АҚШда хитойлик жосус аёл қўлга олинди: у кимни кузатган?

АҚШда хитойлик жосус аёл қўлга олинди: у кимни кузатган?
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • АҚШда 34 ёшли Ванъин Чжан Хитой расмийлари топшириғи билан Тайван Президенти Лай Синденининг ўғилларидан бирини кузатганликда гумонланиб ҳибсга олинди.
  • У 2025 йилда Сиетлда Тайван Президентининг ўғли ва оила аъзоларини кузатиб, уларга оид маълумотларни Хитойга етказган.
  • Чжан АҚШда хорижий давлатнинг рўйхатдан ўтмаган агенти сифатида фаолият юритганликда айбланмоқда.

АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) Калифорнияда истиқомат қилувчи 34 ёшли аёлни Хитой расмийлари топшириғи асосида Тайвань Президенти Лай Циндэнинг ўғилларидан бирини кузатганликда гумонлаб ҳибсга олди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Маълум бўлишича, Хизер номи билан танилган Ванъин Чжан 4 октябрь куни Лос-Анжелес халқаро аэропортида қўлга тушган. У шу пайтда Хитойга парвоз қилишга тайёргарлик кўраётган бўлган. Чжанга хорижий давлатнинг рўйхатдан ўтмаган агенти сифатида фаолият юритганлик бўйича айблов қўйилган.

ФҚБ маълумотларига кўра, Чжан 2025 йилда Хитой расмийларининг топшириғи билан Сиэтл шаҳрига борган. У ерда Тайвань Президентининг ўғли ҳамда унинг оила аъзоларини кузатиб, уларга тегишли фотосуратлар, видеолар ва автомобиль давлат рақамлари ҳақидаги маълумотларни Хитой расмийларига етказган.

АҚШ Марказий Калифорния округи бўйича бош прокурорининг биринчи ёрдамчиси Билл Эссайлининг таъкидлашича, Чжан қўлга тушмаслик учун махсус чора ва усуллардан фойдаланган. Шунингдек, у хорижий ҳукумат топшириғи асосида иш олиб бораётганини АҚШ расмийларига маълум қилмаган.

Тайвань президентлик идораси эса Чжаннинг ҳаракатларини “трансмиллий репрессиянинг одатий ҳолати” сифатида баҳолади. Идора вакиллари Тайвань фуқароларини ҳимоя қилгани учун АҚШ ҳукуматига миннатдорлик билдирди.

“Мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари ва давлатлар суверенитетини менсимасликка асосланган бундай ваҳшиёна хатти-ҳаракатларни қатъий қоралайди”, — деди президентлик идораси вакили Карен Куо.

Айни пайтда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги “Reuters” томонидан изоҳ сўраб юборилган мурожаатга ҳозирча жавоб қайтармаган. Шунингдек, Чжаннинг адвокати бор-йўқлиги ҳам ҳозирча маълум эмас.

Қайд этилишича, у 6 октябрь куни Лос-Анжелесдаги федерал судда иштирок этиши кутилмоқда. Судда унга қўйилган айбловлар бўйича дастлабки процессуал масалалар кўриб чиқилиши мумкин.

Маълумот учун, Лай Циндэ ва у раҳбарлик қилаётган Демократик прогрессив партия Тайваннинг Хитойдан алоҳида ўзига хослигини мунтазам равишда таъкидлаб келади. Пекин эса Тайванни Хитой ҳудудининг бир қисми деб ҳисоблайди.

Лай Циндэ оролнинг келажаги билан боғлиқ масалани фақат Тайвань халқи ҳал қилиши мумкин, деган позицияни билдириб келади.

АҚШ Тайвань билан расмий дипломатик муносабатларга эга эмас. Шунга қарамай, Вашингтон оролнинг энг муҳим халқаро ҳамкорларидан бири ва асосий қурол етказиб берувчиси ҳисобланади.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар