06:30 / 16.06.2018
3 129

Райан Гиггз: Ўзбекистонда ишлаш? Ҳеч қачон «ҳеч қачон» дема!

Райан Гиггз: Ўзбекистонда ишлаш? Ҳеч қачон «ҳеч қачон» дема!
Катта футбол мусобақаларида дунё футболидаги таниқли шахсларни учратиш қийин эмас. Улардан айримлари футболчилик фаолиятини якунлаб, шу соҳада экспертлик қилишни давом эттиришади. Гапга чечанглари эса, шарҳловчи ҳам бўлиб кетади. Бунақалар жуда кўп.

"Лужники" стадионининг Медиа-марказида Англиянинг "Манчестер Юнайтед" клуби афсонавий собиқ ярим ҳимоячиси Райан Гиггзни учратиб қолдим. Инглиз журналистларидан "ортиши"ни кутиб туриб, ёнига бордим ва ўзимни таништирдим. Уэльслик юлдуз ўзини камтарона тутди ва менинг саволларимга тезда жавоб қайтаришга рози бўлди. Мен ҳам унинг вақтини олмадим.

- Мистер Гиггз, Good day, икки дақиқа вақтингизни олсам майлими?
- Салом, бемалол. Испанияликмисиз?

- Йўқ, мен Ўзбекистонданман, Осиёнинг иссиқ ўлкасидан. Бу ерда журналистлик қиляпсизми?
- Аниқроғи экспертлик борасида ўз фикрларимни беряпман. Англия ва Уэльс матбуотига у-бу нарса дегандек.

- Тушунарли, айтингчи Жаҳон чемпионатини Россияда ўтишига сиз қарши бўлмадингизми? Чунки кўплаб европалик журналистлар бу нарсага байкот сифатида қарашди.

- Мен футбол ва сиёсатни аралаштирмаган бўлардим. Ҳатто у Эрон ёки Шимолий Кореяда ўтса ҳам. Тўғри, айрим чекловлар бўлиши мумкин. Лекин буни тўғри қабул қилиш керак. Россияга келсак: бинойидек Европа давлати. Бемалол катта турнирларни қила олишини кўрсатиб берган.

- Россия ҳамда Саудия Арабистони ўйини ҳақида нима дея оласиз? Мен масалан, арабларнинг ўйинига бефарқ эмасман...
- Қитъадошингиз бўлгани учунми? Нима дейишим мумкин? Иккиси ҳам ҳаяжон билан тушади. Дастлабки 15-20 дақиқадан кейин мўътадил футбол кўришимиз мумкин. Россия ғалаба қозонади, сўзсиз. Бунақа пайт уларга 12-ўйинчи бўлиб мухлислар қўшилиб кетади.

- Гапингиз тўғри. Уэльснинг мундиалга кела олмаганини қандай изоҳлардингиз?
- Шу саволингизга жавоб бермай. Жуда кўп маротаба шуни сўрашади. Мен қаердан ҳам билардим? Бу футболчиларга боғлиқ омил. Қаердадир нимадир ўхшамай қолган.

- Яхши. Англия терма жамоаси қаергача боради, деб ўйлайсиз?
- (бироз ўйланиб) Мен кучли саккизликка илинишига аминман. Адашмасам гуруҳдан чиқса Колумбия, Сенегал, Польша ва Япониялардан бирига тўқнаш келади. Уларнинг исталганидан ўта олади.

- Бу саволни бермасам бўлмайди. ЖЧ-2018 ғолиблигига асосий даъвогар ким ва Англия чемпионатида кўплаб учратиш мумкин бўлган французлар ҳақида нима дея оласиз?
- ЖЧ-2018 фаворити деб мен Аргентинани айтган бўлардим. Бу йил Месси ғолиб бўлиш учун қўлидан келганча ҳаракат қилади ва у ҳаракат қилишга ахд қилса - бунга эришиб ҳам қўяди. Франция ... ҳа уларда кучли футболчилар бор. Лекин, 98-йилги футболни кўрсата олишмайди, барибир.

- Бунинг учун Зидан бўлиши керак демоқчисизда?
- (кулиб) Maybe.

- Жаноб Гиггз, вақтингизни олмайман, охирги саволим. Ўзбекистон футболи ҳақида эшитмаган бўлсангиз керак-а? Агар сизбоп маош таклиф қилишса бизнинг юртда ишлармидингиз?
- Бир жуда тўғри айтилган ибора бор: ҳеч қачон "ҳеч қачон" дема. Мамлакатингиз футболи ҳақида кўп нарса билмайман. Юртингизда ишлашга келсак: сиз мураббий сифатида деяпсизда?

- Ҳа, миллий термамиз бош мураббийи бўлармидингиз?
- Ўйлашимча, Ўзбекистонга бориб ишлашимга қўйишмаса керак. Буюк Британиянинг ўзида ўнлаб таклифлар олганман ва олаяпман. Балки, келажакда Осиё футболида ҳам ишларман. Жумладан, сизнинг юртингизда ҳам. Фақат бунинг учун жуда кўп нарсалар бир-бирига мос келиши керак. Демоқчиманки, бу ерда гап пулда эмас. Шароит, муносабат, ишга билмасдан туриб аралашавериш ва ҳоказо кўп жиҳатлар бор.

- Thank you, legend...
- (бош бармоғини кўрсатиб) Nice!

Манба: www.uff.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)