07:16 / 28.06.2020
2 156

Яхшибоев фаолиятида қизғин давр бошланди ёхуд у қайси жамоани танлайди?

Яхшибоев фаолиятида қизғин давр бошланди ёхуд у қайси жамоани танлайди?
Европада ёзги трансферлар вақти яқинлашгани сари аксарият жамоалар ўзлари учун керак бўлган футболчиларни қўлга киритиш бўйича ҳаракатларини бошлаб юборди. Трансферлар ойнаси вақтида ҳар бир чемпионатда ўзига хос янгиликлар ва ўзгаришлар кўп бўлади.

Ўз олдига катта мақсадларни қўйиб, маҳорат ва салоҳиятини намоён этаётган футболчилар ҳам ўз меҳнатининг самарасини айнан трансферлар бозорида кўради. Мутахассис ва мураббийлар назарига тушган ўйинчиларга, албатта, харидор чиқади.

Катта умидлар билан Беларусь чемпионатига йўл олган Жасур Яхшибоевнинг ҳам бозори қайнай бошлади. Чемпионат айни қизғин палласига кирган бир пайтда ўзбекистонлик легионерларга Беларуснинг энг қудратли клублари – БАТЭ ва Минскнинг “Динамо”сидан чорлов бўляпти.

Хўш, бу клублар қандай мавқега эга?

Айтиш жоизки, БАТЭ ҳам, “Динамо” ҳам Беларуснинг қолган клубларига қараганда миллий чемпионатда энг кўп совринларни қўлга киритган ва Европа Чемпионлар лигаси ва Европа Лигасида энг кўп иштирок этган жамоа ҳисобланади.

БАТЭ ташкил этилганига кўп бўлгани йўқ. Бу клубга 1996 йилда асос солинган. Шундай бўлса-да, БАТЭ 15 карра мамлакат чемпионати ғолиби бўлган, тўрт маротаба мамлакат кубоги ва етти маротаба Суперкубокни қўлга киритган. БАТЭ Европа Чемпионлар лигасининг гуруҳ баҳсларига йўлланма олган Беларуснинг ягона жамоаси.

“Динамо” (Минск) Беларусь футболининг байроқдори. Собиқ Иттифоқ даврида 1982 йилда мамлакат чемпиони бўлган. Мустақил Беларусь тарихида етти бор чемпионликни нишонлаган ва тўрт карра мамлакат кубоги соҳиби бўлган. “Динамо” икки маротаба Европа лигаси гуруҳ баҳсларида тўп сурган. Чемпионлар лигаси саралаш баҳсларида қатнашган.

Жасур Яхшибоевни “Пахтакор”дан ижарага олган “Энергетик-БГУ” ҳамюртимиз учун Европа футболига пиллапоя вазифасини ўтаб бермоқда. Жамоасининг ва Беларусь чемпионатининг энг кучли футболчиларидан бирига айлана олган Жасур интервьюларидан бирида ҳали олдинда кучлироқ жамоалар ва чемпионатлардан таклиф бўлишини таъкидлаган эди. Шунингдек, ёш футболчимиз “Пахтакор”га қайтиш нияти йўқлигини ҳам очиқ-ойдин айтганди.

Гарчи илк маротаба легионер мақомида тўп сураётган футболчимизнинг ўйинида кейинги пайтда бироз сусайиш кузатаётган бўлса-да, Жасурнинг ўзи кўплаб мутахассис ва мураббийлар эътиборини қозониб улгурган. Албатта, унинг ўйинидаги пасайишни ёшлиги ва биринчи марта хориж чемпионатида тўп сураётгани билан изоҳлаш мумкин. Шу ўринда, ҳали ўзини ўнглаб олиши учун олдида етарлича вақт ва имконият борилиги ҳам бор гап.

Хуллас, Жасур Яхшибоев фаолиятида энг қизғин даврлар энди бошланди. Ўзбекистонлик футбол мухлислари Жасурдан Беларусь чемпионати орқали кучли лигаларга ўтиши ва Европа майдонларида тўп суришини кутади. Айни пайтда Жасурни ўз сафига таклиф қилаётган БАТЭ ҳам “Динамо” ҳам Европа миқёсидаги мусобақаларда суяги қотган жамоалар сифатида Жасурни “Кўҳна қитъа” яшил майдонларига олиб чиқиши мумкин.

Манба: Sports.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Яхшибоев фаолиятида қизғин давр бошланди ёхуд у қайси жамоани танлайди?