18:44 / 04.04.2020
2 659

Футбол қачон бошланади? — Кучли бешликдаги вазият ҳақида

Футбол қачон бошланади? — Кучли бешликдаги вазият ҳақида
Фото: Reuters
Аслида, биз анъанавий тарзда бу кунларда дам олиш кунларида бўлиб ўтадиган қизиқарли ўйинларни анонс қилар эдик. Масалан, бу ҳафта «Манчестер Сити» – «Ливерпуль» учрашувини томоша қилиб, балки ниҳоят, 30 йиллик танаффусдан сўнг, «қизиллар»нинг расман чемпионлигига гувоҳ бўлардик. Испанияда «Реал Сосьедад» «Реал»ни қабул қилса, «Барселона»ни Севильяга қийин сафар кутиб турарди. Италияда Турин дербиси ва «Лацио» – «Милан» тўқнашуви, Дортмундда эса, «Боруссия» ва «Бавария» ўртасида балки чемпионлик масаласини ҳал қиладиган ўйин бўлиши керак эди. Афсус...

Ҳозир эса, бутун дунё коронавирус билан курашяпти, футболчилар уйда зерикиб, аввалига флешмоблар ташкил қилишди, энди эса, вазият жиддийлигини англаб, турли хайриялар, маошлардан воз кечиш билан боғлиқ жиддий қарорлар қабул қилишяпти. Лигалар мабодо, мавсуми якунига етмаса, кўриладиган зарарларни ҳисоблаш ва ҳеч нарса аниқ бўлмаган вазиятни назорат қилишга уриниш билан банд.

Юқоридаги жадвалда, агар мавсумлар якунига етказилмаса, лигалар, ва табиийки, бунинг орқасидан клублар йўқотиши мумкин бўлган маблағлар акс этган. Ҳали бунда клубларнинг Matchday’лардан кўрадиган зарарлари инобатга олинмаган. Клублар трансляциялардан ташқари, мухлислар ташрифи, кунлик савдолар бўйича ҳам яхшигина даромад қилишарди.

Шунинг учун ҳам барча қандай қилиб бўлса ҳам чемпионатлар давом этишидан манфаатдор. Қуйида Европанинг асосий лигаларидаги вазият билан таништирамиз.

ИТАЛИЯ
Европада пандемия энг оғриқли кечаётган Италияда А Серия ўйинлари 24 майдан давом эттирилиши мумкинлиги хабар берилаётганди. Лекин, сўнгги маълумотларга қараганда бу сана ҳам ноаниқ муддатга қолдирилган.

«Мавсумни якунлаш — энг асосий мақсадимиз. Албатта, режа бўйича май ойи охирларида ёки июннинг бошида футболни бошлаш ҳақида ўйлаяпмиз, лекин бу август ёки сентябрга қолиб кетиши ҳам мумкин. Шуниси аниқки, шу туришича мавсумни якунлаш варианти кўриб чиқилмаяпти. Кейинги мавсумни кечиктириб бўлса-да, жорий мавсумни тугататмиз», деди Италия футбол федерацияси президенти Габриэле Гравина.

Айтишларича, ҳатто ҳозирда чемпионатда етакчилик қилаётган «Ювентус» клуби ҳам барча ўйинларни ўтказмай туриб, совринни қабул қилиб олишни истамаяпти.

Италия спорт вазири Винченцо Спадафорнинг сўзларига кўра, агар коронавирус юқтираётганлар сони барқарор равишда камайишда давом этса, бор имкониятни ишга солиб, май ойи охирларида турнирларни бошлашга ҳаракат қилинади. Бунинг учун клублар 3 май кунидан бошлаб маълум тартибда машғулотларни бошлаши талаб этилади. Барча футболчилар Covid-19 учун тест топширишади ва натижа чиққунча карантинда бўлишади. Ҳозирда ўз юртларига кетиб қолган легионерлар ҳам қайтганларида 14 кунлик карантинга олинади. Табиийки, ўйинлар томошабинларсиз ўтказилади.

А Серия доирасидаги сўнгги учрашув 9 март куни ўтказилган ва шу кунгача баъзи ўйинлар қолдирилиб келинган бўлса, кейин бутунлай тўхтатилди. Ҳозиргача клублар 25-26 ўйинда қатнашиб улгурган, яъни мавсумни якунлаш учун 12-13тадан ўйин ўтказишларига тўғри келади. Чемпионатда «Ювентус» 26 ўйиндан сўнг 63 очко тўплаб, пешқадамлик қилмоқда. Туринликларни таъқиб қилаётган «Лацио»да шунча ўйиндан сўнг 62 очко бор. «Брешия», СПАЛ, «Лечче», «Женоа», «Сампдория», «Торино» ва «Удинезе» каби жамоалар лигада жон сақлаб қолиш учун кураш олиб боришаётганди.

