11:37 / 21.01.2019
3 905

Достон Ҳамдамов – Ўзбекистон термаси сафида энг кўп дриблинг ишлатган футболчи

Достон Ҳамдамов – Ўзбекистон термаси сафида энг кўп дриблинг ишлатган футболчи
Ўзбекистон терма жамоаси мана икки ўйиндирки, Достонбек Ҳамдамовнинг тўп узатишидан кейин ҳисобни очмоқда. У Осиё Кубоги илк турида Уммонга қарши учрашувда Сардор Рашидовнинг ўрнига захирадан майдонга тушиб, ўйинни кучайтира олган эди. Кейинги баҳсларда асосий таркибда ўйнаб, дастлаб Жавоҳир Сидиқовга, сўнг Элдор Шомуродовга самарали пас узатди.

22 ёшли яримҳимоячи ўнг қанотда тобора мустаҳкам ўрин эгаллаб боряпти. У биринчи турда захирадан ўйинга қўшилганидан кўп ўтмай хавфли зарба йўллаган, аммо уммонлик дарвозабон маҳорат кўрсатиб жамоасини голдан қутқариб қолганди. Ҳамдамов Туркманистонга қарши ўйинда ҳам рақиб ҳимоячиларига бошоғриқ бўлди: бу учрашувда Достонбек дарвоза томон 4та зарба йўллаган бўлса, шулардан 3тасини дарвозабон қайтариб қолди, яна бир уриниш ноаниқ чиқди. Дастлабки голни урган Жавоҳир Сидиқовга ҳам айнан Ҳамдамов ассистентлик қилганди. Япония билан тўқнашувга келсак, Ўзбекистон термасининг дарвоза томон илк зарбасини Ҳамдамов ижро этди, бундан бироз ўтиб у 16-дақиқада Шомуродовга жуда қулай пас узатганида Элдор тўпни дарвозадан анча баландга тепиб юборди. Аммо 40-дақиқада барибир шу икки футболчи жамоанинг ягона голига ҳаммуаллиф бўлишди.

Ҳамдамов Осиё Кубогида Ўзбекистоннинг энг кўп дриблинг ишлатишга уринган футболчиси бўлгани ҳам эътирофга лойиқ. У учта ўйинда 7 марта чиройли ҳаракат амалга оширишга уринган. Шу билан бирга, Достонбек рақиб шеригига пас ташлашга уринган вақтда тўпни эгаллаб олиш кўрсаткичи борасида ҳам энг яхши натижага эга: у 7 марта ана шу тарзда рақибдан тўпни олиб қўйган. Ҳамдамов терма жамоа сафида ҳаммадан кўп (6 марта) фол ишлатганини ҳам таъкидлаш керак. У, юқорида айтиб ўтилган иккита голли пас бўйича ҳам етакчи. Шунингдек, икки марта (қолганларда бир мартадан ошмайди) оффсайд ҳолатига тушган.

Достонбек Ҳамдамов – 1996 йилда Бекободда туғилган. «Янгиер» футбол мактабида таҳсил олиб, 13 ёшида «Бунёдкор» академиясига қабул қилинган. Ўсмирлар (2012) ва олимпия (2018) терма жамоалари миқёсида Осиё чемпиони. Ўсмирлар (2013) ва ёшлар (2015) ўртасида Жаҳон чемпионатлари иштирокчиси.

Ҳамдамов ЖЧда дубль қайд этган ягона ўзбекистонлик футболчи саналади. Ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларимиз ҳозирга қадар 5 марта Жаҳон чемпионатида иштирок этганини инобатга олсак, Достонбекнинг бу натижаси мақтаса арзигулик. У 2015 йили Янги Зеландияда ўтган ёшлар ўртасидаги мундиал нимчорак финалида Австралия дарвозасини икки марта ишғол этган, ўйин 2:0 ҳисобида якун топганди. Ўша йили Ҳамдамов ОФК томонидан Осиёда йилнинг энг яхши ёш футболчиси деб тан олинган.

Достон 2009 йилда «Бунёдкор» академиясига ўтган, 2014 йилдан асосий жамоага қўшилиб, 2017 йил охирига қадар 134 ўйинда 49та гол урган. Унинг 2018 йил бошида «Анжи» сафига ўтиши можароли тарзда рўй бергани билан ёдда қолган эди. Гап шундаки, у «қалдирғочлар» билан йил охиригача муддатга шартномаси бўлишига қарамай, рус клуби билан мустақил равишда келишувга эришганди. Кўп эҳтимол билан «Анжи» унинг «Бунёдкор» билан шартномасида белгиланган 300 минг евро товон пулини тўлаган. Март ойи ўрталарида Махачқалъа клуби Ҳамдамов билан 1,5 йиллик шартнома имзолаганини эълон қилганди. Бу битим шу йилнинг 30 июнигача мўлжалланган. Достонбек «Анжи»да захира футболчиси саналади. 2018/19 йиллар мавсумида ҳозирча бешта ўйин ўтказган бўлса, улардан биттасида бошланғич таркибда майдонга тушди. У ҳозирча Премьер-лигада гол ёки самарали пас билан қайдномага тушганича йўқ.

Ҳамдамовнинг миллий терма жамоадаги дебюти 2016 йилнинг июль ойига тўғри келади. Ўшанда Самвел Бабаян уни Канада билан ўртоқлик ўйинида захирадан майдонга туширган эди. Достонбек шундан кейинги баъзи йиғинларга жалб этиб турилган бўлса-да, амалда деярли майдонга туширилмади. Таркибга қариялар йиғиб олингани, ҳатто қитъанинг энг яхши ёш футболчисига ҳам миллий термада жой топилмаётгани Бабаянни танқид қилувчилар келтирадиган кўплаб аргументлардан бири эди. Эктор Купер уни Осиё Кубогига қадар ўтказилган охирги тўртта ўйиннинг учтасида асосий таркибда синаб кўрди, яна бир учрашувда танаффус вақтида майдонга туширди. Гуруҳ босқичининг 3-туридаги Японияга қарши баҳс Ҳамдамовнинг Ўзбекистон миллий терма жамоаси либосидаги 10-ўйини бўлди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Достон Ҳамдамов – Ўзбекистон термаси сафида энг кўп дриблинг ишлатган футболчи