22:07 / 15.12.2018
2 701

Игнатий Нестеров: "Эктор Купер учун тартиб биринчи ўринда"

Игнатий Нестеров: "Эктор Купер учун тартиб биринчи ўринда"
Turon24 Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси томонидан уюштирилган мавсумнинг энг яхшиларини тақдирлаш маросимида Ўзбекистон терма жамоаси дарвозабони Игнетий Нестеров билан эксклюзив интервью ташкиллаштирди.

— Мавсумнинг энг яхши дарвозабони унвони сизга эмас, Элдор Суюновга топширилганига қандай муносабат билдирдингиз?
— Мен шунчаки ўрнимдан турдим-у, чиқиб кетдим. Мен ҳатто йил рамзий терма жамоаси эълон қилинишини ҳам кутганим йўқ.

— Фикрингизча, Суюнов ушбу унвонга қанчалик муносиб?
— Бизга ҳеч нарса боғлиқ эмас. Энг яхшилар ПФЛ ва мухлислар томонидан танланди. Биз фақат ўз ўйинимизни кўрсатдик, холос. Шундай экан, улар мени бунга муносиб кўришмабдими, шундай бўла қолсин.

— Игнатий, сиз Осиё кубогига йўл олувчи футболчилар таркибининг кенгайтирилган рўйхатига киритилдингиз. Нима деб ўйлайсиз турнирда Купер асосий дарвозабонликда кимни танлайди? Сизними ёки Суюновними?
— Бу ҳақда нимадир дейишим қийин. Таркибга фақат энг муносиблар киритилади. Шунинг учун ҳам йиғинлар ташкиллаштириляпти.

— Ўтказилган 6 та ўйиндан сўнг нима дея оласиз, Купер терма жамоа муҳитида нимани ўзгартирди?
— Майдонда ва майдон ташқарисида тартиб ва интизомга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йиғинлар вақтида инфратузилмадан тортиб жамоавий руҳиятга қадар ҳаммаси идеал даражада бўлиши талаб қилиняпти. Купер учун интизом масаласи биринчи ўринда.

— Купернинг сўзларига қараганда, у ўйинни асосан ҳимоя орқали ташкиллаштиришга ҳаракат қиляпти. Агар шундай бўлган тақдирда ҳам Австралиядаги ўйинда Жанубий Кореядан ўтказиб юборилган 4 та гол жуда кўплик қилмайдими?
— Ҳозирча ўртоқлик ўйинларидан келиб чиқиб бирор фикр билдирмаган маъқул. Ҳаммаси расмий ўйинлар вақтида маълум бўлади.

— Купернинг услуби ўзбек футболчилари ўйинига қанчалик мос?
— Биз фақат жипслашишимиз ва мураббий нимани хоҳласа шуни кўрсатиб беришимиз лозим.

— Фикрингизча, Ўзбекистон терма жамоаси учун энг яхши мураббий ким: Қосимов, Абрамов, Кападзе ёки Купер?
— Бу футбол. Шундай экан, саволингизга аниқ жавоб беришим мушкул.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Спорт » Игнатий Нестеров: "Эктор Купер учун тартиб биринчи ўринда"