17:51 / 03.07.2020
2 092

Шаҳрам Ғиёсов- Франсиско Рохо имкониятлар қандай ёхуд уларнинг фаолияти ҳақида...

Шаҳрам Ғиёсов- Франсиско Рохо имкониятлар қандай ёхуд уларнинг фаолияти ҳақида...
Мана деярли бир йиллик танаффусдан сўнг, Рио Олимпиадасининг кумуш медаль соҳиби, ҳаваскор боксда жаҳон чемпиони Шаҳрам Ғиёсовнинг навбатдаги жанг санаси ҳам маълум бўлди. Профессионал бокснинг супер енгил вазн тоифасида (63.5 кг) WBA International чемпионлик камари соҳиби бўлиб турган Шаҳрам Ғиёсов, 15 август куни АҚШнинг Оклахома штатида “Machroom Boxing” промоутерлик компанияси томонидан ташкил этилаётган бокс оқшомида рингга кўтарилади. Дарвоқеа, ушбу бокс кечаси промоутерлик компаниясининг пандемия давридаги илк тадбиридир. Ўша куни юртдошимизга мексикалик анчагина тажрибали бўлган Франсиско Рохо рақиблик қилади. Хуллас, қизиқарли жанг бўлиши кутилмоқда.

Биз мазкур қарама-қаршилик борасида қисқача бўлса-да, сўз юритишни лозим топдик. Яъни, боксчиларнинг фаолиятига назар солган ҳолда, уларнинг рейтингдаги ўрни ва имкониятлари ҳақидаги ўз тахминларимиз билан ўртоқлашамиз...

Шаҳрам Ғиёсов профессионал боксдаги фаолияти давомида ҳозирга қадар 9 та жанг ( умумий 32 раунд) ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган. 7 бора (нокаутлар 77.78 фоиз) рақибларини муддатидан олдин мағлубиятга учратган. Шаҳрам ўзининг 8-жангида вакант бўлиб турган WBA International камари учун америкалик боксчи Эмануэль Тэйлорга (20-6, 14КО) қарши қийин жанг ўтказади. Шиддатли кечган баҳс давомида ҳамюртимиз бир нечта кучли зарбалар ўтказиб юбориб, бироз мувозанатни ҳам йўқотади. Aммо, тезда тикланди ва жанг охирига қадар иродасини ва чидамини кўрсатиш баробарида рақибидан устунликка эриша олди. Якунда, ҳакамлар бир овоздан 99-91, 97-93, 99-91 ҳисобида Ғиёсовнинг ғалабасини қайд этди ва у минтақавий камарни қўлга киритди.

Мазкур камарнинг илк ҳимоясини 2019 йил 15 августда жиддий рақиб, колумбиялик собиқ жаҳон чемпиони Дарлей Пересга (34-5, 22 КО) қарши ўтказиб, уни 30 сония ичида нокаутга учратди.

Бу галги рақиб Франсиско Рохога тўхталадиган бўлсак, у ҳам анчагина тажрибали боксчи ҳисобланади. Бироқ у ўзининг аксарият жангларини енгил вазн тоифасида (61 кг) ўтказган. Рохо профессионал фаолияти давомида 25 та жангдан (умумий 108 раунд) 22 тасида рақибларидан устун келган. 15 маротаба муддатидан аввал ғалаба қозонди (нокаутлар кўрсаткичи 60 фоиз). Шунингдек, унинг ҳисобида 3 та мағлубият ҳам бор. Рохо дастлабки мағлубиятини 6-жангида Омар Диасдан (3-2, 2 КО) кейинги икки муваффақиятсизликни эса, ўша вақт статистикасига кўра, мағлубиятсиз одимлаётган Эмануэль Лопес (9-0 Рохо билан бўлган жангга қадар бўлган ҳолат) ҳамда Райан Мартиндан(19-0 бу ҳам ўша вақтга қадарги натижа) очколар ҳисобида қабул қилиб олганди.

Рохо фаолияти давомида 2 бора минтақавий камарлар учун жанг қилади. Ҳусусан, у 2017 йил 4 февралда Данте Жардонга қарши вақтинчалик WBC Latino чемпионлик камари учун рингга кўтарилади ва 5-раундда нокаут эвазига ғалаба қозонади. Сўнгра ўша йилнинг 16 октябрида Геннадий Головкин ва Сауль Aльварес жанги андеркардида Райан Мартинга қарши енгил вазнда WBC Continental Americas ҳамда вакант WBA Inter-Continental камарлари учун беллашади. Ушбу тўқнашув тенг курашлар остида ўтган бўлса-да, якунда ҳакамларнинг биттаси 98-91 ҳисобида Рохо фойдасига, қолган икки ҳакам 94-95, 93-96 ҳисобида Мартинга ғалабани тақдим этишганди. Бир сўз билан айтганда, ушбу жанг ва рақиб Рохо учун фаолиятидаги энг қийини бўлганди.

Ушбу мағлубиятдан кейин, яна икки бора нисбатан ўртамиёна бўлган рақиблар Жон Карло Aперисиони 4-раундда ва Галвин Гуеррани 8-раундда муддатидан олдин мағлуб этади. Кетма-кет ғалабалардан сўнг, у бошқа жанг ўтказгани йўқ. Янада аниқроқ қилиб айтганда, 29 ёшли Рохо деярли икки ярим йиллик танаффусдан сўнг, яна рингга қайтмоқда ва ҳамюртимиз Шаҳрам Ғиёсовга рақиблик қиладиган бўлди.

Шаҳрам Ғиёсов WBA International чемпионлик камари соҳиби сифатида WBA рейтингида 7-ўринда қайд этилган. Боксчиларнинг статистикасини ўрганиб борувчи дунёдаги энг нуфузли “Boxrec” сайти рейтингида эса, ҳамюртимиз ўз вазнида 35-ўринда бормоқда. Унинг рақиби Рохо эса, узоқ вақтдан буён жанг ўтказмаганлиги сабабли, бирор бир йўналиш ҳамда норасмий рейтингларга ҳам киритилмаган. “Boxrec”да эса, у инактив яъни, фаолиятда эмас дея кўрсатилган.

Жанг бўйича тахмин:
Боксчиларнинг фаолияти мобайнидаги рақибларининг даражаси, салоҳиятлари ҳамда мексикалик чармқўлқоп устасининг узоқ муддатли танаффусдан сўнг рингга қайтиши, фаолиятини асосан енгил вазнда ўтказганини ва Ғиёсовнинг анчадан бери жангга тайёргарлик кўраётганлигини инобатга олган ҳолда, ушбу жангда юртдошимизнинг имконияти юқори эканлигини (муддатидан аввал ғалаба қозонишини) тахмин қилишимиз мумкин. Aлбатта, бу шахсий фикримиз ҳамда шунчаки қарашлар холос. Воқеалар ривожи қандай кўриниш олишини эса, 15 август куни билиб оламиз.

Жалол АҲМЕДОВ тайёрлади

Манба: Sports.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шаҳрам Ғиёсов- Франсиско Рохо имкониятлар қандай ёхуд уларнинг фаолияти ҳақида...