23:15 / 28.02.2019
4 820

«Локомотив» 8 нафар янги футболчиси билан шартнома имзолади (фото)

«Локомотив» 8 нафар янги футболчиси билан шартнома имзолади (фото)
Бугун, 28 февраль куни Тошкентнинг «Локомотив» клуби янги мавсум олдидан ўз сафига қўшиб олган футболчиларининг таништирув маросимини ўтказди. Унда жамоанинг янги аъзолари билан бирга клуб бош директори ўринбосари Тўлабек Акромов ва бош мураббий Андрей Фёдоров иштирок этди, деб хабар бермоқда Tribuna.uz нашри.

«Клубимиз мавсумни Суперкубокдаги ғалаба билан бошлади. Бундан буёғига ҳам зафарли одимларимиз давом этади, деб ўйлайман.
Мақсадларимиз ўзгармаган. Бу йил ҳам чемпионликни сақлаб қолиш, Ўзбекистон кубоги ҳамда Осиё Чемпионлар лигасида имкон қадар узоқроққа боришни мақсад қилганмиз», – деди тадбирнинг кириш қисмида Тўлабек Акромов.

Акромовнинг маълум қилишича, ушбу янги футболчиларнинг деярли барчаси билан бир йиллик шартномалар имзоланган. Фақатгина ёш футболчи Авазбек Ўлмасалиев ва дарвозабон Жавоҳир Илёсов билан уч йиллик битимлар тузилган.

«Янги футболчиларимиз жамоага янги қон олиб киришади, уларнинг ёрдамида олға қадам ташлашда давом этамиз, деб умид қиламан. Улар сафимизга қўшилишганига уч ҳафта бўлган бўлса-да, бугун расмий таништирув маросимида мен уларга: «Оиламизга хуш келибсизлар», демоқчиман.

«Локомотив» – катта оила. Бу ерда «мен» тушунчаси йўқ, фақат «биз» сўзини ишлатамиз», – деди Андрей Фёдоров.
«Темирйўлчилар» ОЧЛда Саудия Арабистонининг «Ал-Иттиҳод», БААнинг «Ал-Ваҳда» ва Қатарнинг «Ар-Райян» клублари билан бир гуруҳдан ўрин олган. Ушбу рақиблар тўғрисида фикр билдирар экан, Тўлабек Акромов, жумладан, шундай деди:

«Рақибларимиз – бизга таниш жамоалар. «Ал-Ваҳда» билан ўтган йили ҳам бир гуруҳда бўлгандик. Ўтган мавсумлардан бирида «Ал-Иттиҳод» билан ҳам битта гуруҳга тушганмиз. Қатарнинг «Ар-Райян» клуби билан эса биринчи марта тўқнаш келамиз.

Копток думалоқ, майдон текис, дейишади. Аммо жисмоний ва ўйин жиҳатдан уларнинг ҳеч қайсисидан қолишмаймиз. Ўйинларда яхшироқ руҳий тайёргарликка эга жамоа ғалаба қозонади, деб ўйлайман. Бу йил гуруҳдан чиқиб, мухлисларимизни хурсанд қилмоқчимиз», – дейди «Локо» бош директори ўринбосари.

«Локомотив»нинг қуйидаги янги футболчилари таништирилди:
35. Жавоҳир Илёсов – дарвозабон, аввалги жамоаси – «Металлург»;
19. Авазбек Ўлмасалиев – ҳимоячи, аввалги жамоаси – «Нефтчи»;
24. Даврон Ҳошимов – ҳимоячи, аввалги жамоаси – «Навбаҳор»;
7. Азиз Ҳайдаров – яримҳимоячи, аввалги жамоаси – «Бунёдкор»;
8. Жамшид Искандеров – яримҳимоячи, аввалги жамоаси – «Пахтакор»;
23. Йован Жокич – яримҳимоячи (Сербия), аввалги жамоаси – ОКМК;
9. Филип Райевац – ҳужумчи (Сербия), аввалги жамоаси – «Бунёдкор»;
71. Арслонмурод Аманов – ҳужумчи, аввалги жамоаси – «Бухоро».

Қуйидаги футболчилар «Локомотив»ни тарк этишди: Игнатий Нестеров, Икром Алибоев, Марат Бикмаев, Санжар Шоаҳмедов, Кахи Махарадзе, Садриддин Абдуллаев, Николай Погребняк.

Клуб 4 март, душанба куни ОЧЛ гуруҳ босқичи биринчи тури доирасида Абу-Дабининг «Ал-Ваҳда» жамоасини қабул қилади. Учрашув «Локомотив» стадионида соат 16:00да старт олади.

«Темирйўлчилар» Суперлигани 8 мартда «Пахтакор»га қарши сафар ўйини билан бошлашади. Кейинги турларда жамоа мос равишда «Навбаҳор», «Андижон» ва ОКМК клублари билан баҳслашади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Локомотив» 8 нафар янги футболчиси билан шартнома имзолади (фото)