17:44 / 18.08.2018
3 067

Санжар Турсунов: "Купер терма жамоамизни ЖЧга олиб чиқа олади"

Санжар Турсунов: "Купер терма жамоамизни ЖЧга олиб чиқа олади"
Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод ярим ҳимоячи Санжар Турсунов фаолиятини Жанубий Корея чемпионатида давом эттиряпти. Ҳамюртимиз K2-лига (бизнинг Про-лига билан тенг мақом) вакили ҳисобланган «Тэджон Ситизен» клуби билан шартнома имзолади.

У эркин агент мақомида кореяликлар таркибига бориб қўшилди. Эътиборлиси, Санжар бу клубда ёлғизланиб қолмайди. «Тэджон» шарафини яна бир футболчимиз Шоҳруҳ Гадоев ҳам ҳимоя қилиб келмоқда.

«Бунёдкор»нинг собиқ ярим ҳимоячиси аввалроқ шу клуб аъзосига айланиб улгурганди. Энди ўзбекистонлик икки футболчи «Тэджон Ситизен»нинг икки қанотида жавлон уришади.

Турсуновнинг дебюти ўзи учун омадли келди. «Тэджон Ситизен» клуби ўз майдонида «Гвангжу» жамоаси билан дуранг ўйнади. Мезбонларнинг ягона жавоб тўпига айнан Санжар муаллифлик қилди.

Захирадан майдонга тушган Турсунов 84-дақиқада рақиб дарвозасини ишғол қилиб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди. Унгача 19-дақиқада Жунг Йеонг Чонг ҳисобни очишга улгурганди.

Биз ушбу учрашувдан сўнг Санжар Турсунов билан боғланиб, ундан эксклюзив интервью олдик. Маълумот учун, ҳамюртимиз ўтган мавсумни Қатарнинг «Ҳарайтият» жамоаси сафида ўтказганди.

- Санжар, Жанубий Корея клубига ўтишингиз қай тарзда амалга ошди?
- Трансфер жуда ҳам тез суратда рўй берди. Музокаралар 3-4 кун давом этди. «Тэджон Ситизен» клуби раҳбари ва яна бир жамоа вакили Тошкентга атайин ушбу трансферни амалга ошириш учун етиб келишди.

Айтмоқчи бўлганим, улар бу ишга профессионал ва жиддий тарзда ёндашишди. Юзма-юз кўришиб, музокара ўтказганимиздан сўнг шартномага имзо чекдик. Корея клуби расмийлари Тошкентнинг ўзида виза олишимга яқиндан ёрдам беришди.

Ўзлари Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги элчихонасига бориб, жараённи тезлаштиришди. Мен бу каби ўз ишига профессионал ёндашган клуб вакилларини биринчи бор кўришим. Очиғи, бундан ҳайратга ҳам тушдим.

- Олдингизда вариантлар етарли эди. Нима учун айнан Жанубий Корея?
- Ҳа, таклифлар етарлича бўлди. Лекин бир нечта омиллар сабаб Жанубий Корея клубидан тушган таклифни афзал билдим. Биринчидан, фаолиятимни яна легионер сифатида давом эттираман. Иккинчидан, клуб раҳбарларининг бу трансферга профессионал тарзда ёндашгани.

Энг асосийси эса, рафиқам корейс тилини жуда яхши билади. У беш йил давомида Тошкент давлат шарқшунослик институтининг корейс тили бўлимида таҳсил олган.

Шунча йил давомида олган билимини бевосита Жанубий Кореяда яшаб, мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлади. Ана шу санаб ўтган омиллар «Тэджон Ситизен» жамоаси билан шартнома имзолашимга сабаб бўлди.

- Пойтахтимиз «Тэджон» жамоаси раҳбарларида қандай таассурот қолдирди?
- Жуда катта таассурот билан қайтишди. Ҳар бир соҳада бўлаётган ўзгаришларни кўриб хурсанд бўлишди. Икки мамлакат ўртасида барча йўналишларда ривожланиб бораётган ҳамкорлик спортда, хусусан, футболда ҳам кўзга ташланаётганидан қувонганликларини айтишди.

Эътиборлиси, шартнома ҳам Тэджонда эмас, аксинча, Тошкентда имзоланди. Маълумот учун айтишим мумкин, «Тэджон Ситизен» клуби билан икки ярим йиллик битимга имзо чекдим. Улар яқин орада ҳеч бир футболчига бундай узоқ муддатли шартнома таклиф қилмаганликларини айтишди. Ўзаро ишонч борлигидан хурсанд бўлдим.

