Европалик мутахассислар “Энергетик-БГУ” ўйинини таҳлил қилиб, юқори ўринлар учун курашаётган бу жамоанинг асосий қудрати ўзбекистонлик легионер Жасур Яхшибоев, деган хулосага келди.
- “Энергетик-БГУ”нинг дастлабки турлардаги муваффақиятлари вақтинчалик ҳолат сифатида баҳоланди. Лекин кейинги ўйинлар “талабалар” билан ҳисоблашиш шартлигини кўрсатмоқда. Жамоа характери ва курашувчанлиги мураббийлар штабининг меҳнат самараси, ҳимоя мустаҳкамлиги Шкурдюк ва Соколга боғлиқ, майдон марказини Носко ва Мавату эгаллаган. Ҳужумнинг ўткирлиги Тве ҳамда Яхшибоев зиммасида, - деб ёзади tribuna.com сайти.
Сайт мутахассислари Жасур Яхшибоевнинг ўзига хос жиҳатларини чуқур анализ қилиб чиқди. Бугунги кунда Жасур нафақат ўз жамоасининг, балки Беларусь чемпионатининг энг зўр футболчиси деган номга лойиқ кўрилмоқда.
- Ҳеч ким танимайдиган футболчи дастлабки ўнта учрашувдаёқ чемпионатнинг энг ёрқин юлдузига айланди. Бугун Яхшибоев фақатгина ҳужумчи эмас, балки жамоаси ўйинини белгиловчи ўйинчи. Унинг феноменини чуқур таҳлил қилиш керак, - деб ёзади сайт.
Яхшибоев – энг кучли футболчи
InStat версияси бўйича Яхшибоев энг яхши тўпурар ва энг зўр футболчи. Айнан у “Энергетик-БГУ” ҳаракатларини голга айлантирмоқда. Жамоанинг 14 та голидан тенг ярми уники. Унинг зарба беришга бўлган иштиёқи ҳам эътиборга молик. Ҳисобида 40 та зарба бор ва бу чемпионатда иккинчи кўрсаткичга эга бўлган Бахарникидан 6 тага кўп. Яхшибоевнинг ўзига хос хусусияти қулай позицияга оқилона очилиши ва таъқибчиларидан халос бўлиш қобилиятидир.
Яхшибоевнинг устун жиҳатлари
Тезкор ҳужум. Жамоа унинг энг кучли жиҳатларини кўрсатишига шароит яратиб бермоқда. “Талабалар” тезкор ҳужум уюштиришда фақат “Минск”дан орқада. Яхшибоев майдон марказидан эмас, қанотлардан ҳужумга ташланади. Ёқимли услуби рақибнинг чап қанотига ҳужум қилиш. Бу унинг фаолияти давомида асосан ўнг қанот ярим ҳимоячиси вазифасини бажаргани билан боғлиқ.
Бу қуйидаги суратда яхши кўринади.
Яхшибоевни қулай позицияга чиқишида Твенинг хизмати катта. Унинг муҳим тўп оширишлари сони 20 тани ташкил қилади ва пасларнинг тенг ярми Жасурга мўлжалланган.
Яхшибоев энг чеккадаги ҳимоячининг ортидан ҳужумга ўтишни яхши кўради. У бу усулни яхши ўзлаштиргани боис деярли оффсайдга тушмайди.
Суратга қаранг:
Яхшибоевнинг яна бир устунлиги старт тезлиги. Бу унга ҳимоячилардан ўзиб кетишига имкон беради. Икки оёғида ҳам тўпни тўхтата олиш маҳорати ҳам яхши ривожланган.
Яхшибоевнинг нозик томонлари
Жасур рақиб орқадан босим қилганида тўпни яхши қабул қила олмайди. Тўпни ўзидан қочириб юборади. Энг катта камчилиги дарвозабон билан бирга бир вазиятлардан етарли даражада фойдалана олмаслигида. У бундай вазиятда дарвозабонни алдаб ўтмоқчи бўлади ва ўзини мураккаб вазиятга тиқиб қўяди. Вақтида зарба йўлламайди. Жорий мавсумда у 25 маротаба қулай вазиятга чиқди ва атиги учтасидан фойдаланди.
Яхшибоев – жамоа конструктори
Жасур қарши ҳужумда жамоа конструкторига айланади. Биринчи тўп учун курашда корпусидан оқилона фойдаланиши унинг яна бир устун жиҳатидир. Рақибидан тўпни яхши яширади ва ҳужумга отилган жамоадошларига қулай пас беради.
Жасур плеймейкер вазифасини ҳам уддалайди. “Ислочь”га қарши ўйинда у Твенинг йўқлигини билдирмади. Мунтазам майдон марказига қайтиб ўйнаган Яхшибоев ҳужум позициясига Носкони чиқарди ва ҳужумлар координатори сифатида жамоадошини аниқ узатмалар билан қулай позицияга чиқарди.
Яхшибоев – дриблинг устаси
Ҳужумчи ўйин давомида бир неча маротаба рақибларни алдаб ўтишга мажбур бўлади. Бу Жасурга муаммо эмас. У чемпионатдаги энг зўр дриблингчи. Дастлабки 10 та турда рақибларини 63 маротаба алдаб ўтди. Агар шундай давом этса, мусобақа якунигача мазкур кўрсаткичи икки юзта атрофида бўлади. Бу ўтган йили дриблинг устаси, деб тан олинган Стасевичнинг натижасидан икки карра кўп дегани.
