳозирда мана шу икки мураббий қолганлардан анча кучлироқ бўлса керак. Гвардиолада ўйинни ўқийдиган ва керакли кўрсатмаларни вақтида қила олиш қобилияти бор. У кучли тактик. Бекорга "Барселона"ни чўққига олиб чиқмаган.

Моуриньюга келсак: унинг услуби жисмоний куч ва тезликка қаратилган. У 1-рақам остида ўйнашни ҳамиша устувор деб билмайди. Футболчидан максимум қобилиятни "суғуриб" олади. Муҳим ўйинлар олдидан аниқ ва тўғри тактика топа олади. Шуниси билан у буюк.

Иккиси ҳам узоқ йиллар давомида ТОП-клубларда меҳнат қилса керак ҳали.

Арсен Венгер ҳақида ҳам икки оғиз айтсам. У ҳам ўзига яраша кучли мураббий. "Арсенал"нинг муваффаққиятсизлигида унинг унчалик ҳам қўли йўқ. Мен бир пайтлар у билан ишлаганман. Араб давлатларида Венгер маҳаллий мураббийларга сабоқлар берган. Ўшаларнинг бирида мен ҳам иштирок этганман.

ЎЗБЕК ФУТБОЛИ УЧУН ХИЗМАТ ҚИЛИШГА ТАЙЁРМАН

Мен айни пайтда жон деб ўзбек футболи учун билимларимни беришга тайёрман. Кўп йиллик тажрибамдан келиб чиқиб, у ёки бу жамоага ўз меҳнатимни беришдан қочмайман. Менга мурожаат қилишсин, фикримни эшитишсин. Ўзлариники билан таққослашсин.

Бундан фақат футболимиз ютади. Ўзбек футболидаги бўлаётган ишлар бир кун келиб ўз мевасини беришиги ишонаман.

Қатар ҳам қўлдан бой берилмаслиги учун ҳозирдан тамал тошини қўйиб бориш лозим. Ҳаммаси яхши бўлади.
Азизхон Акбаров суҳбатлашди

Манба: www.uff.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Биродар Абдураимов Бабаяннинг хатоси, енгилтак футболчилар, ЖЧ фаворитлари ва бошқалар ҳақида