16:26 / 14.01.2019
4 048

Осиё Кубоги. 10 та жамоа плей-оффда, бугундан 3-тур бошланади (фото)

Осиё Кубоги. 10 та жамоа плей-оффда, бугундан 3-тур бошланади (фото)
Кеча, 13 январь куни Осиё Кубогида гуруҳ босқичининг 2-тур баҳслари ниҳоясига етди. Унга кўра, 10та жамоа муддатидан олдин плей-офф йўлланмасини қўлга киритди.

Хусусан, «A» ва «B» гуруҳларида биттадан, қолган тўрт гуруҳда иккитадан иштирокчи кейинги босқич масаласини ижобий ҳал этди ва бугундан бошланадиган охирги турни хотиржамлик билан ўтказиши мумкин. Айнан кейинги тўртта гуруҳдаги 3-4 ўрин эгалари ёппасига ҳали бирорта ҳам очко тўплай олмагани сабаб 2-тур охирида БАА ҳам плей-оффга чиққан жамоалар қаторига қўшилди: мезбонлар ҳозирги 4 очкоси билан камида 3-ўрин билан гуруҳдан чиқа олишади.

Умуман, қолган барча термаларда имконият сақланиб қолмоқда, ҳали ҳеч қайси жамоа плей-оффдан расман умид узганича йўқ.

14 январь санасига «А» гуруҳининг иккита ўйини белгиланган. Сўнгги турда энг кўп интрига сақланиб қолган гуруҳ ҳам айнан биринчи тўртликдир. Бу гуруҳда мезбон БАА Баҳрайн билан дуранг ўйнади, бу сенсациядан кейин баҳрайнликлар Таиланддан енгилди, ваҳоланки таиландликлар аввалроқ Ҳиндистондан тўртта гол ўтказган эди...

Гуруҳ фаворити БАА кейинги босқичга чиқиб бўлган. БАА билан ёнма-ён кейинги босқичга чиқиши кутилган, аммо охирги тур олдидан 1 очко билан сўнгги ўринда қолаётган Баҳрайнни бугун Ҳиндистон билан ўйинда фақат ғалаба қониқтиради. Шу билан бирга жамоанинг тақдири ўз қўлида эканини таъкидлаш керак: баҳрайнликлар ғалаба қозониш билан камида учинчи ўрин эгаси сифатида плей-офф йўлланмасини кафолатлашади.

3-тур, 14 январь:
21:00. БАА – Таиланд
21:00. Ҳиндистон – Баҳрайн

1-тур: БАА–Баҳрайн 1:1, Таиланд–Ҳиндистон 1:4
2-тур: Баҳрайн–Таиланд 0:1, Ҳиндистон–БАА 0:2

Энг яхши кўрсаткичга эга учинчи ўрин эгалари ҳам плей-оффга чиқадиган форматдаги мусобақаларга хос ҳолат – сўнгги тур олдидан чигаллик Осиё Кубогида ҳам кузатилмоқда. Шу боис икки ва ундан ортиқ жамоалар очкоси тенг келган ҳолатда ўринлар тақсимланиши мезонларини келтириб ўтамиз («А» гуруҳида уч жамоанинг очкоси тенг келиб қолиши эҳтимоли йўқ).

1. Ўзаро ўйинлардаги очколар;
2. Ўзаро ўйинлардаги тўплар нисбати;
3. Ўзаро ўйинларда урилган голлар сони;
4. Тенг очкога эга жамоалар сони иккитадан кўп бўлса ва юқоридаги учта критерия бўйича икки ёки учта жамоа тенглигича қолаверса, у ҳолда юқоридаги учта мезон ушбу икки ёки учта жамоа учун алоҳида қайтадан қўллаб кўрилади;
5. Гуруҳ босқичидаги барча ўйинларда қайд этилган тўплар нисбати;
6. Гуруҳ босқичидаги барча ўйинларда урилган голлар сони;
7. Фақат икки жамоа очкоси тенг келиб қолса ва бу жамоалар сўнгги турда ўзаро майдонга тушса, пенальтилар серияси;
8. Интизомий очколар (сариқ карточка – 1 очко, иккинчи сариқ карточка натижасида юзага келган қизил карточка – 3 очко, тўғридан-тўғри кўрсатилган қизил карточка – 3 очко, сариқ карточкадан кейин кўрсатилган тўғридан-тўғри қизил карточка – очко)
9. Қуръа

3-тур якунида 6 та гуруҳда 3-ўринни олган жамоалар иштирокида гуруҳ шакллантирилади ва ундаги ўринлар қуйидаги мезонлар асосида аниқланади:
1. Очколар сони;
2. Тўплар нисбати;
3. Урилган голлар сони;
4. Жарима очколари;
5. Қуръа

Маълумот учун, ҳозир 3-ўрин эгалари орасидан фақат Таиланд (3) ва Сурия (1) очкога эга. Қирғизистонда -2, Уммонда -3 жарима очколари бор.
Эслатиб ўтамиз, қуйидаги жамоалар муддатидан олдин плей-оффга чиқди: БАА, Иордания, Хитой, Жанубий Корея, Эрон, Ироқ, Қатар, Саудия Арабистони, Ўзбекистон, Япония.





arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Осиё Кубоги. 10 та жамоа плей-оффда, бугундан 3-тур бошланади (фото)