Яхшибоевнинг майдон марказидаги дриблинглари самараси юқори. У икки оёқда яхши ишлайди ва корпусидан зўр фойдаланади. Майдоннинг чап қанотида дриблинглар самарадорлиги янада ошади. Бу қанотда ҳали ҳеч ким уни тўхтата олгани йўқ.
Чап қанотдан ҳужум қилганда Яхшибоев тана оғирлигини таянч оёғига ташлайди. Бунақа вазиятда ҳимоячилар уни ён чизиқ томон ҳаракатланишини кутади. Жасур эса бирдан марказ томон юриш қилади. “БАТЭ”га қарши учрашувда бу усули унга бир неча маротаба қўл келди.
Яхшибоев – ўнг оёқда ҳам аниқ тепадиган чапақай
Жасурнинг чапақайлиги ҳам унинг устунлигидир. Жорий мавсумда жами қирқ маротаба зарба берган Яхшибоев, шулардан 32 тасини чап оёқда йўллади. Ўнг оёқда атиги саккизта зарба берди. Айниса, “БАТЭ”га қарши ўйинда Жасур ўнг оёқда беш марта тўпни дарвоза томон аниқ тепди. Иккитаси гол бўлди, уч марта дарвозабон ўзини кўрсатди.
Бош билан ўйнагандан, ўйлаган яхши
Бир пайтлар Миржалол Қосимовдан нега унда бош билан зарба бериш кўрсаткичи пастлиги сўралганда, “Мен бош билан ўйлайман, ўйнамайман” қабилида жавоб берган эди. Яхшибоев ҳам бош билан ўйнашни хуш кўрмайди. У буни жисмоний имконият билан изоҳлайди.
Одатда, позицион ҳужумларда марказий ҳужумчиларнинг бош билан зарба йўллашига кўп гувоҳ бўламиз. Яхшибоев Беларусь чемпионатида ҳали бирор марта бош билан зарба бермади. Лекин бу унинг қанотдан амалга оширилган позицион ҳужумлардаги самарадорлигига салбий таъсир қилгани йўқ. Аксинча, ўз техникасига ишонган ўзбек футболчиси ўзи билан бир неча ҳимоячиларни олиб юради, дриблинги эвазига зарба учун қулай вазиятга чиқа олади. Қолаверса, Яхшибоев ҳал қилувчи пас беришда фақат Тведан орқада қолмоқда. Тве эса аксарият ҳал қилувчи пасларни айнан Жасурга узатган.
Яхшибоев олдинга интилишдан кўра, ўртага ҳаракатланишни маъқул кўради. Бу футболчига ҳам зарба бериш, ҳам жамоадошларини қулай вазиятга чиқариш имконини беради.
Таянч зонадаги устунлик
Яхшибоевнинг яна бир энг катта устунлиги таянч зонасида очилиши ва тўпни қабул қилиши орқали кўзга ташланади. Бу ҳолатда марказий ҳимоячилар Жасурга ташланишга мажбур бўлади ва ўз жойини очиқ қолдиради, шу орқали “талабалар”га қулай позициялар очилади. Жасурнинг ўзида ҳал қилувчи тўп узатиш учун бир неча вариант юзага келади.
Бу усулнинг яна бир жиҳати шундаки, Жасур таянч зонада узатмани қабул қилиб, бирданига зарба бериш қобилиятига эга. Жорий чемпионатда шу усулда ўнта зарба йўллади.
Яхшибоев – стандарлар устаси
Жасур жарима майдончаси яқинидаги стандарт вазиятларда аниқ зарба йўллаяпти. Тўғри ҳали жарима нуқтасидан гол ургани йўқ. Лекин аниқ зарбалар улуши жуда юқори. Зарба беришда кучга эмас, техникага таянади.
Жарима зарбалари орқали жамоадошларини қулай позицияга ҳам чиқаради. Айниқса, бурама узатмаларнинг ҳимоячи ва дарвозабоннинг ўртасига келиб тушиши унинг хавфини янада оширади. Пенальтини аниқ амалга оширишда ҳам ўзига жуда ишонади. Бу ҳам унинг устунлиги.
Яхшибоев – кучли чемпионатларда ҳам ўйнай олади
Юқорида келтирилган таҳлил натижалари, ҳужумчининг ўзига хос хусусиятлари Жасурни ўз жамоасининг муҳим қисмига айланганини кўрсатмоқда. У айрим камчиликларини ақлли ҳаракатлари эвазига яшира олади, устун томонларини ҳар қандай жамоа услубига мослаштира олади. Ҳозир, “Энергетик-БГУ” мусобақа жадвалида иккинчи ўринда бормоқда. Очколар рақиблар дарвозасига киритилган 14 та гол эвазига келган. Жасур эса ана шу голлардан 11 тасида бевосита иштирок этган. Кўп мутахассислар яқин келажакда Жасур Яхшибоевни кучли чемпионатлардан бирига кўчиб ўтишига ишонишмоқда. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»