«Сельта»га қарши ўйинда майдонга чиққан барча 11 футболчи ўтган йили ҳам «Реал» таркибида тўп суришганди. Ахир эсингиздан чиқмаган бўлса керак, мадридликлар бу ёзда 303 миллион еврони трансферларга сарфлади ва бу кўрсаткич жорий трансфер ойнаси учун рекорд бўлиб турибди. Championat.com сайти ижодкорлари айнан шу ракурсдан «Реал»даги вазиятга назар ташлаб кўришди.
«Барселона» ва «Атлетико» деярли барча харидларини майдонга синаб кўрди, Англияда Родри илк турларданоқ «Манчестер Сити»нинг муҳим бўлагига айланди, «Юнайтед» ёзда келиб қўшилган уч футболчига ҳам таркибдан жой топиб берди, умуман, трансфер ойнасида фаол бўлган барча клубларда шунақа вазият.
Аммо Зидан мавсумнинг очилиш ўйинида бирорта ҳам янги футболчини туширмади, бунинг устига, ёз бўйи сотиб юборишга ҳаракат қилинган Гарет Бэйл ҳам асосий таркибда ўйнади. «У кетса, ҳаммамиз учун яхши бўлади», – деганди мураббий 21 июль куни. Шанба кунги ўйиндан сўнг эса, Зидан футболчининг қолишини айтди.
Бу қанақадир хато ёки аҳмоқлик эмас. Зиданнинг хоҳишига ҳам алоқаси йўқ, шунчаки, жароҳатлар «Реал»нинг режаларига халақит бермоқда.
Яқиндагина ҳаммаси зўр кетаётганди. Клуб олти нафар футболчи сотиб олди ва уларнинг ҳар бири маълум мақсад учун сотиб олинаётганини пайқаш қийинмасди. Менди, шунчаки Марселога рақобатчи эмас, у бошқачароқ услубда ҳам ўйнай олиши ва айниқса, юқори прессинг учун қўл келиши ҳам мумкин. Милитао бемалол учинчи марказий ҳимоячи бўла олади, Вараннинг жароҳатларга мойил эканини эътиборга олсак, фойдали. Йовичнинг энг муҳим хусусияти, Бенземадан фарқли равишда вазиятлардан оқилона фойдалана олади. Азар – жамоанинг янги юлдузи, ўтган мавсумда айнан у каби футболчилар етишмаганди. Умуман оқилона ва кучли трансферлар. Кейин эса, муаммолар бошланди.
Асенсио жароҳати туфайли, деярли бутун мавсумни ўтказиб юборадиган бўлди. Шунингдек, Браим Диас, Менди, Родриго ва Азар ҳам бирин-кетиш жароҳатланишди. Йович Мадрид клубига келибоқ жароҳат олганди ва у тикланиб улгурди.
Балким Антонио Контега «Интер»да ёрдам бергани кетган физиотерапевт Антонио Пинтуснинг йўқлиги билингандир? Аммо унинг ўрнига келган Грегори Дюпон ҳам оддий одаммас – у «Лилль»нинг янги асрдаги қайта туғилишидан (тўрт марта учинчи ўрин, икки марта иккинчи ўрин, бир марта чемпионлик ва Франция кубоги) иштирокчиларидан бўлган, Франция терма жамоаси билан Россиядаги жаҳон чемпионатида қатнашган. Унинг жалб этилиши «Реал» учун хато эмас, зеро мавжуд жароҳатларнинг характери ҳам Дюпонга боғлиқ эмаслигидан далолат қилмоқда. Бу ҳозирча, шунчаки, вазият тақозоси бўлиб турибди.
Ҳар қандай жароҳат ҳам нохуш, айниқса, Азарнинг жароҳати жуда катта омадсизлик бўлди деб бемалол айтиш мумкин. Чунки «Реал»даги ислоҳотлар шунчаки сўз эмас, таркиб ва ўйин борасида сезиларли ўзгаришларни талаб қилаётганди. Азар эса, бу жараённинг марказида бўлиши керак.
Анчелотти давридан бери «Реал» ўйини Криштиану Роналду атрофига қурилган. Вақт ўтиб, Роналдунинг жисмоний имкониятлари пасайгач, яъни у энди жарима майдонида кўпроқ ҳаракат қиладиган ҳужумчига айлангач, «Реал» услуби ҳам соддалаша бошлади. Муҳими, тўпни жарима майдонига етказиш, қолганини Криштиану эплайди. 2013-18 йилларда «Реал» жарима майдонига амалга оширилган кросслар бўйича Лигада учинчи ўриндан пастга тушмаган, икки марта биринчи ўринда бўлган. Ўтган мавсумда эса, бу борада бироз пасайиш бўлса-да, барибир кўрсаткичлар «Атлетико»дан кўпроқ, ҳатто «Барселона»дан икки баробарга. Яъни, Роналду кетганидан кейин ҳам, «Реал» ўша услубга содиқ қолди ва ўйин ўзгармади. Бу эса, натижага салбий таъсир кўрсата бошлади.
