17:14 / 07.09.2018
3 300

Эктор Купер: "Терма жамоадан натижа кутишга ҳали эрта" (тўлиқ матн)

Эктор Купер: "Терма жамоадан натижа кутишга ҳали эрта" (тўлиқ матн)
Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер Сурияга қарши ўртоқлик учрашувидан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди ва журналистлар саволларига жавоб қайтарди.

“Албатта, барча мухлислар янги мураббийнинг илк ўйинида ғалаба кутади. Мен ҳам бундан мустасно эмасман. Мураббийлар биринчи навбатта дебют учрашувни ғалаба билан бошлашни исташади.

Бугунги ўйинда баъзи вазиятларда бизга омад кулиб боқмади, баъзи ҳолатларда эса омадимиз кулди. Хулоса қилиб шуни айтишим мумкинки, футболчилар билан 10-12 кун бирга ишлаган бўлсак, бир қатор кўрсатмаларимни тўғри тушунишган ва уни амалда қўллашга уринишмоқда, бироқ баъзи ҳолатларда мени тушунмаганликлари ҳам кўриниб қолмоқда. Ўйинимизни яхшилашимиз керак, янгилик киритишда давом этамиз.

Илк имтиҳонимиз ёмон ўтмади, бу ўйин менда яхши таассурот қолдирди. Катта ўзгаришлар киритиш учун бизда кўп вақт йўқ эди. Кейинги ўйинларда жамоанинг ҳақиқий қиёфаси ва кучини кўриб оласиз. Умумий хулоса, футболчиларнинг ҳаракатларидан қониқдим”.

Навбат савол-жавобларга берилди.

– Ўзбекистон ҳатто энг ёмон даврларида ҳам ўз майдонида ҳимоявий ўйин кўрсатмаган, айниқса Суриядек жамоаларга қарши. Нимага бугун ҳимоявий ўйин тактикаси танланди?

– Бу биринчи ўйин. Ўтган кунги матбуот анжуманида айтиб ўтгандим, бу ўйиндан катта ўзгаришлар ва мўъжиза кутиш ярамайди. Ҳимоявий ҳаракатларга келсак, биз ҳимоядаги ўйинни текшириб кўрдик, яъни ҳимоялана оламизми шуни кўрдик. Фарқи йўқ 4та футболчи билан ҳимояланадими ёки 5та, асосийси терма жамоа ҳимояда ўйнашни ҳам билиши керак.

Суриядек жамоалар билан ҳеч қачон ҳимояда ўйнамаганмиз деяпсиз. Аммо шундай ўйнашга тўғри келадиган вазиятлар ҳам бўлиб қолади. Шу сабаб, якуний хулоса чиқармаслигингизни сўрайман. Ҳали олдинда Осиё кубоги, ЖЧ саралаш ўйинлари бор. Унгача терманинг ўйини ҳам ҳимоявий, ҳам ҳужумкор жиҳатдан анча ўсишга эришади.

Биз бугунги ўйинда кўплаб янги тактикаларни синаб кўрдик, ҳимояда ҳам ҳужумда ҳам. Бундан қониқдим. Агар бизда умуман имкониятлар бўлмаганда эди, мен бу ўйиндан қониқмадим ва хавотирларим бор, дея айтган бўлардим. Аммо кўрмоқдаманки, имкониятлар бор. Ҳимояда ҳам яхши ҳаракат қилдик, бироқ баъзи ҳолатларда ўтказиб юборган пайтларимиз ҳам бўлди.

– Ўзбекистон терма жамоаси билан илк ўйинни ўтказдингиз. Ушбу учрашувдан сўнг сизни эътиборингизни тортган энг катта камчилигимиз нимада?

– Битта муаммони аниқ ажратиб кўрсата олмайман. Мана бу ерда муаммо бор ва шуни бартараф қилишимиз керак, деб айта олмайман. Умумий олганда муаммолар жуда кўп.

Тўғри тушунамиз, мухлисларга 3-4 та тўп фарқи билан ғалаба қозонишлар ёқади. Аммо ўртоқлик ўйинларидан натижа кутишга ҳали эрта. Бу ўйинлардан асосий мақсад ғалаба эмас, ўйинчиларни синаб кўриш.

Қаерда хатоларимиз борлигини ўйин давомида кузатиб бордим, бироқ шу ўйин билан барча хатоларни тушуниб етдим деб айтолмайман. Ўрганиш жараёни кейинги ўртоқлик ўйинларида ҳам давом этади.

– Бугун МТЖ 2-3 йилдан бери кўрсатаётган ўйин услубини кўрдик. Шундан келиб чиқиб, сиз жамоага ўзингиздан нима қўшмоқчисиз? Нималарни ўзгартира олдингиз ва нималар ўхшамади?

– Терма жамоанинг аввалги ўйинларини ёмон деб айта олмайман. Киритган янгиликларимга келадиган бўлсак, бу биринчи навбатда ҳимоявий янгиликлар. Жамоани яхшироқ ҳимояланишга ўргатишга ҳаракат қилдим.

Биз рақиб дарвозаси томон бугунгидек 4 марта эмас 14 марта зарба беришимиз мумкин, аммо бу ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Сўнгги дақиқадаги вазият голга айланганда, ҳозир кўпчилик учун “олам гулистон” бўларди. Худди биз ғалаба қозонгандек. Лекин бу мен учун ҳеч нарсани ўзгартирмас эди. Менга натижа эмас, футболчилар менинг кўрсатмаларимни тушуняптими ёки йўқ, шуни аниқлаш энг муҳим эди.

Шу сабаб шошилмасликни сўрайман. Сизлардан энг катта сўрайдиган нарсам – бу сабр. Сабр қилсангиз натижа ҳам чиройли ўйин ҳам албатта бўлади.

– Биринчи бўлимда сиз шогирдларингизга бир қатор кўрсатмалар бердингиз. Аммо улар бу кўрсатмаларни тушунмаётгандек кўринди. Ўрталарингдаги тушунмовчиликка нима сабаб бўлди ёки рақиб бунга йўл қўймадими?

– Ўйинчилар бир-бири билан тушунмовчиликка борди деб айта олмайман. Чунки улар анчадан буён бир-бири билан ўзаро ўйнаб келмоқда. Аммо менинг кўрсатмаларимни баъзиларини улар тушунишмади.

Улар тактикани тўлиқ ўзлаштира олмаганликлари учун баъзи жиҳатларда бизда камчиликлар бўлди. Олдинда Эрон билан ўйинимиз бор, унда ҳам турли янгиликларни синаб кўрамиз. Бу ўйинда тушмаган футболчилар кейинги баҳсда майдонга тушишлари мумкин. Балки умуман бошқача таркиб майдонга тушар...

Иккала ўйиндан мақсад жамоани ўрганиб олиш, футболчиларнинг ҳолатини кўриб олиш. Бугунги ўйинда тушунмоқчиликлар бўлган бўлиши мумкин, лекин Эрон билан ўйинда бундан яхшироқ ҳаракат қилишади.

Манба: www.uff.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Эктор Купер: "Терма жамоадан натижа кутишга ҳали эрта" (тўлиқ матн)