ИСПАНИЯ
Испанияда аввалроқ, турнирни давом эттириш учун уч хил вариант тақдим этилган ва энг яхши ҳолатда май ойи ўрталарида мавсумни давом эттириш кўзда тутилганди. Лекин бу жуда оптимистик қараш бўлиб, шунингдек, Ла Лига томонидан кескин чегара ҳам бор — агар 27 июндан кейин ҳам футбол ўйнашнинг имкони бўлмаса, чемпионат муддатидан олдин тугатилиши ҳам мумкин.

Клублар мавсум июнь ойидан, томошабинларсиз бўлса-да, давом эттирилишига қарши эмас, ҳатто бир ҳафтада учтадан ўйинда майдонга тушишга розиликларини билдиришган. AS нашри хабарига кўра, Лига барча клубларга мавсумнинг давомига тайёргарлик, карантиндан сўнг, машғулотларни бошлаш учун керакли тавсияномаларни жўнатган.

Дастур 4 босқичдан иборат бўлиб, тайёрлов машғулотлари, индивидуал машғулотлар, саккиз кишидан иборат гуруҳларга бўлинган ҳолда шуғулланиш ва шундан кейингина, тўлиқ машғулотларни бошлаш тавсия этилмоқда. Базага кириш ҳуқуқини фақат белгиланган кишиларга берилади ва машғулотларнинг учинчи кунидан кейиноқ, барча футболчилар ва персонал қайтадан вирусга тест топширади.

Чемпионатда 27 турдан кейин 58 очко билан «Барселона» биринчи ўринни эгаллаб турибди. Мадриднинг «Реал» клубида 56 очко бор. Қироллик кубоги финалида «Реал Сосьедад» ва «Атлетик» ўртасидаги басклар дербиси ўтказилиши лозим эди.

АНГЛИЯ
Албатта, футболсизликдан энг катта зарар кўраётган АПЛ ушбу ҳолатда энг кўп муҳокама бўлаётган турнирлардан бири ва мавзу юзасидан ҳафтасига беш мартадан баёнотлар бериб борилмоқда. Энг сўнгги баёнотга кўра, Англия чемпионати аввал айтилганидек, май ойининг бошида тикланмайди. Мусобақа аввал 4 апрелгача танаффусга чиққан, кейинроқ эса, 30 апрелгача футбол ўтказилмаслиги маълум қилинганди.

Янги келишувга кўра, навбатдаги тур ўйинлари номаълум муддатга қолдирилди. Коронавирус қурбонлари бўйича рекордини янгилаган Британияда ҳозир вирус тарқалиши авжига чиққан, шу туфайли ФА ва АПЛ янги саналар фақат ҳукумат ва соғлиқни сақлаш соҳаси билан маслаҳатлашган ҳолда, уларнинг рухсати эълон қилишини айтишмоқда. Бундай қарорга кеча, 3 апрель куни АПЛ клублари ва Лига раҳбарлари ўртасида ўтказилган навбатдаги видеоконференциядан сўнг келинди.

Мавсумни бекор қилиш ёки тўхтатиш вариантлари жуда кўп муҳокамаларга сабаб бўлса-да, бу вариант ҳақиқатдан анча узоқлигича қолмоқда. Зеро, турнирнинг давом эттирилмаслиги клубларга ва лигага жуда катта молиявий йўқотишларни тақозо қилади. Ҳатто клублардан бири мавсум якунини вирусдан хавфсизроқ бўлган бир мамлакатда, масалан, Хитойда ўтказиш таклифини ҳам берган. Лекин қолган 19 клуб бунга рози бўлмаган.

Шунингдек, Англия Кубогини ҳам давом эттириш, келаси мавсумдаги тиғизликда Лига кубогидан воз кечмаслик устуворлик сифатида кўрилмоқда. Чунки кубок ўйинлари Англияда, айниқса, қуйи лига клублари учун жуда муҳим турнирдир. Айнан ушбу мусобақада уларда гранд жамоалар билан ўйнаш ва молиявий томондан даромад қилиш имконига эга бўлиб келишади.

Чемпионатда «Ливерпуль» 25 очколик фарқ билан олдинда бормоқда ва чемпионликни расмийлаштириш учун Юрген Клопп жамоасига яна 6 очко олиш кифоя қилади. Англия Кубогида эса, чорак финал жуфтликлари аниқлаб бўлинганди, «Тоттенҳэм» ва «Ливерпуль»дан ташқари, барча топ-клублар ҳамда «Лестер» ушбу турнирда курашни давом эттираётганди.

ГЕРМАНИЯ
Доимгидек, бу борада ҳам, немислар аниқроқ саналар ва талаблар бўйича иш олиб боришни намоён қилишяпти. Германия футбол ассоциацияси маълум қилишича, чемпионатнинг навбатдаги турлари май ойи бошида, катта эҳтимол билан ойнинг илк дам олиш кунлари бошланади. Бунинг учун эса, баъзи шартлар ва талаблар ҳам қўйилган.

