Осиё Кубоги-2019 статистикаси (фото)

  • 03 февраль 2019, 11:03
  • 1 938
  • Спорт
  • Осиё Кубоги-2019 статистикаси (фото)
    Янги форматда, яъни 24 жамоа иштирокида ўтган илк мусобақада янги чемпион туғилди. Ўз тарихида илк маротаба финалга йўлланма олган Қатар ҳал қилувчи баҳсларда умуман ютқазмаган Японияни мағлуб этишни уддалади.

    Янги форматда ўтган Осиё Кубогида 4 тадан жамоа 6 гуруҳга бўлинишди. Гуруҳдан биринчи ва иккинчи ўрин соҳиблари ҳамда энг яхши тўртта 3-ўрин эгалари нимчорак финалга йўл олишди.

    "A" гуруҳи: 1-ўрин:БАА, 2-ўрин: Таиланд, 3-ўрин: Баҳрайн
    "B" гуруҳи: 1-ўрин:Иордания, 2-ўрин: Австралия
    "C" гуруҳи: 1-ўрин:Жанубий Корея, 2-ўрин: Хитой, 3-ўрин: Қирғизистон
    "D" гуруҳи: 1-ўрин:Эрон, 2-ўрин: Ироқ, 3-ўрин: Вьетнам
    "E" гуруҳи: 1-ўрин: Қатар, 2-ўрин: Саудия Арабистони
    "F" гуруҳи: 1-ўрин: Япония, 2-ўрин: Ўзбекистон, 3-ўрин: Уммон

    Учинчи ўрин билан гуруҳдан чиққан жамоалар: Баҳрайн, Қирғизистон, Уммон ва Вьетнам.

    "E" гуруҳида учинчи бўлган Ливан терма жамоасининг кўрсаткичлари Вьетнам билан бир хил кўринишга келди. Натижа ва кўрсаткичлар бир хил бўлиб қолгани учун фейр-плэйга мурожаат қилинди. Яъни, энг кам огоҳлантириш олган терма жамоага устунлик тақдим этилгани учун Вьетнам сўнгги сонияларда нимчорак финал йўлланмасини ҳал этди. Бу йўлда Ливанга КХДР билан бўлган учрашувдаги сариқ карточкалар тўсқинлик қилиб қолди. Шунингдек, "B" гуруҳида 2 очко билан учинчи бўлган Фаластин ҳам ўз юришини тўхтатишга мажбур бўлди.

    Гуруҳда қолиб кетган жамоалар рўйхати: КХДР, Ливан, Фаластин, Сурия, Филиппин, Туркманистон, Яман ва Ҳиндистон.

    Учинчи ўрин орқали нимчорак финалга чиққан жамоалар ичидан фақатгина Вьетнам чорак финал масаласини ҳал этишга муваффақ бўлди. Қолган жамоалар эса нимчоракдаёқ тўхташди.

    Маълумот ўрнида (гуруҳ босқичи статистикаси):
    Гуруҳ босқичида умуман гол ўтказмаган жамоалар: Иордания, Эрон, Жанубий Корея ва Қатар.
    Энг кўп гол урган жамоа: Қатар (10)
    Энг кўп гол урган футболчи: Ал Моез Али (7)
    Энг кўп сейв амалга оширган дарвозабон: Амир Шафи (15)
    Гуруҳдаги барча ўйинда ғалаба қозонган жамоалар: Япония, Қатар ва Жанубий Корея
    Умуман очко олмаган жамоалар: Яман, КХДР, Филиппин, Туркманистон
    Ўтказилган ўйинлар: 36
    Урилган голлар: 96 (ўртача: 2,67)
    Мухлислар ташрифи: 370,287 (ўртача: 10,286)

    Гуруҳда пешқадам бўлган жамоалар орасидан фақатгина Иордания чорак финал масаласини ҳал эта олмади.

    Нимчорак финал
    Австралия - Ўзбекистон 0:0 (пенальтилар серияси: 4-2)
    Иордания - Вьетнам 1:1 (пенальтилар серияси: 2-4)
    Таиланд - Хитой 1:2
    Эрон - Уммон 2:0
    Япония - Саудия Арабистони 1:0
    Қатар - Ироқ 1:0
    Жанубий Корея - Байҳрайн 2:1
    БАА - Қирғизистон 3:2

    Чорак финал
    Хитой - Эрон 0:3
    Вьетнам - Япония 0:1
    Жанубий Корея - Қатар 0:1
    БАА - Австралия 1:0

    Ярим финал
    Эрон - Япония 0:3
    Қатар - БАА 4:0

    ФИНАЛ
    Япония - Қатар 1:3


    Ярим финалга эса ўз гуруҳида пешқадамга айланган жамоалар йўл олишди - Эрон, БАА, Япония ва Қатар.
    Қизиғи, Иордания терма жамоаси ўйинда умуман ютқазмаган ҳолда мусобақани нимчорак финалдаёқ тугатишга мажбур бўлди. Вьетнамга қарши баҳсда иорданияликлар пенальтилар сериясида мағлуб бўлишди.

    Осиё Кубоги соҳибига айланган Қатар терма жамоаси мусобақа давомида рақиблар дарвозасини энг кўп ишғол этди - 19.
    Қайд этиш керакки, Али Алмоез Осиё Кубоги рекордчисига айланди. Бир мусобақада энг кўп гол урган эронлик ҳужумчи Али Даининг рекордини янгилади. Али Даи Осиё Кубоги-1996да рақиблар дарвозасини 8 маротаба "ўққа" тутганди. Али Алмоез эса ўтказилган 7 ўйинда 9та гол киритишни уддалади.

    Қатар терма жамоаси ярим ҳимоячиси Акрам Афиф ҳам фантастик самарадорлик кўрсатди. Афиф мусобақада 10та голга ассистентлик қилди. Қитъа чемпионатлари тарихида ҳали ҳеч ким бундай ажойиб кўрсаткич қайд этмаган.

    Осиё Кубоги-2019да умумий ҳисобда 51 ўйин ўтказилди ва жами 130та гол урилди. Бу ҳар бир ўйинда ўртача 2,55 голдан тўғри келади.

    Осиё Кубоги ўйинларида жами 644307 томошабин ташриф буюрди. Бу ҳар бир учрашувга ўртача 12633 томошабиндан тўғри келади.

    Қизиқ факт: Ўзбекистон терма жамоасини Осиё Кубогидан чиқариб юборган ҳеч бир жамоа ўша мусобақада ғолибликни қўлга кирита олмаган: (2004-Баҳрайн, 2007-Саудия Арабистони, 2011-Австралия, 2015-Жанубий Корея, 2019-Австралия)

    Осиё Кубогининг энг яхши футболчиси - Али Алмоез (Қатар)
    Осиё Кубоги тўпурари - Али Алмоез (Қатар) 9 гол
    Осиё Кубогининг энг яхши дарвозабони - Саад Ал Шееб (Қатар)

    Осиё чемпиони - Қатар


    Манба: championat.asia

    » » Осиё Кубоги-2019 статистикаси (фото)