Бу муаммони Азарнинг трансфери ҳал қилиши керак. Азар шундай футболчики, унинг устунликлари асосида «Реал» ўз ўйинини қуриши мумкин. У ўзини тўп билан яхши ҳис қилади, жамоа ердан тўпни назорат қилганда фойдали ўйнайди ва муҳими, у фақат жарима майдони футболчиси эмас. Таркибда Азар билан на Моуриньо, на Конте ва на Сарри кросслар ёрдамида ўйнашга ҳаракат қилган. Бельгиялик ҳужумчи Лондонда тўп сурган йилларда, фақат бир марта, 2015/16 йилги мавсумда «Челси» кросслар сони бўйича ўтган йилги «Реал» кўрсаткичларига яқинлашган холос – ўшанда жамоа 10-ўринни эгаллаганди.
Азарнинг атрофида ўйин қуриш Зидан учун ҳам катта чақириқ. Икки ярим йиллик муваффақият туфайли, Зидан ҳар қандай танқидчининг овозини ўчира оларди, аммо барибир, савол очиқлигича қолган – Зидан қандай мураббий?
Ўша йилларда Зидан вазиятлардан жуда муносиб чиқиб кетган, ҳолатга қараб жуда тўғри ва ақлли қарорлар қабул қилган, аммо глобал равишда бирор нарсани ўзгартириш вазифаси ҳали қўйилмаганди. Захира орқали ўйинни кучайтириш – аъло, ўйинни бошқариш – аъло, таркибдаги кичик ўзгартиришлар – аъло, аммо масалан, позицион ўйин қуриш бўйича Зидан қай даражада муваффақият қозона олиши мумкин, билмаймиз. У жамоани юқори прессингда ўйнашга ўргата оладими, билмаймиз. Биз ҳали унинг режалари ҳақида ҳам маълумотга эга эмасмиз.
Азарнинг мавсумолди ўйинларидаги иштироки ҳали бутун картинани намойиш қилмади. Жамоа турнирда яхши ўйнай олмади, таркиб ва схема борасидаги доимий экспериментлар эса, асосий концепцияни яширди.
Азарнинг жароҳати эса, энди Зиданда ўзгаришларни амалга ошириш имкониятини йўққа чиқарди ва энди ҳаммасини мавсум давомида қилиш керак. Биринчи турда нафақат таниш таркиб, балки таниш ўйин услубини кўрдик. Мадридликлар алоҳида эпизодлар ҳисобига рақибни енгишди, аммо бутун ўйин давомида устунлик кўзга ташланмади. Дастлабки икки гол Бэйл ва Крооснинг индивидуал маҳорати меваси, учинчиси эса, умуман эски онларни ёдга солиб юборди – ўйин охири, Зидан схемани алмаштириб, ярим ҳимояда уч эмас, тўрт киши билан ўйнай бошлайди, Васкес қарши ҳужумда гол уради – биз буни илгари жуда кўп кўрганмиз.
Таркиб ҳали ҳам тўлиқ шаклланмаган. Марказий ярим ҳимояга футболчи керак. Айнан шу вазият ўша эски «Реал»ни, Флорентино Переснинг трансфер ўйинларида ўз мураббийи устидан доимий ғалабаларини ёдга соляпти. Сабаби, тилга олинаётган номлар ўйин услуби ва устунликлари жиҳатидан бир бирига умуман ўхшамаган футболчилардир.
«Реал» янги галактикосни қуряпти, лекин Зидан ҳозирги ярим ҳимоя учлигига айнан нима етишмаётганини ўрганиб, шунга мос футболчи изланиши мақсадга мувофиқ эмасми?
Поль Погба, Кристиан Эриксен ва Донни ван де Бек. Бу футболчиларнинг умумийлиги нимада? Англаш қийин. Погба тўп билан ажойиб ҳаракат қилади, лекин позицион ҳаракатланиш ва прессингда деярли иштирок этмайди. Ван де Бек тўпсиз ва бўш зоналарга ҳаракатланиш бўйича тенгсиз, прессингга ажойиб ёрдам беради. Эриксен – универсал, «Тоттенҳэм»да «ўнлик» позициясида ҳам, керак бўлганда таянч зонада ҳам ёки қанотларда ҳам тўп сура олади. Эриксен ҳар қандай топ-клубга мос келади. Аммо Погба ва ван де Бек ҳар қандай ўлчовда бир-бирига қарама-қарши томонда жой олишлари аниқку? Мана шу сабабнинг ўзи ҳам, Эриксеннинг муносиброқ танлов эканини кўрсатмоқда.
Муҳим позициядаги бундай тушунмовчиликлар балки Зиданнинг ора-сира чиқиб турган норозиликларига сабаб бўлаётгандир. Модрич – Кросс – Каземиро учлиги мукаммал, бу ерда роллар ажойиб тақсимланган, лекин бу учлик Мадридга учта Чемпионлар Лигасини келтириб бўлди. Сўнгги икки йилда бу учликдаги ҳеч қайси футболчида ўсиш кузатилмади, аммо ҳозирда, мавсум стартида айнан шу учлик «Реал»нинг асосий ишонганлари бўлиб қолмоқда.
Вазият ғалати, клуб 300 миллиондан ортиқ сарфлаб бўлди, аммо биз ҳали ҳам қандай ўйин кутиш мумкинлигини билмаймиз. Ахир Погба ёки ван де Бекнинг трансфери жамоа ўйин услубини ўзгартириши аниқ. Камида прессингга нисбатан муносабат нуқтаи назаридан. Умуман олганда, «Реал»да ростан ҳам революция, аммо у бир жойда қотиб турибди – унинг оқибати эса, ҳали натижага жавобгар шахс учун ҳам маълум эмас. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди