20:30 / 06.11.2018
3 816

Ўзбекистонда спортни оммалаштириш учун Хитой тажрибасидан фойдаланилади

Ўзбекистонда спортни оммалаштириш учун Хитой тажрибасидан фойдаланилади
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида Хитой Халқ Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштиришда ўзаро тажриба алмашиш, спорт медицинаси ва соҳа мутахассисларини тайёрлаш каби йўналишлардаги алоқаларини янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.

Тадбирда сўз олган Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев президент томонидан юртимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, ушбу йўналишда Хитой тажрибасини ўрганиш бўйича қатъий вазифалар берилганини таъкидлаб, Ўзбекистонда спортни оммалаштиришнинг Миллий концепциясини ишлаб чиқишда Хитой тажрибасидан фойдаланиш режалаштирилаётганини маълум қилди.

“Ўзбекистон президенти томонидан спортни ривожлантириш бўйича айнан Хитой тажрибасини ўрганиш вазифаси берилганини хурсандчилик билан қабул қилган эдик. Ўзбек спортчиларининг нуфузли халқаро мусобақаларда қўлга киритаётган ютуқлари таҳсинга сазовор. Хитойда спортчиларни тайёрлаш ва спортни оммалаштириш бўйича амалга оширилган лойиҳалар яхши натижа бермоқда. Ушбу тажрибалар билан ўртоқлашиш ва Ўзбекистонда спортни ривожлантиришга кўмаклашишга тайёрмиз”, деди элчи Цзян Янь.

Якунда томонлар Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳузурида Спорт медицинаси бўйича илмий-тадқиқот лабораториясини ташкил этиш, Пекин спорт университети билан қўшма факультетлар очиш, енгил атлетика, сув спорти ва қишки спорт турларида спортчиларни тайёрлаш ҳамда икки давлатнинг спорт соҳаси бўйича бошқарув органлари делегациялари ташрифларини ташкил этиш каби масалалар бўйича ҳамкорликда ишлашга келишиб олишди.

Бугунги кунда оммавий жисмоний тарбия Хитойнинг давлат стратегияси бўлиб улгурган. Бу йўналишда Умумхалқ жисмоний тарбия куни таъсис этишдан бошлаб Давлат Кенгаши томонидан аҳоли ўртасида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришнинг беш йиллик режаси расмий қабул қилингунигача бўлган узоқ йўл босиб ўтилган. Хитойда ҳар учинчи киши спорт билан шуғулланса, ҳар бешинчи одам стол тенниси ва бадминтон ўйнайди. Жисмоний тарбия ва спортга Хитойда иқтисодиётнинг бир тармоғи сифатида қаралиб, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2000 йилда 10 млрд АҚШ доллар ёки 1 фоизни ташкил этган бўлса, прогнозларга кўра 2020 йилга келиб 1,5 фоизгача ошади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистонда спортни оммалаштириш учун Хитой тажрибасидан фойдаланилади