- Ўзимизнинг «Локомотив» ҳам сизни ўз сафида кўриш истагини билдирган экан. Ушбу маълумот қанчалик ҳақиқатга яқин?
- Йўқ, буни тасдиқлай олмайман. «Локомотив» билан ҳеч қандай музокара ўтказмадим. Аксинча, пойтахтнинг бошқа бир клуби «Пахтакор» томонидан қизиқиш билдирилди. Ҳатто ўзаро музокаралар ҳам олиб борилди.

Якунда яна бир неча мавсумни хориж чемпионатида ўтказиш ҳисси устунлик қилди. «Тэджон Ситизен» раҳбарининг шахсан ўзи қизиқиш билдириб, Тошкентга музокара ўтказиш ва шартнома имзолаш учун келгани якуний қарорни қабул қилишимда муҳим роль ўйнади.

- Ўзбекистон чемпионатида кам маош сабаб ўйнамасликка қарор қилдингизми ёки бошқа омиллари ҳам борми?
- Очиғини айтсам, маош бу ерда ҳеч қандай роль ўйнамади. Ўзбекистон чемпионатида иштирок этаётган етакчи клубларимиз ҳам футболчиларга ёмон маош таклиф қилишмаяпти.

Шунчаки, хориж чемпионатида, хусусан, Жанубий Кореяда ўйнаш иштиёқи менда кучлилик қилди. Насиб қилса, ҳали Ўзбекистон чемпионатида ҳам ўйнашга улгураман.

- «Ҳарайтият»да ҳам қолишингиз мумкинмиди?
- Тўғрисини айтаман, Қатар клубида қолишни унчалик ҳам хоҳламадим. Ўзига яраша сабаблари бор эди. Охирги пайтларда «Ҳарайтият»да қайси чизиқда муаммо юзага келса, мураббийлар мени ўша жойда ўйнатишаётган эди.

Ҳимояда ўйнадим, таянч зонасида, ўнг қанот ярим ҳимоячиси сифатида ҳам ҳаракат қилдим. Фақат марказий ҳимоя зонасида ўйнамадим ва дарвозада турмадим. Бу ҳолат бироз менга ёқмади. Худди ўт ўчирувчига ўхшаб қолгандим.

- Қатар ёки бошқа араб жамоаларидан таклиф олмадингизми?
- Жиддий таклифлар бўлмади. Шунчаки, қуруқ қизиқишлар, гап-сўзларга унчалик эътибор қаратмадим. Жанубий Корея клуби астойдил қизиққани учун шу жамоа билан музокара олиб бордим.

- «Ҳарайтият» сиз билан тўлиқ ҳисоб-китоб ишларини амалга оширдими?
- Бу борада ҳеч қандай муаммо бўлмади. Хабарингиз бор, Қатар чемпионатида легионерларнинг маошини миллий олимпия қўмитаси тўлайди.

Бу нарсага жиддий эътибор қаратади. Хорижлик футболчи ва мураббийлар билан ҳар доим тўлиқ ҳисоб-китоб қилинади. Клуб раҳбарлари ҳам очиқ юз билан хайрлашдилар, бир-биримизга омад тиладик.

- Янги жамоангиздаги илк таассуротларингиз қандай бўлди?
- Ҳаммаси аъло даражада кечяпти. Ҳатто ўйлаганим ва кутганимдан ҳам яхшироқ таассуротлар қолмоқда. Жуда илиқ кутиб олишди. Шаҳар ҳам менга маъқул келяпти. Бу ерда футболни яхши кўришаркан. Стадион жаҳон талабларига тўлиқ жавоб беради.

Мухлислар ўйинларни жонли кўриш учун стадионларга «оқиб» келишар экан. Шароитлар аъло даражада. Чемпионати ҳам кучли кўриняпти. Бежизга Россиядаги жаҳон чемпионатига Жанубий Корея терма жамоаси мураббийлари К2-лигадан ҳам футболчиларни олишмаган экан.

Айтмоқчи бўлганим, Корея биринчи лигаси К-Лигаси билан катта фарқ қилмайди. Чемпионатлар ўртасидаги савия ва тафовут бир-бирига жуда яқин.

- «Тэджон»даги шароитлар ўйлаганингиздек бўлиб чиқдими?
- Айтиб ўтганимдек, шароитлар аъло даражада. Клуб базаси билан ҳам яқиндан танишиб чиқдим. Бир сўз билан айтганда, ҳаммас супер. Футболчилар учун барча шароитлар муҳайё қилиб қўйилган. Бу ерда фақат футбол ўйнаш ҳақида ўйлайсиз.