Барча футболчилар Covid-19 бўйича тест топширади. Мабодо бирор футболчида ижобий натижа аниқланса, бутун жамоа эмас, унинг ўзи карантинга олинади.

Жамоа ўйинга қўйилиши учун камида 13 нафар футболчи ва камида 2 дарвозабонга эга бўлиши керак.
Агар бир жамоа юқоридаги талабга жавоб бермаса, яъни етарли ўйинчилари бўлмаса, ушбу ўйинда техник мағлубият ёзилади.

Барча ўйинлар ёпиқ, яъни томошабинларсиз ўтказилади.
Лига раҳбари Кристиан Зайфертнинг айтишича, мақсад 30 июнгача мавсумни якунлаб олиш. Яхши маълумки, айнан шу куни баъзи футболчиларнинг клублар билан шартнома муддати якунига етади.

Бундеслигада 25 тур ўйинлари ўтказиб бўлинган ва шунча ўйиндан сўнг, 55 очко жамғарган «Бавария» турнирда карвонбоши бўлиб турибди. Дортмундликлар 51, «Лейпциг» эса, 50 очкодан жамғарган.

УЕФА

Фото AFP
Асосий мақсад — чемпионатларни тугатиб олиш, чунки, футболни ушлаб турадиган, футболчиларга маош тўлайдиган томон клублар ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, энг биринчи навбатда, терма жамоалар билан боғлиқ ўйинлар четга сурилди, аввал март, кейин июндаги йиғинлар бекор қилинди. Евро-2020 келаси йили ўтказилиши белгиланди. ФИФА янги ташкил этилаётган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатини номаълум муддатга сурди. Бунинг барчаси якунига етмай қолган турнирларни давом эттириш учун.

«Мамлакатлар олиб бораётган изчил қарорлар туфайли, футбол ҳам яқин ойларда қайтишига ишонамиз. Бугунги кунда чемпионатларни муддатидан олдин тугатиш борасидаги ҳар қандай таклифларни асоссиз деб биламиз», дейилади УЕФА томонидан аъзоларига юборилган хатда.

Яъни мазкур ташкилот ҳам миллий чемпионатларнинг давом эттирилишидан манфаатдор ва шундагина, Чемпионлар Лигаси ва Европа Лигаси каби турнирларни якунига етказиш имконияти мавжуд бўлади. Хусусан, муддатидан олдин чемпионатни тугатиб, пешқадам «Брюгге»ни чемпион деб эълон қилган Бельгия Лигаси ҳам огоҳлантирилди. Агар бирор бошқа Лига ҳам мана шундай йўл тутадиган бўлса, ушбу мамлакат клублари келаси мавсумда еврокубокларга қўйилмаслиги мумкин. Табиийки, бу бугунги шароитлардан келиб чиқиб айтилаётган гап, мабодо, энг ёмон ҳолат бўлиб, барча давлатларда чемпионатни давом эттириш имкони бўлмай қолса, УЕФА ҳам ҳеч нарса қила олмайди.

1 апрель куни ўтказилган конференция натижаси эса, ЕЧЛ ва ЕЛ учун вариант сифатида —чорак ва нимчорак финал ўйинларининг жавоб ўйинларини ўтказиш, кейинги босқичларни эса, фақат битта ўйиндан иборат қилиш масаласи кўриляпти. Агар ЕЧЛ финали ўтказилиши белгиланган Истанбул вирус ўчоғи бўлиб қолса, финал бошқа давлатга кўчирилиши ҳам мумкин.

Айтиш мумкинки, УЕФА вазиятга анча оптимистик қарамоқда ва барча чемпионатлар 3 августгача якунланишига ишонч билдирилмоқда. Футболчиларнинг шартномалари, трансфер муддатлари билан боғлиқ ноқулайликлар учун ФИФА ва УЕФА ён босади ва вазиятга мувофиқлаштирувчи енгилликлар яратилади. Футболчилар манфаатларини ҳимоя қилувчи FIFpro ташкилоти эса, бундай енгилликлар фақат клуб сақлаб қолишга уринадиган футболчилар учун эмас, барча учун амал қилиши кераклигини талаб қилди.

Хуллас, юқоридаги маълумотлар ва ечимлар футболнинг катта мавҳумлик ичида эканини англатмоқда. Кўриниб турибдики, бирор аниқ сана, аниқ режа учун ҳали эрта. Қачонки, қайси сана ва қаерда эканидан қатъи назар, Европада ўтказиладиган илк расмий ўйиннинг аниқ вақти маълум қилинса, ана ўшандагина, биз бир-биримизни табрикласак бўлади. Футбол қайтганидан эмас, ниҳоят вирус енгилгани билан.

Қаҳрамон Асланов тайёрлади.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Футбол қачон бошланади? — Кучли бешликдаги вазият ҳақида