Грэм Арнольд: "Футболда гол урилмаса барчаси бекор"

  • 26 январь 2019, 10:08
  • 1 310
  • Спорт
  • Грэм Арнольд: "Футболда гол урилмаса барчаси бекор"
    Осиё Кубоги-2019 чорак финали доирасидаги БАА - Австралия (1:0) учрашувидан сўнг Грэм Арнольд ўз фикрларини билдирди.
    "Қийин ўйин бўлди. Битта қўпол хато туфайли гол ўтказиб юбордик. Шунга қарамай шогирдларим билан фахрлансам арзийди. Бу мусобақага олиб келган жамоа сафида кўплаб ёш футболчилар бор эди. Улар катта тажриба орттиришди деб ўйлайман.

    Футболчиларнинг ўйинига, ҳаракатига эътирозим йўқ. Лекин афсуски гол ура олмадик. Футболда гол урилмаса барчаси бекор. Охирги икки ўйинда тўп кирита олмадик. Демак, ҳужум чизиғи устида кўпроқ ўйнашимиз керак.

    Ўзбекистон билан баҳсда 120 дақиқа ўйнаб гол ура олмагандик. Шу боис бугун ўйинни икки ҳужумчи билан бошладик. Бундан ташқари захирадан ҳам фақат ҳужумкор футболчиларни майдонга туширдим.

    Ушбу мусобақадан келишдан олдин қайси босқичга чиқишни истагандик? Яна чемпион бўлишни хоҳлаган эдик. Афсуски чорак финалда тўхтадик. Яна қайтариб айтаман футболчиларим билан фахрланаман. Ўйлайманки келажакда бу жамоа билан яхши натижалар қайд этамиз. Ўз ишимдан қониқдим. Энди бор эътиборимиз ЖЧ-2022 саралаш ўйинларига қаратилади", - дейди Грэм Арнольд.

    » » Грэм Арнольд: "Футболда гол урилмаса барчаси бекор"