- Қаерга жойлашдингиз? Расмий тақдимот маросими ўтказилдими? Нечанчи рақамни танладингиз?
- Охиридан бошлайман. Тўққизинчи рақамли футболкани танладим. Тақдимот маросими ва фотосессия ўтказилди. Ҳаммаси аъло даражада бўлди. Ҳозирча Шоҳруҳ Гадоевнинг уйига жойлашганман.

Бу вақтинчалик ҳолат. Бир-икки кун ичида янги хонадонга кўчиб ўтаман. Ҳозирда клуб раҳбарлари Шоҳруҳнинг уйига яқинроқ жойдан квартира излашяпти.

- Бу клубни танлашингизга Шоҳруҳ Гадоевнинг шу жамоада ўйнаётгани ҳам сабаб бўлдими?
- Албатта. Бу ҳам асосий омиллардан бири бўлди. Адашмасам, икки ўзбекистонлик футболчининг Жанубий Корея чемпионатидаги бир жамоа таркибида ўйнаши биринчи марта рўй берди.

Шоҳруҳнинг ўзи билан ҳам бу борада кўп гаплашдик, маслаҳатлашдик. Гадоевдан яхши фикрларни эшитганимдан сўнг кичик иккиланишлар ҳам қолмади.

- Рафиқангиз корейс тилини билади. Шу маънода тил борасида муаммо бўлмаса керак?
- Худди шундай. Қолаверса, турмуш ўртоғим инглиз тилини ҳам яхши билади. Лекин бу ерда таржимонимиз бор. Клубда Шоҳруҳ иккимизга ёрдам бериб туради.

- Жамоангиз олдига аниқ вазифа қўйилганми?
- Билишимча, бу йилги вазифа имкон қадар чемпионатни юқорироқ ўринларда якунлаш бўлади. Ҳозирги турнир жадвалидаги ҳолатимиз қониқарли даражада эмас. Лекин вазиятни ўнглаш учун имкониятларимиз етарли.

Жамоа раҳбарияти таркибни кучайтириш учун астойдил ҳаракат қилибди. Келаси йили «Тэджон Ситизен» Жанубий Корея чемпионати олий лигасига чиқиш учун кураш олиб боради.

- Дебют ўйинингиздаёқ рақиб дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлдингиз...
- Мураббийларимиз билан суҳбатлашганимиздан сўнг мени иккинчи бўлимда майдонга туширишлари маълум бўлди. Ўзим ҳам бирданига бошланғич таркибда ўйнашни истамаётгандим. Ҳар қандай клубда ҳам шундай ҳолат бўлади. Секин-аста янги жамоа ўйинига мослашиб борасиз.

Биринчи учрашувдаёқ дарвозани ишғол қилганимдан ва мана шу гол жамоамни мағлубиятдан қутқариб қолганидан хурсанд бўлдим. Ўша вазиятда жамоадошларим билан бир-биримизни тушуниб ўйнадик. Насиб қилса, кейинги ўйинларда ғалаба тўпларини киритишга интиламан.

- Миллий терма жамоамиз бош мураббийлигига Эктор Купернинг тайинланишига қандай муносабат билдирасиз?
- Купер жаҳон футболида катта обрў-эътиборга эга мутахассис. Фаолияти давомида Европанинг кўзга кўринган клубларида ишлаган. «Валенсия», «Интер» жамоаларида фаолият юритгани ва бу клублар билан эришган ютуқлари мураббийнинг қандай даражада эканлигини кўрсатиб турибди.

Охирги ишлаган жойи Миср термаси бўлди. Муҳаммад Салоҳ бошчилигидаги жамоа билан Россиядаги жаҳон чемпионатида иштирок этди. Энди унга тўлақонли баҳони миллий жамоамиздаги фаолиятига қараб бериш мумкин. Олдинда Осиё кубоги ва кейинги жаҳон чемпионатининг саралаш учрашувлари бор. Биринчи галда Осиё кубогида синовдан ўтади.

Илк баҳони айнан 2019 йилнинг январь ойида БААда ўтказиладиган турнирдан сўнг бериш мумкин бўлади. Ассоциация раҳбарлари катта ишонч билдириб, 3+1 кўринишида шартнома имзолашди. Ўйлаймизки, Эктор Купер бу ишончни оқлаб, терма жамоамизни орзиқиб кутилаётган жаҳон чемпионати финал босқичига олиб чиқади.
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Манба: interfutbol.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Санжар Турсунов: "Купер терма жамоамизни ЖЧга олиб чиқа олади"